Bo'limsiz

Ғиждувонда пресс-тур: ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда

Ғиждувон туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида журналистлар тумандаги йирик саноат, туризм ва ижтимоий лойиҳаларни кўздан кечирдилар.

Иқтисодий ўсиш рақамларда

Ҳисоботларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида саноат ҳажми 2,2 трлн сўмга етган. Хорижий инвестициялар 52,7 млн долларни ташкил этган бўлса, экспорт ҳажми 21,9 млн долларга етган. Шу билан бирга, 255 та янги тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилган.

Иқтисодий натижалар аҳоли турмушида ҳам акс этмоқда: ишсизлик даражаси 5,3 %дан 4,9 %га пасайди, камбағаллик кўрсаткичи эса 8,8 %дан 7,2 %га тушди.

Туризм ва маданий мерос

Пресс-тур иштирокчилари “Қўрғон” туризм маҳалласини ҳам кўздан кечиришди. Бу ерда қадимий Бозори Қаймоқ масжидини музейга айлантириш, Арабон ва Шайх Тожиддин масжидларини реставрация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Олтинсой” экотуризм маскани ва “Зарафшон” соҳилбўйи дам олиш майдонида қурилиш ишлари қизғин кетмоқда. Бу лойиҳалар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам янги имкониятлар яратади.

Инфратузилма ва логистика

Президент ташаббуси билан амалга оширилган муҳим лойиҳалардан бири — 28 км узунликдаги янги темир йўл қурилиши. Бу темир йўл тумандаги эркин иқтисодий зонага тўғридан-тўғри логистика йўлини очиб берди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу йўл тадбиркорлар учун ташиш харажатларини 25–30 %гача камайтиради.

Пресс-тур иштирокчиларининг таассуротлари

Журналист ва блогерлар фикрича, туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар рақамларда эмас, балки кундалик ҳаётда ҳам сезилмоқда. Янгиланган йўллар, қурилаётган таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, замонавий дам олиш масканлари аҳоли учун қулайлик яратаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Ғиждувондаги ўзгаришлар, аввало, аҳоли турмуш сифати ва тадбиркорлик учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилаётгани билан муҳим. Пресс-тур шуни кўрсатдики, ислоҳотлар қоғозда эмас, балки ҳаётда самара бермоқда.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button