Маҳаллаларни чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз!
Бухоро шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази мажлислар залида Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан “Маҳаллаларни чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз!” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда ОАВ вакиллари, блогерлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоятдаги ташкилот ва муассасаларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Бухорода чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар ва ечимлар
Бугунги кунда Бухоро вилоятида чиқиндиларни бошқариш, санитар тозалаш хизматлари, экологик хавфсизликни таъминлаш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг 13 та туман ва шаҳрида фаолият олиб бораётган 3 та санитар тозалаш корхонаси — “Тоза ҳудуд” ДУК, “Аҳоли Транс” МЧЖ ва “Махсусавтохўжалик” МЧЖ — аҳолига мунтазам хизмат кўрсатмоқда.
Айни пайтда 516 та маҳалланинг 514 таси (99,6%) санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинган. Бу кўрсаткич 2,06 миллион аҳоли яшайдиган вилоятда 1,37 миллион киши санитар хизматлардан фойдаланаётганини англатади.
Қайта ишлаш даражаси ортаётгани қувонарли
2024 йил давомида аҳолидан жами 750 минг тонна чиқинди йиғилган бўлиб, шундан 352,3 минг тоннаси қайта ишланган ва иккиламчи хомашё сифатида иқтисодиётга қайтарилган. Бу умумий чиқиндиларнинг 47 фоизини ташкил этади. Ҳозирда ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш режалаштирилган.
Чиқиндилар таркиби ва таҳлили
Ўртача 1 киши йилига 285 кг маиший чиқинди ҳосил қилади. Уларнинг таркибий қисмлари:
- 122 кг (42%) органик чиқиндилар
- 71 кг (25%) қайта ишланмайдиган чиқиндилар
- 28 кг (10%) пластик
- 17 кг (6%) қоғоз
- 11 кг (4%) шиша
- 3,4 кг (1,2%) метал
- 3 кг (1,05%) йирик габаритли чиқиндилар
- 11 кг (3,8%) текистиль маҳсулотлари
- 18,6 кг (6,5%) бошқа чиқиндилар
Техника ва инфратузилма билан таъминланганлик
Санитар тозалаш ишлари учун вилоятда 195 та махсус техника жалб этилган бўлиб, ҳар бир техника ўртача 10 564 нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда жами 1181 та чиқинди контейнерлари ўрнатилган.
Қонунбузарликларга қарши кураш
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида 2024 йилда ўрнатилган кузатув камералари орқали 624 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 12 тани ташкил этди. Шунингдек, давлат инспекторлари томонидан 293 та қонунбузарлик қайд этилди.
Полигонлар ва рекультивация
Вилоятда жами 15 та маиший чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, 2025 йилнинг биринчи ярмида улардан 3 тасида тўлиқ рекультивация ишлари амалга оширилиб, фаолияти тўхтатилди.
Чиқиндилар муаммоси: фақат экологик эмас, ижтимоий хавф ҳам
Матбуот анжуманида чиқиндиларнинг ўз вақтида йиғилмаслиги нафақат табиат, балки соғлиқ, иқтисод ва жамият учун ҳам жиддий хавфлар келтириб чиқариши таъкидланди:
- Соғлиқ учун: бактерия ва вируслар тарқалиши, нафас йўллари касалликлари;
- Экология учун: ер ости сувлари ва тупроқнинг ифлосланиши, ёнғин хавфи;
- Иқтисодиёт учун: туризм ва инвестицияга зарар, тиббий харажатлар ошиши;
- Жамият учун: аҳоли норозилиги, айниқса болалар ва кексалар учун хавф.
Олдини олиш чоралари
- Чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаш маданиятини ошириш;
- Гигиена қоидаларига амал қилиш;
- Аҳлатни махсус контейнерларга ташлаш;
- Жамоатчиликни хабардор қилиш ва назоратни кучайтириш.
Муҳим мурожаат
Агар сиз чиқиндилар қонунга хилоф равишда ташланганига гувоҳ бўлсангиз, илтимос, фото ва видео далиллар билан Бухоро вилояти Экология бошқармасига мурожаат қилинг ёки (65) 225-31-04 рақамига қўнғироқ қилинг.
Эслатма: Чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 91 ва 91¹-моддаларига асосан жавобгарлик белгиланган.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олишди.