“Жонкелди йўли: Ваъдалар бор — амал йўқ, қарор бор — ижро йўқ, йўл бор — таъмир йўқ!”
Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудуди — Жонгелди маҳалласи. У ерда 960 000 гектар майдонда 760 нафар аҳоли яшайди. Бу ҳудуддаги 4Р-61 йўли нафақат йўл, балки инсонлар ҳаёти учун жон томиридек аҳамиятга эга. Бу йўл маҳаллани туман ва шаҳар марказлари билан боғлайдиган ягона асосий йўл ҳисобланади. Аммо афсуски, йиллардирки, бу йўл таъмирланишни кутмоқда. Кутмоқда… кутмоқда… аммо ҳеч қандай амалий натижа йўқ.
Расмий қарорлар бор, аммо йўл йўқ
Президент қарори бор. Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳам бор. Автомобиль йўллари қўмитасининг 2018 йилдаёқ расмий хат билан тасдиқлаган маълумотлари бор. 2018 йил 29 майда “Газли йўл қуриш-таъмирлаш” МЧЖ билан шартнома ҳам тузилган. Бу шартномага кўра 224-278 км оралиғидаги қисм тўлиқ таъмирланиши керак эди. 2024 йилнинг 1 январига қадар ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Аммо натижа қайда?
2025 йил бўлиб қолди — йўл ҳали ҳам ташландиқ ҳолда. У нафақат тўла таъмирланмаган, балки умуман дастурга ҳам киритилмаган. Савол: нега?
Оғир ҳаёт, оғир йўл — халқ қачонгача сабр қилади?
Жонгелди аҳолиси бу йўлдан фақат кундалик ҳаётида эмас, балки касалхонага, бозорга, давлат муассасаларига етиб бориш учун фойдаланади. Аммо бугунги кунда бу йўл халқ учун қийноқ йўлига айланган. Ёмғир ёғса ботқоқ, қишда музлаб, ёзда эса чанг тўфалан. Ёрдам сўраб чиққан фуқароларни ҳам йўл ўзи синаб қўяди.
Қандай қилиб бу муаммо ечимсиз қолди?
Жонгелди фуқаролари томонидан тайёрланган мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Жуманизович Раматовга ҳам етказилган. У киши ушбу ҳудудга ташрифи чоғида йўл 2025 йилги тўла таъмирлаш дастурига киритилишини шахсан айтганлар.
Бундан ташқари:
• Бухоро вилоят ҳокими Б. Зариповнинг 2025 йил 13 мартдаги 1/617-3-сонли хати
• Вазирлар Маҳкамасига юборилган Автомобиль йўллари қўмитасининг 2025 йил 14 апрелдаги №02-1687-сонли хати
барчаси мурожаат билан бирга юборилган. Лекин ҳеч қандай амалий натижа кузатилмаяпти.
Савол: Бу йўлни таъмирлаш кимга керак эмас?
• Нега 6 йил аввал имзоланган шартнома ҳануз амалга оширилмаган?
• Йўл таъмирлашдан кимдир манфаатдор эмасми?
• Ёки бу йўл айрим мулозимларга тегишли “эркатой” фирмалар иштирок этмаётгани учун, унинг амалга ошиши ҳеч кимга қизиқ эмасми?
• Чекка ҳудуддаги 760 аҳолининг овози эшитилмаслиги ортида қандай манфаатлар турибди?
• Қачонгача қишлоқ халқи “қараб тур”, “режада бор” деган сўзларга ишониб юриши керак?
Хулоса: Ваъдалар эмас, амалий иш керак!
Йўл — бу фақат асфальт эмас. Йўл — бу ҳаёт. Йўл — бу таълим, тиббиёт, иқтисод, хавфсизлик ва энг муҳими, инсон қадрини ҳурмат қилиш демакдир. Жонгелди аҳолиси йиллар давомида бу қадрни ҳис қилолмаяпти.
Ҳар йили миллиардлаб маблағлар ажратилаётган бир пайтда, нега 23 км йўлнинг таъмири муаммога айланди?
Агар ҳудуд мутасаддилари ва масъул ташкилотлар бу муаммони ҳал қила олмаса — унда бу тизимни қайта кўриб чиқиш вақти келмадими?
Диля Раджабовна