Бухорода кадастр соҳасида 2025-йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бухоро вилоятида Kadastr agentligi ҳамда Davlat kadastrlari palatasi ҳудудий бошқармалари томонидан 2025-йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда мутасаддилар ер ва кадастр назорати, аҳолига кўрсатилган хизматлар, 937-сонли Қонун ижроси ҳамда амалга оширилган хатлов ишлари юзасидан батафсил маълумот тақдим этдилар.

Ер назорати: 3 753 та ҳолат аниқланган
Маълум қилинишича, 2025-йил давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 3 753 та ҳолатда 108,5 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.

Энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари Бухоро шаҳри, Олот, Когон ва Ғиждувон туманларида қайд этилган.
Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2 574 та ҳолатда 43,7 гектар ер майдонидаги қонунбузилишлар ихтиёрий равишда бартараф этилган.
Ўз вақтида бартараф этилмаган ҳолатлар юзасидан 912 та даъво аризаси судларга киритилган. Шунингдек, жиноят аломатлари мавжуд бўлган 85 та ҳолат бўйича материаллар прокуратура органларига юборилгани қайд этилди.
Мутасаддилар “E-yer nazorat” автоматлаштирилган ахборот тизими, дронлар ва космик суратлар орқали назорат ишлари кучайтирилганини таъкидладилар.
937-сонли Қонун ижроси: 62 мингдан ортиқ объект хатловдан ўтказилди
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 937-сонли Қонуни ижроси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

Маълум қилинишича, вилоят бўйича 62 644 та объект хатловдан ўтказилган. Шундан 44 110 таси “UZKAD” ахборот тизимига, 22 745 таси эса “E’tirof” платформасига киритилган.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 2 042 та ҳолатда фуқароларнинг ер майдонига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда бино-иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган. 822 та ҳолатда эса кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.
2026-йилда вилоятнинг 99 та маҳалласида хатлов ишларини амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.
Кадастр хизматлари: 110 мингдан ортиқ мурожаат
Матбуот анжуманида кадастр хизматлари кўрсатиш бўйича ҳам статистик маълумотлар очиқланди.
2025-йил давомида:
70 650 та кадастр паспорти тайёрлаш бўйича ариза келиб тушган, шундан 37 792 таси ижобий ҳал этилган;
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 110 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, 62 532 таси қаноатлантирилган;
Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича 4 072 та мурожаатдан 1 474 таси ижобий ҳал этилган.
Шунингдек, 6 919 та бўш ер участкалари аниқланиб, уларнинг 629,3 гектари аукцион савдоларига чиқарилгани маълум қилинди.
Анжуман якунида мутасаддилар кадастр соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларга қулай хизмат кўрсатиш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидладилар.


