Болаларга беринг дунёни.
Бутун жахонда, ҳар йили 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” кенг нишонланади.
O‘zLiDeP Бухоро вилоят ва шаҳар Кенгашлари масъуллари ташаббуси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан Ҳалим Сафаров ва Жонибек Матниёзовларнинг саъй-ҳаракати билан вилоят онкология диспанцерида даволанаётган болажонлар учун байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрамона тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан шифохона бош шифокори Ғафур Саидов, маҳаллий Кенгаш депутатларидан- O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари, партия шаҳар Кенгаши раиси, партия вилоят Кенгаши бўлим мудири ва бошқалар Янги Ўзбекистон шароитида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аввало, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинганлигини, бунинг учун юртимизда барча шароитлар яратиб берилганлигини, O‘zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифалари орасида айнан шу масалалар ҳам етакчи ўрин эгаллаб турганлигини таъкидладилар.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида бугунги кунда 243 нафар беморлар даволанмоқда. Марказда 86 нафар малакали шифокорлар фаолият олиб боришмоқда. Вилоят бўйича шу кунгача 243 нафар бемор хавфли ўсма касаллиги бўйича диспансер назоратига олинган бўлиб, афсуски улар орасида ёш болалар ҳам бор. Марказда барча беморларнинг шифо олиб, ҳаётга қайтишлари учун етарли шароитлар яратилган. Бу ердаги бўлимлар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган.
Байрам муносабати билан ташкилотчилар томонидан болалар учун турли хил кўнгилочар тадбирлар ташкил этилиб, уларга бир қатор ширинлик ва пишириқлар улашилди. Ўзбекистон ёшлар агентлиги вилоят бўлими ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти ёш ижрочилари томонидан куйланган қўшиқ, ижро этилган рақслар бу ерда даволанаётган ўғил-қизлар ҳамда тадбир иштирокчиларига бир олам қувонч улашди. Шунингдек, байрамда иштирок этган барча болалар партия вилоят Кенгаши ва депутатларнинг совғалари билан тақдирландилар.
Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил қилувчи “Инсон қадри учун” тамойили, албатта, болаларга ғамхўрликни ҳам назарда тутади. Вилоят онкология диспансерида ўтказилган байрам тадбири анашу шу тадбирнинг тўла исботи сифатида яққол намоён бўлди.