Bo'limsiz

Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик — ҳар бир ходим ва фуқаронинг хавфсизлиги гаровидир

Инсон қадри юртимизда давлат миқёсидаги энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Инсон қадри деганда, аввало, унинг хавфсизлигини таъминлаш, муносиб иш шароитларини яратиш, тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтказиш ва саломатлигига доимий эътибор қаратиш тушунилади.

Президентимиз — юрт отаси томонидан инсон қадри масаласи доимий равишда устувор вазифа сифатида кўтариб келинмоқда. Шу мақсадда давлат дастурлари қабул қилиниб, барча раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйилмоқда.

Шу борада амалий ишлардан бири сифатида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Бухоро вилояти ташкилоти тренерлари томонидан «INTERNATIONAL BEVERAGES TASHKENT» МЧЖ (Pepsi компанияси)да муҳим ўқув машғулоти ташкил этилди. Машғулот корхона раҳбарияти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 апрелдаги 171-сонли қарори ижроси доирасида ўтказилди.

Ўқув жараёнларида 100 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар қамраб олинди. Машғулотлар давомида иштирокчилар фавқулодда вазиятлар — зилзила, кучли шамол, ёнғин ва бошқаҳ табиий ҳамда техноген офатлар юз берганда тўғри ҳаракат қилиш, хавф-хатарларни камайтириш, шунингдек, шифокоргача биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлишди.

Таъкидлаш жоизки, бахтсиз ҳодиса ҳеч қачон огоҳлантириб келмайди. Нохуш ҳолатлар юзага келганда эса инсон, аввало, ўзини, оила аъзоларини, фарзандларини, жамоасини ва атрофидагиларни ҳимоя қила олиши, биринчи ёрдам кўрсата билиши лозим. Бу — инсонпарварликнинг энг муҳим кўринишларидан биридир.

Афсуски, барча раҳбар ходимлар ҳам инсон хавфсизлиги масаласини тўлиқ англаб етяпти, деб бўлмайди. Шу жиҳатдан бундай ўқув машғулотларининг аҳамияти беқиёсдир.

Қувонарлиси, машғулотлар тажрибали ва малакали тренерлар томонидан олиб борилди. Бу эса ўқув жараёнларининг самарадорлиги ва сифати янада ошишига хизмат қилди. Ўқув якунида иштирок этган барча ходимларга махсус сертификатлар топширилди.

Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик — ҳар бир ходим ва фуқаронинг хавфсизлиги гаровидир.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button