Коррупцияга қарши кураш — адолатли жамият сари қадам
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва адолатли жамият барпо этиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Бухоро шаҳрида ёшлар ўртасида “Коррупция ва унинг оқибатлари” мавзусида ўқув-семинар ҳамда “Коррупциясиз жамият учун – бирдамликда!” шиори остида оммавий юриш марафони ташкил этилди.
Тадбир Бухоро шаҳар ёшлар марказида ўтказилиб, унда туман ва шаҳар ёшлар етакчилари ҳамда кўнгилли волонтёрлар фаол иштирок этди. Семинар давомида иштирокчиларга коррупциянинг жамият ҳаётига таъсири, унинг оқибатлари ва олдини олиш йўллари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ушбу ташаббус Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан амалга оширилаётган “Коррупцияга қарши кураш — адолатли жамият сари қадам” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа 30 миллион сўм маблағ билан ғолиб деб топилган бўлиб, айни пайтда турли тарғибот ва маърифий ишлар орқали амалга оширилмоқда.
Учрашув “Коррупцияга – йўл йўқ!” шиори остида ўтди ва ёшлар ўртасида фуқаролик онгини ошириш, ҳалоллик ва адолат қадриятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этди.