Bo'limsiz

Куржан қишлоғида “1,5 миллиард сўмлик лойиҳа” ортидан келаётган муаммолар: ким жавоб беради?

Таҳририятимизга Когон тумани Ниёз-Хожи МФЙ Куржан қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли ва ташаббускор томонидан мурожаат келиб тушди. Уларнинг айтишича, 2025 йил 1-мавсум доирасида 1 миллиард 495 миллион сўмлик кўча ёритиш инфратузилмасини янгилаш лойиҳаси ғолиб деб топилган бўлса-да, мазкур маблағларнинг мақсадли сарфланиши, лойиҳа бўйича амалий ишлар бажарилишида жиддий шубҳалар пайдо бўлган.

Лойиҳа тасдиқланган, маблағ ҳам ўтказилган… лекин бажарилган ишлар сифатсиз

2025 йил 26 мартдаги Халқ депутатлари Когон туман Кенгашининг VII-06-34-2-36-К/25-сонли қарорига мувофиқ, Куржан қишлоғида 5 дона трансформатор, 200 дона симёғоч, 12 000 метр SIP кабел ва 200 дона қуёш панелли чироқ ўрнатиш белгиланган.

Қарорга асосан буюртмачи ташкилот сифатида Когон тумани Ободонлаштириш бошқармаси белгиланган ва лойиҳа учун ажратилган 1 495 000 000 сўм миқдордаги маблағ бошқарма ҳисобварағига тўлиқ ўтказилган.

Когон туман Ободонлаштириш бошқармаси  ва Бухоро “Электро Техлойиҳа” МЧЖ билан 71,25 млн сўмлик смета-лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш шартномаси тузган. Маблағни шу корхонага тўлаб ҳам берган. Бироқ аҳоли таъкидлашича, лойиҳада кўрсатилган ишлар ўрнида бажарилмаган.

Тендер ўтказилмаган — “Шаффоф қурилиш” талаби бузилган

Қонунчилик талабларига кўра:

 -ПҚ–197, ПҚ–117,

 -Сенат Кенгашининг 666-IV-сон қарори,

 -ПҚ–425 қарори

асосида бюджет ҳисобидан олиб бориладиган қурилиш ва таъмирлаш ишлари фақат “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали электрон тендер савдолари орқали амалга оширилиши шарт.

Бироқ мурожаатда таъкидланишича, Ободонлаштириш бошқармаси:

— тендер ўтказмасдан,

— “Шаффоф қурилиш” тизимига маълумот киритмасдан,

— “Миллий дўкон” платформаси орқали харид амалга оширган.

Бу эса сенат қарори ва президент қарорлари талабларига мутлақо зид.

Трансформатор нархида катта фарқ: сунъий оширилганми?

Мурожаатдаги маълумотларга кўра:

 “Миллий дўкон” орқали ҳар бирининг нархи 92 млн сўм этиб кўрсатилган  4 дона трансформатор 368 млн сўмга харид қилинган.

 Аҳоли томонидан илова қилинган эксперт хулосасига кўра, ушбу турдаги трансформаторлар бозор нархи 61,88 млн сўм атрофида сотилади.

Яъни ҳар бир трансформаторда тахминан 30 млн сўмдан ортиқ қимматлаштириш йўли билан бюджет маблағларига зарар етказилгани эҳтимоли бор.

Аҳоли: “Ҳоким қабул қилди, аммо чора кўрилмади”

Қуржон қишлоғи аҳолиси таъкидлашича, ташаббускор фуқаро Когон тумани ҳокими О.Қазаков қабулларига кирган бўлса-да, масала бўйича ҳеч қандай амалий чора кўрилмаган, мурожаатлар жавобсиз қолмоқда.

Аҳоли қонунбузилишлар ўрганилиши, мансабдорларнинг жавобгарлиги масаласи бўйича юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётганини айтишаётир.

Хулоса: жавобгарлик ва шаффофлик талаб этилмоқда

Аҳоли ва ташаббускор мантиқий саволни қўймоқда:

 Агар лойиҳа учун бюджетдан 1,5 млрд сўм ажратилган бўлса — нега ишлар сифатсиз бажарилган?

 Нега тендер ўтказилмаган?

 Нега ускуналар сунъий равишда оширилган нархларда сотиб олинган?

 Нега масъуллар бу камчиликларни пинҳона қолдирмоқда?

Куржан қишлоғидаги вазият — ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида шаффофлик таъминланмаса, миллиардлаб маблағлар самарасиз ёки ноқонуний сарфланиши мумкинлигининг навбатдаги мисоли сифатида намоён бўлмоқда.

Таҳририят мазкур вазият юзасидан туман ва вилоят мутасаддиларининг расмий муносабатини ўрганишни давом эттиради.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button