Bo'limsiz

#тахрирсиз_мурожаат

АУКЦИОН ҒАЛАБАСИДАН СЎНГ БОШЛАНГАН ТАҚИБ: КОГОНДАГИ “СОҲИБКОР ДЕҲҚОН БОЗОРИ” ИШИ НЕГА ҲАНУЗ ЕЧИЛМАЯПТИ?

Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлиги Конституция ва қонунлар билан кафолатланган. Очиқ аукционлар эса адолатли рақобат, шаффофлик ва қонунийлик тамойилларига таянади. Бироқ амалиётда бу қоидалар ҳар доим ҳам ишлаётгани йўқ. Бунга Бухоро вилояти Когон шаҳридаги “Соҳибкор деҳқон бозори” атрофида юзага келган ҳолат ёрқин мисол бўла олади.

ҚОНУНИЙ АУКЦИОН — НОҚОНУНИЙ ОҚИБАТЛАР

“KOGON SAVDO MARKET PLYUS” МЧЖ 2021 йил 29 сентябрда “KOCHMAS MULK SAVDO XIZMATI” МЧЖ томонидан ўтказилган очиқ аукционда иштирок этиб, 154-сонли ғолиблик баённомаси асосида Бухоро вилояти Когон шаҳрида жойлашган, умумий майдони 2,05 гектар бўлган “Соҳибкор деҳқон бозори” мажмуасини 7 млрд 243 млн сўмга (ҚҚСсиз) сотиб олган.

Аукцион қонуний, тўловлар тўлиқ амалга оширилган, мулк “НБУ Бунёдкор Инвест” МЧЖга тегишли бўлган. Бироқ шундан кейин 10 ой давомида мулк ҳуқуқини расмийлаштириш сунъий равишда кечиктирилган.

ЕР МАЙДОНИ НЕГА ҚИСҚАРТИРИЛДИ?

Мулкдорга тегишли 2,05 гектар ер майдони ўрнига кадастр ҳужжатларида фақат қурилиш ва фойдаланиш майдони қисқартириб кўрсатилган. Натижада 1,75 гектардан ортиқ ер майдони мулкдор ихтиёридан чиқарилиб, кейинчалик учинчи шахсларга бериб юборилган.

Бу ҳолат:

 Ер кодекси,

 Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун,

 ҳамда аукцион шартларига зид эмасми?

Нима учун аукционда сотилган ҳудуд тўлиқ ҳажмда расмийлаштирилмади?

ЖИНОИЙ СУД ҚАРОРИ БОР, АММО…

2024 йил 11 декабр куни Қизилтепа туман жиноят ишлари бўйича суди ушбу иш доирасида мансабдор шахсларни Жиноят кодексининг 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбдор деб топди. Суд қарорида мулкдор жабрланувчи сифатида тан олинди.

Шу билан бирга:

 маъмурий судлар жиноий суд қарорини инобатга олмади,

 кадастр ва мулк ҳуқуқи тикланмади,

 зарар қопланмади.

Бу ҳолат суд қарорларининг мажбурийлиги тамойилига қанчалик мос?

БИЗНЕСГА БОСИМ ВА ҚЎРҚИТИШЛАР

Мулкдорнинг таъкидлашича:

 бозор ҳудудида қонуний қурилган соябонлар бузиб ташланган,

 электр таъминоти бозор кунлари ўчирилган,

 савдо ходимларига таҳдид қилинган,

 ер майдонида мулкдор розилигисиз 73 та савдо дўкони қурилиб, сотиб юборилган.

Бу ҳолатлар тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув эмасми?

АДОЛАТ ҚАЕРДА?

4 йилдан ортиқ вақт давомида турли идораларга мурожаат қилинганига қарамасдан, масала ҳал этилмаган. Ҳолбуки, давлат раҳбарияти доимий равишда:

 тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш,

 инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,

 хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлаб келади.

Аммо амалда, қонуний аукцион орқали сотиб олинган мулк учун ҳануз кураш олиб борилаётгани жиддий саволлар уйғотади.

Ушбу ҳолат фақат бир тадбиркор ёки бир бозор муаммоси эмас. Бу — қонунийлик, суд қарорларига ҳурмат ва хусусий мулк дахлсизлиги синовидир.

Жамоатчилик ва ваколатли органлардан қуйидагилар кутилмоқда:

 аукцион натижаларини тўлиқ тан олиш,

 2,05 гектар ер майдонини қонуний кадастр қилиш,

 етказилган моддий ва маънавий зарарни баҳолаш,

 мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига холис ҳуқуқий баҳо бериш.

Адолат тикланмас экан, инвестиция муҳити ва тадбиркорликка ишонч ҳақида гапириш қийин.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button