Bo'limsiz

Тупроққалъадаги жиноят иши: тергов нега муҳим ҳолатларни “кўрмаяпти”?

Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида юз берган жиноят иши юзасидан таҳририятимизга жабрланувчи сифатида эътироф этилган фуқаролар — Муҳаммадов Нуриддин Мадамин ўғли ва Ҳусенов Охун томонидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда келтирилган ҳолатлар эса ушбу иш доирасида олиб борилган тергов ҳаракатларининг тўлиқлиги, холислиги ва қонунийлиги борасида жиддий саволларни ўртага қўймоқда.

Айб фақат бир шахсга юклатилдими?

Мурожаатга кўра, Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ жиноят иши фақат Ж. Н ҳаракатлари билан чекланган ҳолда судга оширилган.

Ваҳоланки, суд жараёнида Қ .Ж, О. И.  ва ЙЖлар хизмат вазифасини бажараётган экология ходимларини уриб, уларга тан жароҳати етказгани ҳамда мажбуран автомашинага миндириб олиб кетгани гувоҳлар кўрсатувлари билан тасдиқланган.

Шу ўринда табиий савол туғилади:

агар ушбу ҳолатлар судда очиқ-ойдин тасдиқланган бўлса, нега мазкур шахсларнинг ҳаракатларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилмади?

Суднинг ўзи тергов камчиликларини тан олдими?

Ажабланарлиси, айнан дастлабки терговдаги ушбу бўшлиқлар сабаб суд ЎзР ЖПКнинг 416 ва 417-моддаларига асосан ҳимоячи томонидан киритилган илтимосномани қаноатлантириб, жиноят ишини қўшимча тергов ўтказиш учун туман прокуратурасига қайтарган.

Бу ҳолатнинг ўзиёқ дастлабки тергов жараёнида жиддий процессуал камчиликлар мавжуд бўлганини англатмайдими?

Оғир тан жароҳати нега “енгил” деб баҳоланди?

Жабрланувчиларнинг таъкидлашича, тергов жараёнида улар олган оғир тан жароҳатлари — хусусан, мия чайқалиши ва оёқ қисмидаги шикастланишлар суд-тиббий экспертиза хулосаларида акс эттирилмаган. Натижада ушбу жароҳатлар сунъий равишда енгил тан жароҳати сифатида расмийлаштирилган.

Ҳолбуки, тан жароҳатининг даражаси жиноятни тўғри квалификация қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу ҳолатга нега етарли эътибор қаратилмади?

Шикоятлар — фақат “жавоб хатлари” даражасидами?

Мурожаатда қайд этилишича, туман прокуратурасига бир неча бор киритилган шикоятлар мазмунан кўриб чиқилмасдан, стандарт жавоб хатлари билан чекланган.

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи амалда фақат “расмий жавоб” билан чекланиб қоляптими?

Ҳодиса жойидаги техник далиллар нега ўрганилмади?

Жабрланувчилар оғир тан жароҳати олган ҳолда ISUZU автомашинасидан сакраб қочган пайтда ҳодиса жойи яқинида ISUZU ва ZIL русумли автомашиналар ёнма-ён тургани тергов томонидан етарлича ўрганилмагани қайд этилган.

Шунингдек, ушбу автомашиналар ҳайдовчилари давлат рақам белгиси орқали транспорт воситасининг экология хизматига тегишли эканини билиб туриб ҳаракат қилган бўлиши мумкинлиги масаласи ҳам очиқ қолган.

Кўрсатувлар ким томонидан тайёрланган?

Энг хавотирли жиҳат — жабрланувчилар айрим кўрсатувлар тергов органлари томонидан тайёрлаб берилган бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳа билдирмоқда. Агар бу гумонлар асосли бўлса, терговнинг холислиги ва мустақиллиги қай даражада таъминланган?

Ҳануз ҳуқуқий баҳо берилмаган ҳолатлар

Мурожаатда қуйидаги муҳим ҳолатларга ҳозирга қадар ҳуқуқий баҳо берилмагани таъкидланган:

 -тортиб олинган уяли телефон бўйича ЎзР ЖКнинг 166-моддаси билан қўшимча квалификация берилмаган;

 –2003–2004 йилларда туғилган икки нафар фуқаронинг ҳаракатлари бўйича айбдорлик масаласи очиқ қолган;

 -гумонланувчилар ўртасидаги телефон алоқалари, SMS ёзишмалар ва пеленгация маълумотлари ўрганилмаган;

 -тан жароҳати етказиш ва автомашинани шикастлашда фойдаланилган жиноят қуроли аниқланмаган;

 -Муҳаммадов Нуриддин ва Ҳусенов Охунни ISUZU автомашинасига мажбуран юклаб, ўлдириш мақсадида олиб кетиш ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Сўнгги суд янгилиги

Маълум бўлишича, ушбу жиноят иши юзасидан бугун суд мажлиси бўлиб ўтган, унда илтимоснома киритилган, бироқ суд томонидан рад этилган.

Шу билан бирга, мурожаат муаллифлари мазкур иш бўйича Бош прокуратура ва Олий судга, шу жумладан, Саида Шавкатовнага ҳам расмий тарзда мурожаат йўллаганини маълум қилди.

Жамоатчилик назорати зарур

Жабрланувчилар жиноят ишини Хоразм вилояти прокуратураси томонидан қайтадан, тўлиқ ва холис ўрганиш, иш устидан ҳақиқий процессуал назорат ўрнатиш ҳамда мазкур ҳолатларни оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчилик назоратига олишни сўрамоқда.

Таҳририят мазкур иш атрофидаги воқеаларни кузатишда давом этади ва масъул идоралардан расмий муносабат кутади.

и

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button