Bo'limsiz

Тупроққалъа иши: суд айтган гапни тергов эшитадими?

Жорий йилнинг 13 январь куни таҳририятимиз Тупроққалъа туманида юз берган жиноят иши юзасидан жабрланувчилар мурожаатига асосланган мақолани эълон қилган эди. Унда тергов жараёнида йўл қўйилган эҳтимолий камчиликлар, бир қатор муҳим ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмагани ҳақида жиддий саволлар қўйилган.

https://t.me/tezkor_uz_yangiliklar/69330

Орадан кўп ўтмай, ушбу саволлар суд залидан ҳам янгради.

Суд муҳокамаси давомида аниқландики, дастлабки тергов органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25, 26 ва 27-моддалари, шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 11, 12, 16, 22, 26, 27, 90, 94, 95-моддалари талабларига тўлиқ риоя этилмаган.

Бу эса бир саволни яна кун тартибига чиқаради:

тергов қонунийликни таъминлаш ўрнига, осон йўлни танладими?

Экспертиза: ҳужжат бор, адолат йўқ?

Судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган суд-тиббий экспертлар ҳамда Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали шифокорларининг кўрсатувлари яна бир жиддий муаммони очиб берди.

Маълум бўлишича, жабрланувчилар — Муҳаммадов Нуриддин ва Ҳусенов Охуннинг касаллик тарихида қайд этилган бош мия ёпиқ жароҳати ва бош мия чайқалиши эксперт хулосаларида тўлиқ акс эттирилмаган. Натижада, тиббий жиҳатдан оғир деб баҳоланиши лозим бўлган жароҳатлар енгил тан жароҳати сифатида расмийлаштирилган.

Ҳолбуки, айнан тан жароҳатининг даражаси жиноят ишига бериладиган ҳуқуқий баҳо ва жавобгарликнинг оғир-енгиллигини белгилаб беради.

Мажбуран олиб кетиш — жиноят эмасми?

Суд жараёнида яна бир муҳим ҳолат ўз исботини топди: жабрланувчилар мажбуран юк автомашинасига миндирилган. Бу ҳолат гувоҳлар кўрсатувлари билан ҳам тасдиқланган.

Шу ўринда мантиқий савол туғилади:

агар инсонни зўравонлик билан автомашинага солиб олиб кетиш жиноят бўлмаса, унда жиноят дегани нима?

Афсуски, мазкур ҳаракатларга нисбатан ҳамон аниқ ва тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилгани йўқ.

Айб доираси нега тор?

Иш материалларидан кўринишича, бир гуруҳ шахсларнинг олдиндан келишиб, ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилгани, телефон алоқалари, ёзишмалар, жиноят қуроли масаласи етарлича ўрганилмаган.

Тергов эса айбни бир-икки шахс доирасида “ихчамлаш” билан чекланган.

Бу эса жиноят ишини ҳақиқий ҳолатлардан кўра, қулай сценарий асосида юритишга уриниш эмасми?

Суд қарор чиқарди — навбат прокуратурада

Энг муҳими, суд мазкур камчиликларни инобатга олган ҳолда жиноят ишини қўшимча тергов ўтказиш учун қайта прокуратурага юборди. Демак, суд ўз вазифасини бажарди.

Энди навбат — тергов органларида.

Жабрланувчилар ва жамоатчилик Хоразм вилояти прокуратурасидан ишни ҳақиқатан ҳам чуқур, холис ва қонуний ўрганишни, барча ҳолатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо беришни кутиб қолади.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button