BuxoroSud

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди

Ер-ризқ рўз манбаидир.Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.

Ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш чоралари кўрилаётган бир вақтда, айрим фуқаролар томонидан ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда иморатлар қуриб келинмоқда. Табиийки, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқи эътироф этиш ҳақидаги мурожаатлар сони кўпайиб, бундай қурилишларни бартараф қилиш ҳақида судларга киритилаётган даъво аризалар сони ортиб бормоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси
212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга – сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.

Яъни, ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкаси ўзга шахсга қонунда белгиланган тартибда ажратилган (унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган) бўлиши лозим, бундай ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқи иморат қурган шахсга эмас, балки ер участкаси эгасига эътироф қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора -тадбирлари тўғрисида”ги 08.06.2021 йилдаги ПФ-6243-сонли фармонига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2,3-қисмларига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эса — эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга эса — уч юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Демак, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, яъни қонунда белгиланган тартибда ўзига ажратилмаган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни қурилиши бир қатор салбий оқибатларга олиб келади.

Фуқаролар мулк ҳуқуқи қўлга киритаман деб, ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш ҳақидаги фикрдан холи бўлишлари уларнинг манфаатига хизмат қилади.

Баҳодир Эргашев,

Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Back to top button