Bo'limsiz

​​Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентнинг учта тумани ҳокимига ҳайфсан берди

Тошкентдаги учта туман ҳокимларига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тегишли фармойиши 16 сентябрь куни қабул қилинган. E-Qaror порталида эълон қилинган фармойишга «Gazeta.uz» эътибор қаратди.

Ҳужжатга кўра, Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашевга, Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимовга ва Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомовга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.

Ушбу ҳокимларга ҳайфсан берилишининг сабаби сифатида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтиришга йўл қўйганликлари кўрсатилган.

Давлат статистика қўмитасининг юқоридаги маълумотларига кўра, январь—июнь ойларида Юнусобод, Янги Ҳаёт ва Мирзо Улуғбек туманларида физик ҳажм индекси кескин пасайган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг августида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентнинг 5 та тумани ҳокимига ҳайфсан берган. Ўшанда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашев, Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев, Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Махаметов, Юнусобод тумани ҳокими Раҳмонбек Усмонов ва Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов ушбу интизомий жазога тортилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи ўша йилнинг июлида коронавирусга қарши курашни самарали ташкил қилмагани учун Шавкат Мирзиёевдан ҳайфсан олган.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button