Bo'limsiz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси мустақиллигиининг 30 йиллиги муносабати билан мамлакат Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга қутловлар йўллаб, уларга ва қардош Қозоғистон халқига ўзинининг энг эзгу тилакларини билдирди.

Мактубларда ўтган давр мобайнида мамлакатда барқарор ўсишни таъминлашга қаратилган тизимли ва кенг қамровли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда дўст Қозоғистон давлати барча соҳаларда юксак тараққиётга эришаётгани қайд этилган.

“Асрлар давомида халқларимиз ўртасида давом этиб келаётган ўзаро аҳиллик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётгани бизни айниқса қувонтиради”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Президентимиз жорий йил 5-6 декабрь кунлари Қозоғистонга амалга оширилган давлат ташрифи давомида кечган очиқ ва сермаҳсул музокараларни алоҳида қайд этди.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида имзоланган декларация, самарали мулоқот механизмларини яратиш ташаббуслари, қатор йирик қўшма лойиҳалар бўйича эришилган муҳим келишувлар, келгуси йилнинг мамлакатимизда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши, ҳеч шубҳасиз, яқин дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги алоқаларимизни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.

Мактублар якунида Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга сиҳат-саломатлик, туганмас куч-қувват ва янги зафарлар, биродар Қозоғистон халқига эса тинчлик-омонлик, фаровонлик, бахту-саодат ва доимий тараққиёт тилаклари изҳор этилган.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button