Bo'limsiz

ҚАРЗ АЛДАШ ВА АДОЛАТ ИЗЛАШ: БУХОРОЛИК ТАДБИРКОР УЧ ЙИЛДАН БЕРИ ПУЛЛАРИНИ ОЛОЛМАЙ ЮРИБДИ




Таҳририятимизга Бухоро шаҳри, Файзиобод 158-уйда яшовчи тадбиркор — Ҳамидов Амин Анварович томонидан мурожаат келиб тушди.

Бухоролик тадбиркорнинг сўзларига кўра, у 2012 йилдан буён “Газпром” корхонаси ходими сифатида ўзини таништирган шахс томонидан алданиб келмоқда.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, мазкур шахс аввал “авто эҳтиёт қисмларини қарзга олиш” баҳонаси билан жами 11 144,5 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни қарзга олган. Бир неча кун ичида пулни қайтараман деган ваъдаси бажарилмаган.

Кейинроқ у шахс тадбиркорни яна ишонтира олиб, “Газпромнинг Тошкентдаги филиали учун авто шиналар керак” деган баҳона билан қўшимча 12 000 долларлик товарни ҳам қарзга олган. Натижада умумий қарз 23 144,5 АҚШ долларини ташкил этган.

Тергов ишлари ва чексиз ваъдалар

Жабрланувчининг айтишича, у 2023 йилда Бухоро шаҳар Ички ишлар бўлимига расмий шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Тергов бошланган бўлса-да, натижа чиқмаган.

Ички ишлар терговчиси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этилгани ҳақида қарор чиқарилган. Аммо тадбиркор бу қарордан норози бўлиб, Бухоро шаҳар ва вилоят прокуратурасига бир неча бор шикоят билан мурожаат қилган.

Прокуратура материалларни назорат тартибида ўрганиб, қарорни асоссиз деб топиб бекор қилган, аммо ички ишлар органлари “ҳали материал бизга келмаган” деб ишни чўзиб келаётгани айтилмоқда.

Шикоятчи сўнгги 10 йил ичида бир неча марта алдовга учраганини, қарздор шахс доим янги баҳоналар билан ваъдалар бериб келаётганини таъкидламоқда.

Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси, тадбиркорликдаги ишонч ва давлат органларининг жавобгарлик даражаси ҳақида жиддий саволларни ўртага қўяди.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у фақат битта нарсани сўрайди — адолатли тергов ва ҳаққини қонуний йўл билан қайтариш.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button