Bo'limsiz

АДОЛАТ ВА ҚОНУНИЙЛИК – ХАЛҚ ВА МАМЛАКАТ ХОТИРЖАМЛИГИНИНГ АСОСИДИР

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд мустақиллигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.Жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!” дея таъкидлагани бежизга эмас. Чунки, ҳар бир инсон ўз ҳаётида адолат деб аталмиш муқаддас неъматга эришишга интилади. Ўз-ўзидан маълумки, адолат, қонунийлик ва одил судлов тушунчалари бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни айрича ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Жамиятда қабул қилинаётган ҳар бир қонун авваламбор адолатли бўлиши лозимлиги каби, Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилаётган суднинг ҳар бир ҳукми ёки қарори ҳам шундай бўлиши шарт. Халқимизнинг “Адолат қиличи кесган қўл оғримас” деган мақолида ҳам айни шу эзгу маъно мужассамдир. Адолатсизлик қарор топган жамиятда адолатга бўлган ишонч йўқолиб, унинг ўрнини қонунга итоатсизлик, зўравонлик, коррупция каби иллатлар эгаллаши шубҳасиздир.Таъкидлашимиз лозимки, адолатли жамият барпо этишдек халқимизнинг ўлмас орзуси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида ҳам ўз аксини топган. Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат қуриш эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққан.Адолатли жамият қуриш деганда – жамиятда қонунлар сонининг кўплигини эмас, балки уларнинг самарали ишлашини йўлга қўйиш, энг асосийси қонунларни адолат манбаи ва мезони сифатида шакллантириш тушунилади. Ана шу йўл билангина жамиятда коррупциянинг кенг томир отишининг олдини олиш мумкин.Қайд этишимиз лозимки, суд ҳокимияти коррупцияга қарши курашишда алоҳида ўрин тутади. Чунки, суд ҳокимияти ўзининг бир қанча муҳим белгилари билан давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ажралиб туради. Шу белгиларни ҳисобга олганда, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа механизмларга нисбатан афзалликлари, шак-шубҳасиз, жуда муҳимдир. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида суд ҳокимияти ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси сифатида жамиятда ижтимоий адолатни ўрнатадиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган мустақил институтга айланди. Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, унинг адолатни қарор топтириш, таъбир жоиз бўлса оқни оқ, қорани қора деб холисона, адолатли ҳукм чиқариш борасидаги фаолиятига четдан бирон-бир тарзда аралашувга йўл қўймаслик, тизимда коррупция вужудга келишининг олдини олиш борасида тизимли равишда ишлар амалга оширилмоқда.Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунидаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармонида белгиланган коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларнинг энг биринчиси сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш белгилангани ҳам бежизга эмас. Чунки, айнан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўли билангина жамиятда адолатни тўла қарор топтириш ва коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин. Судьянинг мустақиллиги, холислиги, беғаразлиги, ҳалол ва поклиги, адолатлилиги, ҳар бир жамият учун ўта долзарб масала бўлиб келган ва ҳозирда ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Шу маънода, ушбу видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев жойлардаги раҳбарларга қарата “Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор, биринчи навбатда, ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” дея таъкидлади. Эндиликда, муҳтарам Президентимизнинг ушбу таклифи асосида судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Таъкидлашимиз лозим, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, туман (шаҳар) судлари томонидан шахсларнинг асоссиз жиноий жавобгарликка тортилишининг олди олинмоқда ва уларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланмоқда. Хусусан, вилоят судлари томонидан 2017-2019 йиллар ва 2020 йилнинг 6 ойи давомида жами бўлиб 193шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ушбу рақамлар бироз кеч бўлсада, адолат тантанаси қанча оилаларга қувонч олиб келганидан дарак беришини тасаввур қилиш қийин эмас. Оқлов ҳукмларининг чиқарилиши одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Лекин, йиғилишда таъкидланганидек халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидан тўлиқ рози дейишга ҳали асос йўқ. Мазкур йиғилишда муҳтарам Президентимиз томонидан соҳада амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилдики, уларнинг пировард натижаси халқни рози қилишдан иборатдир. Хусусан, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича ўқитиш, тергов сифати ва ходимлар малакасини ошириш мақсадида Тергов институтини ташкил этиш ва терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талаблар ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш, суд мажлисида тергов жараёнидаги хатолар аниқланганда прокурор ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечиш тартибини жорий этиш таклифлари билдирилди.Шунингдек, фуқаролар, тадбиркор ва инвесторларни ортиқча сарсон қилмаслик ва уларга қулайлик яратиш мақсадида, халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, ушбу йиғилишда Президентимиз томонидан суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан воз кечиш ва судьянинг адолатли қарор қабул қилишга таъсир кўрсатувчи омиллардан бири – Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифиҳам илгари сурилди. Ўйлаймизки, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва юқоридаги йиғилишда муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар жамиятимизнинг ҳар бир аъзосида мутафаккир шоир Алишер Навоий таъкидлаганидек “Адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асосидир” деган эзгу ният пайдо бўлишига хизмат қилади.

Сухандиёр Рўзиев, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари Жалол Садиров, жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button