Buxoro

Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг бош мутахассислари томонидан 7 – оилавий поликлиникаси шифокорлари иштирокида Бухоро шаҳар 57 – ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жорий йилнинг 29 март куни Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг бош мутахассислари томонидан 7 – оилавий поликлиникаси шифокорлари иштирокида Бухоро шаҳар 57 – ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотининг жами 60 нафар тарбияланувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Мазкур тиббий кўрик жараёнида барча болалар лаборатор текширувлардан ўтказилиб, уларда жами 120 та касаллик аниқланди. Жумладан, 68 та кўз касалликлар (туғма катаракта, ғилайлик, анофтальм), 20 та руҳий ва нутқий ривожланишдан орқада қолиш, 11 та туғма сенсоневрал карлик, 9 та ортопедик, 6 та стоматологик ва 6 та хирургик касалликлар тасдиқланди. Касаллик аниқланган болаларнинг 45 нафарига амбулатор ва 15 нафарига стационар шароитда даволаниш тавсия этилди.
Тиббий кўрик натижасида 8 нафар туғма сенсоневрал карлиги бўлган болаларга республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида кохлеар имплантация юқори технологик операцияси амалга оширилиши, чурраси бўлган 6 нафар болаларни Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ҳамда 1 нафар болага республика ихтисослаштирилган кўз микрихирургияси илмий – амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида стационар шароитда даволанишлари бўйича тегишли даволаш-соғломлаштириш режалари тузиб олинди.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари томонидан ташкилот ишчи ходимлари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хусусан жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни эрталаб ва кечки овқатдан сўнг пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш юзасидан давра суҳбатлар ўтказилди ҳамда соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича батафсил тушунча бериб ўтдилар.
Шу билан бирга, болаларга эрталабки бадантарбия машғулотларини мунтазам бажариб боришлари, тозаликка риоя қилишлари, уйқудан олдин ва эрталаб тишларини албатта ювиш лозимлиги ва қўл ювиш тартиблари юзасидан суҳбатлар ўтказилди.
Бу каби чуқурлаштирилган тиббий кўриклар шаҳримизнинг барча мактабгача таълим ташкилотларида ва умумтаълим мактабларида режа асосида тизимли равишда ўтказилиши йўлга қўйилган.

Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг амбулатория-поликлиника хизмати бўйича ўринбосари, Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника мудири – Хушнуд Абдукаримович Жалилов

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button