Buxoro

БУХОРОЛИК ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ХАЁЛИ МУКОФОТДА ЭМАС! Аммо, улар ўнг кўз билан қарашга муносибдирлар!

Августь ойининг охирги ҳафтасида “Daryo.uz” интернет нашри топшириғи билан Термиздаги ўзбек-афғон чегарасини бирлаштириб турувчи “Ҳайратон” сари отландик. Хизмат сафарининг иккинчи кунида бош муҳарриримиз бир нечтамизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланганимизни билдирди. Бошқаларни билмадим, мен хурсандчиликдан сакраб юбордим. Сафардошларимизнинг ҳам кайфияти кўтарилди. Бироқ, Афғонистон билан чегарада хизматга сафарбар этилганимиз сабаб Миллий матбуот марказида ўтказиладиган тантанали тақдирлаш маросимига иштирок эта олмадик.

… Мен эса ўз ходимларини доим қўллаб-қувватлаган, эътиборидан четда қолдирмаган, касб тақозоси билан бирор бир камчиликка йўл қўйсак-да, уни тузатишимизга имкон бериб, журналистикада тоблантираётган “Daryo.uz”дан миннатдорлигимни айтиб чарчамайман…

Хизмат сафаридалигимизда худди шу кўкрак нишони республикамизнинг барча ҳудудларидаги бошқа ҳамкасбларимизга ҳам топширилаётган бир пайтда, қўл телефоним жиринглаб қолди. Ёш журналист дўстим. У телефон орқали нега кўплаб эл назаридаги жамиятга хизмати тегаётган ва асл меҳнат қилаётган бухоролик ҳамкасбларнинг биттагина кўкрак нишонига лойиқ кўрилмагани, бу унда журналистикага бўлган лаёқатини сўндириб ташлаганини билдирди.

  • Жуда кўплаб тажрибали ҳамкасбларимиз, устозлар эътибордан четда қолиб кетди. Эртага мен ҳам ёшим ўтиб, соҳадан қадр топмаслигимни кўз олдимга келтирдим,-деди сўзини давом эттирар экан ёш ҳамкасбим.

Мен эса:

  • Қайтага сен ҳаракатингни, лаёқатингни ошир ва келгусида бугун кимларнингдир хатоси ва эътиборсизлиги билан соҳада қадр топмаган ҳамкасблар ва журналистикада сочи оқарганлар кўксига, нафақат, нишон, балки орден ва медалларни ҳам ўзинг тақиб қўйиш учун кураш,-дедим. Ва кўкрак нишони берилмагани бу журналистика даргоҳида журналистнинг қадри йўқ, деган маънони англатмаслигини тушунтирган бўлдим.

Гўшакни қўйди.

Кейин ўзим анча ўйланиб қолдим. Ёш журналист дўстим, аслида, тўғри айтган эди. Соҳада ишлаб, Халқ ва Ҳақ орасида ҳалак бўлиб юрган кўплаб тажрибали бухоролик ҳамкасбларнинг “30 йиллик” кўкрак нишонига лойиқ кўрилмаганидан оғриндим. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркибига қайси ҳамкасбларнинг исми-шарифи “муҳрланган”у, кимларники “крест”ланган, билмаймиз. Бу, албатта, номзодларни ишчи-гуруҳга тақдим этган ташкилот ёки Журналистлар уюшмасининг виждонига боғлиқ. Соҳада 25-30 йил, балки ундан-да, ортиқ меҳнат стажи билан жонфидолик қилиб келаётган “Жондор овози”, “Галаосиё овози”, “Когон ҳаёти”, “Бухоро оқшоми”, “Қоракўл садоси”, “Олот ҳаёти” ва бошқа босма нашрлар бош муҳаррирлари “Истиқлол” телевидениеси жамоаси, қатор республика нашрлари вилоят мухбирлари кўз олдимдан ўтди. Афсуски, журналистика нима эканини тушунмаган ва кечагина қайсидир ташкилот ёки идорага ишга келган матбуот котибининг виқор билан нишонни кўксига қадаганча ғоз юриш қилиб, уларнинг олдидан ўтишини ўйга сиғдириш қийин. Қоғозга мукка тушганча, ҳар бир сўзни қайта-қайта ўқиган, бир жумла устида тонг оттирган, ижарама-ижара юрса-да, сув ва нонга шукроналик қилиб, чорак асрлаб соҳага ўзини бағишлаган фидокор газетчилар, уч дақиқалик лавҳа, деб кун-узун компьютер олдидан жилмаган ҳамкасбларим кўкрак нишонигинамас, ундан ортиғига лойиқ, аслида.

  • Наҳотки, мен жамият ижтимоий ҳаётига ҳеч қандай аҳамият келтирмаганман?! Ўрни келганда, айтиш жоизки, мустақиллик учун кучимиз етгунча курашганмиз, ёзганмиз, шунга талпинганмиз. Ахир, шу жамият орасида борман-ку! Билмадим, Бухорода журналистларни қўллаб-қувватлаш жуда оқсоқ. Бошқа гапим йўқ!-дейди умрини газетачиликка сарфлаган ҳамкасблардан бири.

Ҳа! Ҳақиқатнинг ёпиқ эшиклари ортида сукутда бўлган бухоролик журналистларнинг меҳнатини, ички кечинмаларини бир ҳовуч тўралар асло тушунмайди. Журналист — мансабдор эмас, у қалбнинг меъмори, холос. Одамларнинг дарду-ташвиши, муаммоларини бартараф этса, кимгадир яхшилик қилса, тунда тинч ором ола биладиган, уйқуси татийдиган касб эгаси у. Адолатни сўзлагани учун, айрим лавозимдорларнинг оромини бузгани учун “ёмон одам” бўлишга ҳам тайёр жасорат эгаси у. Иброҳим Ҳаққул айтганидек, ҳақиқатни куйловчи, кафани елкасида бўлган фидоий у. Бундай журналистлар Бухорода кўп.
Афсуски, виждони уйқудаги чалакўзчилик Бухоро журналистларининг оғриқли нуқтасига айланган. “Тўртинчи ҳокимият” деган баландпарвозлик қурбони у. Кўзбўямачилик ортида одамларнинг поймол қилинган ҳуқуқларини тиклаб бериш учун елиб-югурадиган журналистнинг ўзи имтиёздан маҳрум.

  • Қашқадарё вилоятида элликдан ортиқ, Самарқандда юздан ортиқ журналистларнинг вилоят раҳбари томонидан “30 йиллик” кўкрак нишони топширилганини ҳавас билан томоша қилдим….,-деди уларга ҳавас билан чуқур хўрсинганча яна бир ҳамкасбим.

Куни кеча бироз кечикиб бўлса ҳам “Daryo.uz” нашридан ўзимга тегишли бўлган кўкрак нишонини олиб қайтдим. Бошқалар қатори мен ҳам унинг расмини ўша заҳотиёқ интернет саҳифаларига “муҳр”ламоқчи бўлдим. Аммо, юрагим алланечук бўлди. Чунки ҳақиқатан ҳам жонфидо кўплаб ҳамкасбларимнинг Бухорода қўллаб-қувватланмагани учун хижолатлик билан бироз ортга чекиндим. Лекин, ўйлаб қолдим: ахир мен ҳам фаолиятим давомида олган мукофот ёки кўкрак нишони бўлмасин, уни Бухоро журналисти бўлсам-да, уларга республика нашрлари томонидан қўллаб-қувватланганим эвазига эришдим. Уларнинг барини эса айнан вилоят масъулларининг чапкўзи остида қолиб кетаётган 50 дан ортиқ бухоролик фидоий ҳамкасбларимники ҳам, деб биламан.

Ва шуни унутмайликки, Бухоро журналистлари ҳеч қачон мукофот хаёлида бўлган эмас!

Лайло Хайитова.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Back to top button