Bo'limsiz

ДАЪВО МУДДАТИ: ҚОНУНЧИЛИККА БИР НАЗАР

Вақт – олий ҳакамдир! Дарҳақиқат, вақт инсон ҳаётидаги муҳим лаҳзаларни унинг хотирасида муҳрлаши билан боғлиқ ҳодиса бўлиб, уни ортга қайтариб бўлмайди. Бугунги шиддат билан рвиожланаётган даврда вақтнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Чунки, вақтдан унумли фойдаланиш инсонга фойда келтирса, вақтни ўтказиб юбориш уларнинг зарарига ишлайди. Чунончи, вақтнинг ўтиши қонунчилигимизда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича мурожаатларини қаноатлантиришдан рад қилишга асос бўлишини таъкидлайди.  

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-кичик бўлими даъво муддати, муддатларни хисоблаш масаласига бағишланган бўлиб, унга кўра даъво муддати бу шахс ўзининг бузилган хуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан химоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Қонунчилигимизга кўра, умумий даъво муддати уч йил этиб белгиланган.

Айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Даъво муддатлари ва уларни хисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Бузилган хуқуқни химоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш хақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

Даъво муддати шахс ўзининг хуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар қонунлар билан белгиланади.

Қонун хужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек суд томонидан тайинланадиган муддат календар сана билан ёхуд йиллар , ойлар, хафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади.

Даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъи назар, бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга хақли эмас.

Асосий талаблар бўйича даъво муддати ўтиши билан қўшимча талаблар (неустойка, гаров, кафолат ва шу кабилар) бўйича даъво муддати хам ўтган хисобланади.

Даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:

шахсий номулкий хуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни химоя қилиш хақидаги талабларга, қонун хужжатларида назарда тутилган холлар бундан мустасно;

омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

фуқаронинг хаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш хақидаги талабларга. Даъво муддати ўтганидан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш хақидаги талабларига;

мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз хуқуқини хар қандай бузишларни, шу жумладан эгалик қилишдан махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузишларни, бартараф этиш хақидаги талабларига;

мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни хамда бошқа қимматбахо объектларни қайтариб бериш хақидаги талабларга;

қонунда белгиланган холларда бошқа талабларга.

Халқаро тажрибани ўрганадиган бўлсак, даъво муддатига бўлган муносабат бизнинг қонунчилигимиздан бироз бошқачароқ. Масалан, Англия ва Уелсдаги фуқаролик даъволари билан боғлиқ масалалар 
1980 йилда қабул қилинган “Чеклаш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади ва унда ҳар бир иш бўйича алоҳида муддатлар белгиланган. 

Жумладан, агар қарз берувчи ҳеч қандай тўлов олмасдан олти йил ўтишига йўл қўйган бўлса, қарзни ундириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинади. Шунингдек, болаларнинг олган жароҳатлари учун етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддатини ҳисоблаш  улар 18 ёшга тўлганларидан сўнг бошланади. 

Туҳмат қилганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддати 1 йил ҳисобланади. 

Бундан кўринадики, Англияда даъво муддати алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида эса бундай ҳужжат мавжуд эмас, лекин бунга эҳтиёж катта. 

Гарчанд, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида даъво муддатининг умумий тушунчаси ёритилган бўлсада, Меҳнат кодексида даъво муддати алоҳида, Оила кодексида алоҳида қилиб белгиланган. 

Бу борада барча қонун ҳужжатларини бир-бирига мувофиқлаштириб, ягона қонун ҳужжати, яъни “Даъво муддати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишзарурати мавжуд деб ҳисоблайман. 

Бундан ташқари, қонунчилигимизда даъво муддати турлича бўлиб, баъзида улар бир-бирини истисно қилиб келади. 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 
164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчаси қуйидагигатарифланган:

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасида эса никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли Қарорининг 28-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддаси биринчи қисми) деб кўрсатилган.

Чунончи, Оила кодексининг 23-моддасига асосан эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. 

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Гарчанд, Фуқаролик кодекси билан мулк ҳуқуқи муддатсизлиги белгиланган бўлсада, Оила кодексининг мазкур нормаси мулкдорнинг мулк ҳуқуқларини чекланишига олиб келмоқда. 

Қонунчилигимиздаги бир-бирига зид бўлган нормаларни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 
27-моддаси 9-қисмини никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан даъво муддати қўлланилмайди, деб баён қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Бухоро вилоят суди судьяси​Сарвиноз Қамбарова 

ФИБ Когон туманлараро 

суди судьяси​Улуғбек Қаландаров

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button