Jinoyat

​​ДХХ Тошкент шаҳрида гиёҳвандликка қарши тезкор тадбирлар ўтказди

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ва шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда пойтахт туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди.
Натижада Чилонзор, Олмазор, Миробод, Юнусобод, Яккасарой туманларида фаолият юритувчи дорихоналар эгалари ва ходимларидан иборат жами 18 нафар шахс кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хусусан, Миробод туманида жойлашган дорихоналардан бирида ноқонуний сотилаётган 399 дона “Зардекс”, 49 дона “Карбамазепин-ФС” ва 20 дона “Тебантин” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Чилонзор туманидаги дорихоналарнинг бирида ўтказилган текширув натижасида эса 2080 дона “Карбамазепин-ФС”, 434 дона “Регапен”, 265 дона “Зардекс”, 244 дона “Тропикамид” дори воситалари мусодара қилинди.
Шунингдек, бундай дори воситаларини Тошкент шаҳрига олиб келиб, тарқатиш ҳамда сотиш билан шуғулланган 22 нафар шахс ҳам қўлга олинди.
Хусусан, Миробод туманидаги меҳмонхоналарнинг бирида ўтказилган тезкор тадбирда наманганлик 2 нафар фуқаро жойлашган хона кўздан кечирилганда, унда 3690 дона “Зардекс” дори воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахсларга бу турдаги дори воситаларини сотиш билан шуғулланиб келган икки фуқаро ҳам қўлга олиниб, улардан
1 гр. “гашиш”, 2 дона “Зардекс”, 3 дона “Карбамазепин-ФС”, 4 дона “Тропикамид” ва 46 дона “Регапен” олиб қўйилди.
Пойтахт ҳудудида кузатилган яна бир ҳолатда эса 1989 й.т. фуқаро 10.000 дона “Зардекс” дори воситасини 6000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 5571 дона “Регапен”, 14522 дона “Зардекс”, 2132 дона “Карбамазепин-ФС”, 1162 дона “Тропикамид”, 22 дона “Тебантин” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Хорижда ишлаб чиқарилган ушбу дори воситалари контрабанда йўли билан қўшни давлатлар ҳудудидан мамлакатимизга олиб кирилган.
Таъкидлаш лозимки, кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган ушбу фуқаролар орасида муқаддам бу турдаги қонунбузарликларни содир этганликлари учун қидирувда бўлган ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйган шахслар ҳам бор.
Ҳозирда мазкур шахсларни жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button