Buxoro

Фуқаролик процессуал қонунчилигидаги янгиликлар

Мамлакатимизда ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, уларнинг ўзагида вужудга келаётган янги судга оид низолар, электрон ахборот алмшинувининг тараққий этиб бориши, кенг тармоқли инвестициявий муҳитнинг яратилиши ўз навбатида фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятида ҳам янги тартибларни жорий этишни тақозо этмоқда. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрдаги ЎРҚ-716-сонли Қонунига асосан бир қатор процессуал қонунлар қатори Ўзбекистон Республикаси Фуқарлик процессуал кодексига ҳам “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” ҳақидаги янги боб киритилиб, амалиётга татбиқ этилиши белгиланди.
Мазкур норма талабига кўра эндиликда, даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим бўлади.
Юқоридаги тоифада судга тақдим қилинган аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.
Суд аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиши зарурлигини кўрсатади.
Суд ажрим билан бир вақтда жавобгарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.
Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли бўлиб, бундай ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Аҳамиятлиси шундаки, соддалаштирилган иш юритиш тартибида ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди ва бу албатта судга мурожаат қилувчиларнинг талаблари тезроқ ҳал этилишини англатади.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд белгиланган тартибда бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори умумий қоидаларга асосан апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, соддалаштирилган тартибда иш юритиш бу нафақат судда ишларни тезроқ ва сифатли кўришнинг самарадорлигини оширади, балки судга мурожаат қилувчиларнинг ҳам вақтини тежаб, ойлар давомида судма-суд сарсон бўлишларининг олдини олади.

Фуқаролик ишлари бўйича
Когон туманлараро суди раиси в.б У.М.Қаландаров

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button