Islohotlar

Халқаро ташаббусларни амалга оширишда парламентнинг роли

2021 йил 22 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларини амалга оширишда парламентнинг роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис палаталари депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари, Марказий Осиё Халқаро институти, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.Мазкур давра суҳбатини ўтказишдан асосий мақсад — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ доирасида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда Олий Мажлис томонидан олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилган ҳолда бу борада келгусидаги вазифаларни аниқлаштириб олишдан иборат.Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этиб, ўз кириш сўзида сўнгги йилларда БМТнинг юксак минбари Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик энг долзарб масалалар юзасидан мамлакатимиз нуқтаи назарини баён қилиш ва муҳим ташаббусларини илгари суриш учун ўзига хос “майдон”га айланганини алоҳида таъкидлади.Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу минбар орқали бир неча бор, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида (2017 йил сентябр), БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида (2020 йил сентябрь) ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида (2021 йил февраль) иштирок этиб, Ўзбекистоннинг муҳим ташаббусларини илгари сурди. Хусусан, Президентнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги маърузасида илгари сурилган аниқ таклиф ва улуғвор ташаббуслар ўзининг ниҳоятда долзарблиги, кенг қамровлилиги, энг муҳими, нафақат Ўзбекистоннинг, балки барча қўшни давлатлар ва асосий ҳамкорларимизнинг манфаатларини ҳам бирдек қамраб олгани билан аҳамиятлидир.Таъкидланганидек, дунё жамоатчилигининг диққат-эътиборини ўзига тортган ушбу нутқда мамлакатимизнинг муҳим таклиф ва ташаббуслари эълон қилинди. Улар ичида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш; давримизнинг долзарб глобал ва минтақавий муаммолари ва уларнинг ечимларини муҳокама қилиш учун қатор халқаро анжуманларни ташкил қилиш, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш; Афғонистон масалалари билан шуғулланувчи ва БМТ ҳузурида доимий фаолият юритувчи махсус қўмита тузиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш кабиларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.Ушбу ташаббусларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва парламентининг алоҳида-алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилган бўлиб, улар ҳозирги кунда кенг татбиқ этилмоқда. Чунончи, БМТ Бoш Ассaмблeясининг 75-сeссиясидa илгaри сурилгaн тaшaббуслaрни пaрлaмeнтлaрaрo дaрaжaдa тaрғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг 2021 йил 26 февралдаги Қўшма Қарорига мувофиқ “йўл харитаси” тасдиқланди ва у бугунги кунда ҳаётга жорий этилмоқда.Тадбирда қайд этилишича, “йўл харитаси”га мувофиқ жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзуида халқаро форум ўтказилди. Бундан ташқари, халқаро парламентлараро уюшмалар доирасида, хусусан, Парламентлараро Иттифоқ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси сессияларида ва бошқа қатор анжуманларда Президент ташаббусларининг мазмун-моҳияти ҳақида халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилиш баробарида уларни рўёбга чиқариш бўйича ўзаро ҳамкорлик амалга оширилмоқда.Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзоларининг хорижий мамлакатларга расмий ташрифлари доирасида ҳам халқаро жамоатчиликни мазкур ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилувчи анжуман ва тадбирлар ташкил этилмоқда.Давра суҳбати якунида БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларини амалга оширишда парламент томонидан амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилиш асосида ушбу йўналишдаги фаолиятни бундан кейин ҳам изчил давом эттириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button