Buxoro

Халқаро зардўзлик ва заргарлик, каштадўзлик санъати фестивали Матбуот маркази томонидан оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2022 йил 21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилмоқда. Шунингдек, айни вақтда Бухоро шаҳрида “Каштадўзлик санъати” халқаро фестивали ҳам бўлиб ўтади.

Ушбу тадбирдан мақсад кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини янада кенгроқ намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишда турли халқлар ўртасида тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборатдир.

Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Бухоро шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари, айниқса, зардўзлик ва заргарлик, каштачилик юксак даражада тараққий этган.

“Устоз-шогирд” анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ипак гиламчилик, кулолчилик, кандакорлик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Жорий йилда Жаҳон ҳунармандчилик Кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилгани эътиборга моликдир.

Фестивалда Республикамизнинг барча ҳудудларидан 288 нафар ҳунарманд, шулардан110 нафар заргар, 37 нафар зардўз, 44 нафар каштадўз, 97 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётганлар  иштирок этади.

58 та давлатдан 221 нафар хорижлик иштирокчи, шулардан
112 нафар ҳунарманд
қатнашади. Шунингдек, 9 нафар фахрий меҳмон,
4 нафар  юқори мартабали хорижлик давлат арбоби
иштирок этиши кутилмоқда.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик, каштадўзлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда 22 давлатдан 33 нафар хорижий ва 20 нафар ўзбекистонлик олим, шунингдек, 9 давлатдан 11 нафар  мутахассис онлайн иштирок этиши режалаштирилган.

Фестиваль тадбирларини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 200 нафардан зиёд вакили, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва Ўзбекистонда доимий фаолият юритаётган 14 нафар хорижий журналист  кенг ёритиб боради.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, жумладан, фестиваль иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, фестивални ўтказиш ва якунлари бўйича матбуот анжуманлари, “Bukhara Fashion days” мода ҳафталиги, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик ва дорбозлар томошалари, вилоятлар фольклор жамоалари ва маданият бошқармалари концерт дастурлари, ош танловлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, “Ўзбекистон заргарлик ва зардўзлик санъати” ва “Зардўзлик санъати” номли китоблар тақдимоти, “Каштадўзлик санъати тарихи – дизайн ва инновацион ёндашув” мавзусида илмий-амалий конференция, “Каштадўзлик қадрият – мозийга назар” шиори остида кўргазма, Бухоро шаҳридаги мавжуд машҳур зардўз, заргар ва каштадўз устахоналари, хонадонларига экскурсиялар уюштирилади.

Жаҳон Ҳунармандлар Кенгаши томонидан қадимий Бухоро шаҳрига Жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилгани тўғрисидаги сертификат топширилади. “Ҳунарманд” уюшмаси 2019 йилнинг март ойидан бошлаб мазкур ташкилотга аъзо бўлганди.

Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвони 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунгача унга жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 30 та шаҳар сазовор бўлган.

Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали низомига асосан фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади.

Кўрик-танловиштирокчиларининг маҳоратини етти кишидан иборат таркибдаги халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳаларнинг намояндалари киритилган.

Халқаро ҳайъат кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслариниқуйидаги 12 та номинация бўйича баҳолайди:

“Энг яхши заргарлик ташкилоти”(Мукофоти – 5 000 АҚШ доллари),

“Энг яхши зардўзлик ташкилоти”(5 000 АҚШ доллари),

“Энг яхши зардўз” (5 000 АҚШ доллари),

“Энг яхши заргар” (5 000 АҚШ доллари),

“Энг яхши зардўзлик мактаби устаси”(3 000 АҚШ доллари),

“Энг яхши заргарлик мактаби устаси”(3 000 АҚШ доллари),

“Зардўзлик бўйича қадимий сулола давомчиси”(3 000 АҚШ доллари).

“Заргарлик бўйича қадимий сулола давомчиси”(3 000 АҚШ доллари),

“Қадимий анъаналарни қайта тиклаган зардўз” (3 000 АҚШ доллари),

“Қадимий анъаналарни қайта тиклаган заргар” (3 000 АҚШ доллари)

“Энг ёш маҳоратли зардўз”(3 000 АҚШ доллари),

“Энг ёш маҳоратли заргар” (3 000 АҚШ доллари)

Номинациялар бўйича ғолиблар махсус диплом ва пул мукофоти билан тақдирланади.

Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали кўрик-танлови ғолиблари ва совриндорлари иштирокида “Арк” қўрғонида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт бўлиб ўтади.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button