Навоий ва Бухоро вилояти прокуратураси ҳамда Навоий ва Бухоро вилояти ИИБси қонун устиворлигини таъминлаяптими? Ёки «Олтин кон» МЧЖ манфаатларига хизмат қилаяптими?

Яйлов ерлари бўйича навбатдаги кескин мурожаат!
«Тезкор Янгиликлар» таҳририятига Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги «Боғиафзал Чордара» МЧЖ, «Бибарс» МЧЖ ва «Адилбек Абдуллах Шобдар» МЧЖнинг ишончли вакиллари ҳамда 11 нафар фуқаро томонидан навбатдаги мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда айтилишича, ушбу корхоналар Бухоро вилояти ҳамда Навоий вилояти ҳудудий яйлов хўжаликлари бошқармалари билан тузилган шартномалар асосида қонуний тартибда 10 йил муддатга жами 5 254 гектар яйлов ер майдонини ижарага олган ва эгалик ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шундан кейин «Олтин кон» МЧЖ директори Иванов Иван Александровичнинг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари Юнус Турсунов мазкур ерлар «Олтин кон» МЧЖга тегишли эканини иддао қилиб, айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида жиддий низоларни келиб чиқишига замин яратган. Шунингдек «Олтин кон» МЧЖ ходимлари ва айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари «Боғиафзал Чордара» МЧЖ, «Бибарс» МЧЖ ва «Адилбек Абдуллах Шобдар» МЧЖларнинг ички хўжалик фаолиятига аралашиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиб келган.
Даъволарга кўра, «Олтин кон» МЧЖ директори Иванов Иван Александровичнинг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари Юнус Турсуновнинг кўрсатмасига асосан «Олтин кон» МЧЖ ходимлари Аваз Бобожонов, Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси ходимлари, Конимех туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Раимқулов Отажон, тезкор вакиллар Ҳазратов Жонибек Комилжон ўғли ва Давронов Муҳаммад, шунингдек Шофиркон туман ИИБ ходимлари Рустамов Рустам ҳамда Ҳамроев Дилшод қўриқловга олинган ҳудудга рухсатсиз киргани, ишчиларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказгани, совуқ қурол ишлатилгани ва айрим фуқароларга тан жароҳати етказгани айтилган.
Мурожаатда, шунингдек, 2026 йил 14 июль куни қудуқ қазиш ишларини олиб бораётган 11 нафар ишчига куч ишлатилгани, иш қуроллари ва қазилган қумлар ҳужжатлаштирилмасдан олиб кетилгани, Конимех туман ИИБга олиб борилган қумлар ўша вақтнинг ўзида “Олтин кон” МЧЖ базасига қайтариб юборилгани, ишчилардан тушунтириш хатлари босим остида ёздирилгани ҳамда ҳар биридан адвокат хизмати учун 412 минг сўмдан маблағ талаб қилингани ҳақида ҳам даъволар келтирилган.
Мурожаат муаллифларининг билдиришича, воқеалардан олдин мазкур корхоналар ўз объектларини қонуний ҳимоя қилиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси билан қўриқлаш шартномаларини ҳам тузган.
Таҳририят воқеага бир томонлама ёндашмаслик мақсадида Конимех туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Ҳазратов Жонибек Комилжон ўғли билан телефон орқали боғланди. У мурожаатда келтирилган иддаоларни рад этиб, ишчиларга нисбатан ҳеч қандай босим ёки тазйиқ ўтказилмаганини маълум қилди.
Шунингдек, Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси ходими Муҳаммадсаид билан телефон орқали суҳбатлашилганда, унинг маълум қилишича, Шофиркон туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Рустамов Рустам давлат рақам белгиси ўрнатилмаган «Captiva» русумли автомашинада қўриқланаётган объектга келган. Шунингдек, у қўриқлаш хизмати ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, қўриқланаётган объект ҳудудига рухсатсиз киргани билдирилди.
Айни вақтда қуйидаги саволлар очиқ қолмоқда:
-Давлат рўйхатидан ўтган ер майдонларида бошқа ташкилот вакиллари қайси ҳуқуқий асос билан ҳаракат қилган?
-«Олтин кон» МЧЖ ушбу ерларга нисбатан қандай ҳуқуқий ҳужжатларга эга?
-Қўриқланадиган объект яхлитлигини бузган “Олтин кон” МЧЖ ходимлари, Навоий вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш ходимлари,(каска ва маскада бўлган) Конимех туман ИИБ ва Шофиркон тумиан ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилганми?
-Тан жароҳати олгани айтилган шахсларга суд-тиббий экспертизаси тайинланганми?
-11 нафар ишчидан адвокат хизмати учун маблағ олингани ҳақидаги даъволар текширилганми?
-Прокуратура томонидан ушбу мурожаатлар юзасидан қонуний процессуал қарор қабул қилинганми?
Мурожаат муаллифлари мазкур ҳолатларни маҳаллий идоралар эмас, балки Республика даражасида тузиладиган мустақил ишчи гуруҳ томонидан ўрганишни сўраган.
Таҳририят изоҳи: Ушбу мақолада келтирилган маълумотлар мурожаат муаллифларининг даъволарига асосланган. Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ваколатли давлат органлари ваколатига киради. «Тезкор Янгиликлар» таҳририяти Навоий вилояти прокуратураси, Навоий вилояти ИИБ, Бухоро вилоят прокуратураси, Бухоро вилоят ИИБ ҳамда «Олтин кон» МЧЖнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.



