Bo'limsiz

Сиртдан чиқарилган қарор ҳам Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинади

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (изоҳ: кейинги ўринларда ФПК деб юритилади) 26-боби, 280-292-моддалари сиртдан иш юритиш тартибига бағишланган.
Мазкур Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганлигининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисида сўрамаган тақдирда, агар даъвогар бунга эътироз билдирмаса, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Ишни бундай тартибда кўриш ҳақида суд ажрим чиқаради (ушбу ажрим устидан шикоят берилмайди, шу сабабли мазкур ажрим бу ҳақда қайд қўйилиши лозим). Жавобгар тегишли тарзда хабардор қилинганлиги ҳақида ишда маълумот бўлиши керак.
Ишда бир нечта жавобгар иштирок этган ва суд мажлисига барча жавобгарлар келмаган тақдирда, иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Суд мажлисига келган даъвогар ишни жавобгар иштирокисиз сиртдан иш юритиш тартибида кўришга рози бўлмаса, суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради ва келмаган жавобгарга янги суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида такроран хабар юборади.
Тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига такроран келмаса, суд даъвогарнинг фикридан қатъи назар, ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўради (ФПК 281-моддаси).
Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилганида суд ишдаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган деб аталади.
Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилганда суд мазкур суд мажлисида ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўришга ҳақли эмас. Бу ҳолда ишни кўриш даъво аризасини даъво предмети ёки асоси, даъво талаблари миқдори ўзгартирилган ҳолда жавобгарга топшириш учун кейинга қолдирилади.
Агар суд мажлисига келмаган жавобгардан ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида ариза келиб тушса, иш сиртдан иш юритиш тартибида эмас, умумий тартибда кўрилиши лозим (ФПК 282-моддаси).
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмуни ушбу Кодекс 253-моддасининг қоидалари билан белгиланади. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза бериш муддати ва тартиби кўрсатилган бўлиши керак.
ФПКнинг 284-моддасига мувофиқ, ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси суд мажлисига келмаган тарафга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилиши лозим.
Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризага қўйилган талаб ва илова этиладиган ҳужжатларга аҳамият бериш лозим. ФПКнинг 286-моддасига мувофиқ, илова ҳужжатлар кўчирма нусхалари билан бирга судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно. Ариза учун давлат божи тўланмайди.
Ёхуд, ФПК 2851-моддасига асосан ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) берилиши мумкин.
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани тарафлар суд мажлисига чақирилган ҳолда кўриб чиқилиши лозим, шунингдек суд уларга ушбу ариза ва унга илова қилинган материалларнинг кўчирма нусхаларини юборади.
Ариза 10 кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади, хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди (ФПК 288-моддаси).
Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича ажрим чиқарилади, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги ёки сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилинмайди ёхуд протест келтирилмайди.
Мазкур ҳолат Олий суд Пленумининг 2019 йил 25 октябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлари тўғрисида”ги 19-сонли қарорининг 16-бандида ўз аксини топган.
ФПК 290-моддасига мувофиқ, агар сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда суд тарафнинг суд мажлисига келмаганлигига узрли сабаблар борлигини ва бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳамда тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилаётганлигини аниқласа, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни мазмунан кўриб чиқиш тикланиши лозим.
Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, иш янгидан кўриб чиқилганда қабул қилинган ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган деб тан олинмайди. Жавобгар ушбу ҳал қилув қарори сиртдан қабул қилинган қарор сифатида қайта кўриб чиқилишини сўраб, ариза беришга ҳақли эмас.

Луқмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Back to top button