Buxoro

Уй-жой низоларининг судда кўрилиши тартиби

Қонунчилигимизга кўра, мулкдор, ижарачи ва уларнинг оила аъзолари ўртасида уй-жой масаласида келиб чиққан низолар суд тартибида ҳал қилинади. Бундай низолар қаторига, хусусан, уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан кўчириб чиқариш билан боғлиқ масалалар киради.
Ушбу тоифадаги ишларни кўришда моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис уларни судда кўриб чиқишнинг процессуал ҳусусиятлари қонунчиликда мустаҳкамланган. Бу борада Олий суд Пленумининг «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Энг аввало, судлар уй-жой билан боғлиқ  низоларни ҳал қилишда уларни хусусий  ёки давлат уй-жой фондига тегишли эканлигини аниқлаши лозим. Чунки уй-жойнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштирмасдан туриб, ушбу тоифадаги ишлар бўйича моддий ҳуқуқ нормасини қўллаш мумкин эмас.
Хусусий мулкида уйи, квартираси бўлган фуқаролар вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан бошқа фуқароларни турар-жойга кўчириб киритишга,  жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тартибда ижарага беришга ҳақлидирлар.
Мазкур тоифадаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, низоли уйда яшовчи вояга етган барча шахслар тегишлилигича ишга жалб қилинади. Шу сабабли, судлар низоли уйда яшовчи вояга етган шахсларнинг доирасини аниқлаши ва уларни судга жалб қилиш чорасини кўриши лозим.
Уйга яшаш учун киритиш ҳамда турар-жойдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни йўқотган деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал этиш жараёни ниҳоятда масъулиятлидир.
Бунда суд турар-жойга даъво қилувчи шахс Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 2 ва 3-қисмларида қайд этилган шахслар сафига кириши ёки бошқа асос бўйича уйда яшашга бўлган ҳуқуқий ҳолатларини, қандай сабабларга кўра, яшамаётгани ва даъвони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаши тақозо этилади.
Шунга кўра, судлар мулкдорнинг оила аъзоларига кимлар киришини аниқлаши муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2004 йил 21 майдаги «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарори 5-бандига кўра,  мулкдорнинг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.
Эр-хотиннинг ота-онаси, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, меҳнатга қобилиятсиз боқимандалар, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар, агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлса, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилиши мумкин.
Шунингдек, мулкдорнинг хотини ёки эри, болалари, ота-онасидан бошқа шахсларни оила аъзоси деб топиш масаласини ҳал этишда суд уларнинг ижарачи ва унинг оила аъзолари билан муносабатларини, умумий хўжалик юритгани, бир-бирига ёрдам  кўрсатиб келгани ва оилавий муносабатлари мавжудлигини гувоҳлантирувчи ҳолатларни аниқлаши зарур.
Бундан ташқари судлар уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъволарни кўришда даъвони қаноатлантиришга асос бўладиган махсус даъво муддати ўтган ё ўтмаганини аниқлаши шарт.
Чунки Уй-жойкодексининг 52-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида турар жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади.
Вақтинча бўлмаганида фуқароларнинг турар жойи қуйидаги ҳолларда олти ойдан ортиқ муддатга сақланиб туради:
Ҳарбий хизматга чақирилганда– чақирув бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;
контракт бўйича ҳарбий хизматга кирилганда — контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташнинг бутун даври мобайнида;
иш шароитлари ва хусусияти бўйича чет элга хизмат сафарида бўлиши ёки таълим олиши муносабати билан талабалар, докторантлар ва бошқалар доимий яшаш жойидан вақтинча жўнаб кетганида — ушбу ишни бажариш, хизмат сафарида бўлиш ёки таълим олишнинг бутун даври мобайнида;
болалар тарбиялаш учун болалар муассасасига, қариндошларга ёки ҳомийларга, васийларга топширилганда—улар ушбу муассасада, қариндошлар ёки ҳомийлар, васийлар қарамоғида бўладиган бутун давр мобайнида. Бунда болалар чиқиб кетган турар жойда оиланинг бошқа аъзолари яшаш учун қолган бўлиши тақозо этилади.
Шахс белгиланган  муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб деб топилиши мумкин. Бу манфаатдор шахснинг даъвоси бўйича суд йўли билан амалга оширилади.
Агар суд шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони рад этади.
Бундан ташқари уй-жой мулкдорига нисбатан мазкур уй-жойда яшаш ҳуқуқини йўқотган деб топишга йўл қўйилмайди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, нотариал тартибда тузилган уй-жой олди-сотди шартномасида сотувчи, унинг оила аъзолари ёки яшовчи бошқа шахснинг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса, шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, уй-жой низолари билан боғлиқ ишларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя қилган ҳолда кўрилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Шоҳида Бозорова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Back to top button