BuxoroSud

Юрисконсульт томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилса ёки қонун талаби бузилса…

Маълумки, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2733-сонли Қарори ва унинг ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг                    2017 йил 1 майдаги 250-сонли Қарори билан юридик хизмат соҳаси тубдан такомиллаштирилиб, юрисконсульт ходимларнинг хизмат мавқеи ва манфаатдорлигини ошириш билан бирга, мазкур соҳа ходимларининг масъулияти ва жавобгарлиги оширилиши таъминланди. Зеро, бундан кўзланган мақсад давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишдан иборат.

Аввало, таъкидлаш жоизки, юрисконсульт ходим деганда кўз ўнгимизда қонунни пухта эгаллаган, интизомли, масъулиятли ва юксак ҳуқуқий маданиятга эга бўлган мутахассис гавдаланади.                  Шу билан бирга, деярли аксарият юрисконсульт ходимлар бундай масъулиятли  лавозимни ҳис қилган ҳолда тегишли давлат органлари ёки ташкилотларда муносиб фаолият юритиб келмоқдалар. Бироқ, афсуслар бўлсинки, амалиётда айрим юрисконсультларининг ўз вазифаларига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашаётганлиги, қонун бузилиш ҳолатларига ўзлари йўл қўйиб бераётганликлари ҳолатлари мавжудлиги ҳолатлари ҳам айни ҳақиқатдир.     

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий судларнинг суд ишларини юритишда асосий вазифаларидан бири бу нафақат иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш, шу билан бирга мазкур соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат ҳисобланади.

Иқтисодий судлар томонидан низоларни кўриш амалиётида корхона ва ташкилотларнинг юрисконсульт ходимлари томонидан иш фаолиятларида масъулиятсизликка йўл қўйганликлари, қонунчилик талабларини ўзлари бузаётганликлари ҳолатлари аниқланиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Бундай ҳолатларни судда кўрилган қуйидаги ишлар мисолида келтириш айни муддаодир.

         Жондор туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши даъвогар “Ботиржон” фермер хўжалиги манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятидан 112 656 000 сўм ғалла маҳсулоти ҳақи ва 1 877 600 сўм ташиш харажатлари, жами 114 533 600 сўм ундиришни сўрайди.

    Дастлаб, мазкур иш биринчи инстанция судида кўриб чиқилиб даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Жондор тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши апелляция шикояти билан мурожаат қилади ва Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг қарори билан апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

  Суд муҳокамасида аниқланишича,  тарафлар ўртасидаги                 2021 йил 20 майдаги 9/13-сонли бошоқли дон харид қилиш бўйича шартномани расмийлаштириш жараёнида жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти томонидан оферта сифатида бир томонлама имзоланган ва муҳрланган мазкур шартнома лойиҳасига маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммаси ҳақидаги шартноманинг муҳим шарти бўлган ёзувлар киритилмасдан, даъвогар фермер хўжалигига тақдим этилган. Даъвогар  раҳбари томонидан эса шартноманинг мазкур низолашилаётган муҳим шарти бўйича офертада кўрсатилмаган маҳсулот миқдори, нархи ва умумий суммасини шахсан ўзи тўлдириб, имзолаган ва муҳр қўйган. Мазкур ҳолатлар жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг фаолиятида даъвогар билан 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномани тузиш ва расмийлаштириш жараёнида қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 367-моддаси (оферта юбориш учун шартлар), Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни 10-моддаси (хўжалик шартномасига нисбатан қўйиладиган талаблар) ва 20-моддаси (хўжалик шартномаси субъектларига юридик хизмат кўрсатиш) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил   4 сентябрдаги 383-сон қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом (матнда Низом деб юритилади)нинг 10-банди (шартномада кўрсатилиши лозим бўлган муҳим шартлар) талаблари бузилганлиги аниқланди. Бунинг натижасида тарафлар ўртасида шартномага асосан буғдой маҳсулотининг нархи бўйича низо келиб чиқишига ва фермер хўжалиги томонидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинишига сабаб бўлган.  Мазкур қонун бузилиш ҳолатлари жавобгар фаолиятида хўжалик шартномаларини тузишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши ва хўжалик шартномалари лойиҳаларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш олиб бориш ваколатларига эга бўлган жамият юрисконсульти Л.Мамиров ва бошқа масъул ходимларнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизликлари ва совуққонликлари натижасида йўл қўйилган. Шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари бошқа фермер хўжаликлари иштирокида кўрилган иқтисодий ишларда ҳам такрорланган.

 Шу сабабли судлов ҳайъати томонидан мазкур ходимларга нисбатан тегишли интизомий жавобгарлик масаласини ҳал этиш ҳамда келгусида бундай қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқаришни ва ижро этиш учун жавобгар “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти раҳбариятига юборишни лозим топди. Бошқа бир мисол:

        Даъвогар “Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси” давлат унитар корхонаси (матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Бекзод Фурқат саховати” фермер хўжалиги (матнда жавобгар деб юритилади)дан ўзаро тузилган шартномага асосан эркин иқтисодий зона дирекциясини сақлаш ва инфраструктурасини ривожлантириш тўловлари бўйича ҳисобланган 8 172 000 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

         Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил                                     3 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 8 172.000 сўм асосий қарз, олдиндан тўланган 156 600 сўм суд харажатлари, жами 8 328 600 сўм ундирилган.

Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2022 йил                            25 мартдаги қарори билан жавобгарнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 Маълум бўлишича, тарафлар ўртасида 2019 йил 10 апрелда 120-сонли “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисида шартномаси тузилган. Шартноманинг 9.1-бандига кўра томонларнинг ўзаро келишувига кўра битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ўзгартириш ва қўшимчалар ёзма равишда тузилган бўлиши ва томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланиши лозимлиги белгиланган. Кейинчалик, шартномага 2020 йил 14 январда “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекциясини сақлаш харажатлари тўғрисида қўшимча келишув тузилган. Бироқ, мазкур шартномалар жавобгар раҳбари Н.Қўшаева томонидан эмас, балки шартномани тузишга ваколати бўлмаган унинг ўғли Б.Нарзуллаев томонидан имзоланган ва муҳр қўйилганли қонун бузилишларга йўл қўйилганлиги тасдиқланган.

  Бундан кўринадики, даъвогар томонидан тарафлар ўртасидаги шартномани тузиш ва расмийлаштириш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 367, 370-моддаларида белгиланган шартномани тузиш учун оферта ва акцепт шартларига риоя қилинмаган. Тарафлар ўртасидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган шартномани жавобгар номидан қонун доирасида иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланишига йўл қўйилган. Шунингдек, даъвогар томонидан шартнома шартларига кўра инвестиция лойиҳасининг ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур инфратузилма (электр энергия, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар), ҳудудни ободонлаштиришни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиш мажбурияти бажарилганлиги бўйича бирон ҳужжат тақдим этилмаган.         

 Бунинг натижасида, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг ҳақиқийлиги ва шартнома мажбуриятлари бажарилиши бўйича мазкур низо келиб чиқишига ва тадбиркорлик субъекти ҳисобланган жавобгарнинг турли эътирозларига сабаб бўлган.  

  Бинобарин, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари даъвогар фаолиятида қонунчиликка мувофиқ шартнома тузишнинг ва шартноманинг бажарилишини назорат қилишга бевосита масъул бўлган юрисконсульт ходимнинг ўз хизмат вазифасига масъулиятсизликлари ва совуққонликлари натижасида йўл қўйилган.

Қайд этилганларга асосан, судлов ҳайъати даъвогар              “Бухоро-Агро эркин иқтисодий зона дирекцияси” давлат унитар корхонаси фаолиятидаги йўл қўйилган мазкур қонунбузилиш ҳолатларини муҳокама қилиш, келгусидаги иш фаолиятда йўл қўймаслик ва ходимларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш учун хусусий ажрим юборишни лозим топди.

  Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, қонунлар ҳуқуқий демократик давлатнинг юзига қиёсланиши билан бараварда, юрисконсульт ходимлар мазкур қонунларнинг ижросини  таъминлашда жамиятда намуна бўлишлари ва фидоийлик кўрсатишлари зарур. Шундагина, юридик хизмат томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилишда ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда юксак натижаларга эришиш мумкин. 

Салимжон Абдурасулов,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Илҳом Юлдашев,

Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Back to top button