Ўзбекистон Республикасида Медиацияни ҳуқуқий асослари, қўллашнинг хусусиятлари ва оқибатлари
Жамият тараққий этар экан жамиятнинг ташкил этган жисмоний шахслар, юридик шахслар даавлатлар ўзаро турли муносабатларга киришадилар. Бу муносабатларни амалга оширишда муносабат иштирокчилари ўртасида турли низоларни келиб чиқиши муқаррар. Келиб чиққан низоларни ҳал этиш учун инсоният тарихида турли усуллардан фойдаланишган. Низоларни тинч йўл билан келишиш орқали, куч ишлаш орқали ва ҳуқуқий усуллар орқали ҳал этилган.
Низоларни ҳуқуқий усуллар билан ҳал этиш судга, ҳакамлик судларига мурожаат этиш орқали ҳал қилинади. Низоларни одил судлов тизимидан ташқарида ҳам ҳал этиш мумкин. Бу низоларни муқобил ҳал этиш усуллари ҳисобланади. Ҳуқуқий адабиётларда ва амалиётда низоларни муқобил ҳал этиш бир неча усуллари кўрсатиб ўтилган. Жумладан музокара, ярашув,ҳакамлик, арбитраж, талабнома тартиби, мустақил экспертлар хулосаси ва медиация тартиб таомиллари кўрсатиб ўтилган.
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиш учун ихтиёрий розилиги асосида Медиатор кўмагида ҳал этиш усулидир.
Медиация ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан муқобил йўл билан ҳал қилиш учун кенг кўлланиб келинмоқда.
Ўзбекисон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши ва кўпгина қонунларимизга медиация билан боғлиқ қоидаларнинг киритилиши бизнинг республикамизда ҳам низоларни муқобил йўл билан судгача ҳал этиш учун ҳуқуқий замин яратиб берди.
Қонуннинг 3 моддасида қайси муносабатлар татбиқ этилиши белгилаб берилди. Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Шу ўринда “медиация қайси ҳолатларга татбиқ этиб бўлмайди?”- деган савол туғилади. Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунга кўра, медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.
Медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас.
Медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас, шунингдек улардан медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмас, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Медиация тарафларнинг медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда ифодаланган ўзаро ихтиёрий хоҳиш-истаги бўлган тақдирда қўлланилади.
Медиация тарафлари медиацияни қўллашдан унинг исталган босқичида воз кечишга ҳақли. Тарафлар ўзаро мақбул келишувни муҳокама қилиш учун масалаларни танлашда эркиндир. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш вақтида ярашишга мажбурлаш тақиқланади.
Медиация тартиб-таомили медиатив келишув шартларига бир томонлама таъсир кўрсатишни истисно этган ҳолда амалга оширилиши керак.
Медиация тартиб-таомили низо хусусида тарафларнинг ҳамкорлиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида амалга оширилади.
Медиация тарафлари медиаторни, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини, медиация тартиб-таомилидаги ўз нуқтаи назарини, бу нуқтаи назарни ҳимоя қилиш усуллари ва воситаларини танлашда, ахборот олишда, медиатив келишув шартларининг ўзаро мақбуллигини баҳолашда тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда уларнинг зиммасида тенг мажбуриятлар бўлади.
Медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиатор мустақилдир. Медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторнинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди.
Медиатор холис бўлиши, медиация тартиб-таомилини тарафларнинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириши ва медиацияда уларнинг тенг иштирокини таъминлаши, тарафларга ўз мажбуриятларини бажариши ҳамда ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши керак. Медиаторнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, у медиация тартиб-таомилини амалга оширишдан воз кечиши керак.
Кимлар медиатор бўла олади? Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин. Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.
Кимлар медиатор бўла олмайди? Давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс, бундан нотариуслар мустасно, муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс, ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс медиатор бўла олмайди.
Медиация қачон қўлланилади? Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида, шунингдек, низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.
Медиация суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилган тақдирда фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи медиаторнинг албатта иштирок этиши талаб этилади.
Медиация қандай босқичларда малга оширилади? –
- Тарафлар низони суддан ташқарида ихтиёрий ҳал этиш ҳохиш-истагини билдириши
- Медиаторни танлаш ва маслаҳатлашиш
- Медиацияни қўллаш тўғрисида келишув тузиш
- Медиатив музокаралар олиб бориш
- Низони ҳал этиш учун маъқул вариантларни ишлаб чиқиш
- Медиатив келишувни имзолаш
- Медиатив келишувни ихтиёрий ижро қилиш
Медиация тартиб-таомили медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида тарафлар томонидан келишув тузилган кундан эътиборан бошланади. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилади.
Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишувга кўра бир ёки бир неча медиаторни танлайди. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби, қоида тариқасида, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади.Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда медиатор ўзининг ҳаракатлари билан бирор-бир тарафни устун ҳолатга қўйишга, худди шунингдек тарафлардан бирининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклашга ҳақли эмас.
Медиация тартиб таомилини амалга ошириш муддати белгиланганми?
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади. Бунда медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши керак. Зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати кўпи билан ўн беш кунни ташкил этади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли.
Амалиётда давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этиш ҳолатлари кўп учрайди. Хўш, бундай ҳолатларда ҳам медиатив келишув тузиш мумкинми? Қонунда давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли эканлиги белгиланган. Прокурорнинг даъвоси билан иш қўзғатилган ҳолатларда ҳам тарафлар прокурорнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, ваколатли давлат органи ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши мумкин. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомили амалга оширилган тақдирда, уни амалга ошириш даврида ижро ишини юритиш тўхтатиб турилади.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.
Суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли давлат органида кўриш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли давлат органининг иш юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли давлат органига юборилади.
Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув ижро ҳужжати ўз иш юритувида бўлган давлат ижрочисига дарҳол юборилади.
Давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши керак.
Судда иш қўзғатилганидан кейин медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилганда ИПК 101- моддасининг 6-бандига мувофиқ суд иш юритишни тўхтатиб туради. Иш юритиш медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тугагунга қадар, бироқ олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатда тўхтатиб турилади.
Низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилади. Бироқ, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиатив келишув тузилган ҳолларда давлат божи қайтарилмайди.
Медиаторга ҳақ тўлаш тартиби қандай амалга оширилади?
Қонунга кўра, профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилади. Нопрофессионал медиаторга унинг медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қилган харажатларининг, шу жумладан низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун йўл ҳақи, яшаш ва овқатланиш харажатларининг ўрни қопланиши мумкин. Ҳақ тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш тарафлар томонидан, агар улар бошқача қоида ҳақида келишиб олмаган бўлса, тенг улушларда амалга оширилади.
Медиатор медиация тартиб-таомилини амалга оширишни рад этган тақдирда, у медиация тарафлари томонидан ўзига тўланган пул маблағларини қайтариб бериши шарт.
Медиация жараёни қачон тугатилади?
Медиация -тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги, низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги, мавжуд ихтилофлар бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганлиги (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда), бирор-бир тарафнинг медиацияни давом эттиришдан воз кечишни маълум қилганлиги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганлиги ҳолатларида тугатилади.
Медиация тартиб таомилида низони хал қилишнинг судда ҳал қилишдан афзалликлари ва фарқлари қуйидагиларда намоён бўлади.
-Медиация икки тарафнинг розилиги билан амалга оширилади, суд жараёнида низо бир тарафнинг розилигисиз бошланади.
-Медиацияда медиаторни тарафлар танлайди, судьяни танлаш мумкин эмас.
– Медиацияда тарафлар ўз манфаатидан келиб чиқиб бир қарорга келишади, суд қонунга асосланиб қарор қабул қилади.
-Медиация келишув ихтиёрий ижро этилади, суд қарорни мажбурий ижрога йўналтириши мумкин.
-Медиация тез ва енгил жараён, суд жараёни мураккаб, жуда кўп вақт ва маблағ сарфланишини талаб қилади.
-Медиация махфий жараён бўлса, суд ошкора амалга оширилади.
-Медиацияда тарафлар ҳамкорлик қилади ва дўстона муносабатни сақлаб қолади. Суд жараёнида тарафлар тортишади, низоли ҳолат кескинлашади.
Хулоса қилиб айтганда медиация институтини жорий этилиши, медиатив тартиб таомили бўйича низоларни ҳал этиш, фуқаролик, меҳнатга оиб, иқтисодий низоларни тинч йўл билан ҳал этишда, судларда низоли ишлар ҳажмини камайтиришда, тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъмилашда муҳим рол эгаллайди деб ҳисоблайман.
Мехринисо Кодирова,
Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси