Қай юртларда бўлдингиз, нималарни кўрдингиз?
Ўтган ҳафта Бухоро вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририяти ташаббуси билан вилоятимизнинг бир гуруҳ журналист ва блогерлари тажриба алмашиш учун Фарғона вилоятида бўлишди. Ушбу гуруҳ таркибига мени ҳам киритишгани учун вилоят ҳокимлиги, Бухоро вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририяти масъулларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Сабаби, Фарғона вилоятига сафаридан жуда кўп таассуротлар билан қайтдим.
Биринчиси. Устоз журналист Муҳаммаджон Обидов билан боғлиқ таассуротлар. Устоз айни 70 ёшида ҳам ёшларга ўрнак бўладиган ғайрат билан меҳнат қилаяпти. У кишининг вилоятдаги “Журналистлар ижодий уюшмаси” раҳбарлигидаги ҳамда “Фарғона ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррири сифатидаги фаолияти ҳақиқатдан ҳам ўрнак оладиган даражада. Вилоят журналистлари бугунги кунда Муҳаммаджон Обидов бошчилигида нафақат мамлакатимиз бўйлаб ҳатто чет элларда ҳам тажриба алмашиш учун сафарларга бориб келишяпти.
Иккинчиси. Бугунги кунда аҳён-аҳёнда қулоққа чалинадиган газеталарнинг вақти ўтди деган қарашнинг бу ерда тамоман аксини кўрасиз. Биргина мисол. Вилоятдаги чекка туманлардани бири Ёзёвон тумани ҳокимлиги ҳудуднинг бош нашри “Марказий Фарғона” газетаси таҳририяти учун янги бино қуриб берибди. Таҳририят ходимлари учун яратилган шароитлар ҳам ҳавас қиларли даражада. Газетанинг адади ҳам чакки эмас.
Учинчиси. Вилоятда ёшларнинг китобхонликка, шеъриятга бўлган иштиёқи анча баланд. Буни “Эркин Воҳидов ижод мактабида”ги ташрифимиз давомида яна бир бор ҳис қилдик. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ижод мактабида ёшлар учун яратилган шарт-шароитларга ҳавас қилдик. Эътиборлиси, ушбу мактабда таълим олаётган ҳар-бир ўғил қизнинг кўзида келажакка ишонч порлаб турибди. Шу ерда биз умидли ёш шоирларнинг чиқишларидан ҳайратланганимизни ҳам айтиб ўтмасам бўлмайди.
Тўртинчиси. Вилоятда тадбиркорлик жадал ривожланаётганига амин бўлдик. Тўғриси, мамлакатимизда бундан 4-5 йил илгари тадбиркорларга қатор енгилликлар, турли имтиёзлар берилиши бошланган пайтда кўпчилик вақт ўтиб, ҳукумат тадбиркорларни яна сиқувга олади деб ўйлаган эди. Вақт олий ҳакам, тез фурсатда ишбилармон ва тадбиркорларнинг фикри тамоман ўзгарди. Қувонарлиси, келажакка бўлган ишонч уларни катта-катта ишлар қилишга ундамоқда. Биргина мисол, яқинда Фарғона шаҳрида ҳолдинг компания фаолияти қўйилган. Буни Президентимиз яқинда Фарғона вилоятига ташрифлари давомида ҳам эътироф этиб ўтгандилар. Биз ушбу ҳолдинг компаниянинг фақатгина бир тармоғи (хусусий касалхонаси) фаолияти билан танишдик. Унинг бундан ташқари яна кўплаб тармоқлари бор. Маълумот учун айтиш мумкин ушбу ҳолдинг компанияни мактабда бирга ўқиган 5 нафар синфдош биргаликда ташкил этишган. Яқинда улар ўзларининг банкларига эга бўлса ажаб эмас.
Бешинчиси. Вилоятда ташкил этилаётган боғдорчилик тармоқларини кўпроқ “компьютер” бошқармоқда. Эътиборлиси, чет элда юрган кўплаб фарғоналиклар юртига қайтиб, айни пайтда вилоятнинг турли туманларида боғдорчиликка қўл уришмоқда. Бунга биз ҳатто қир адирлардан ер очиб, узумчиликни бошлаётган ишбилармонлар мисолида ҳам яна бир бор амин бўлдик. Гап узумчилик ҳақида борар экан, Олтиариқ тумани нафақат бодринг ва турп, балки узуми билан ҳам машҳур. Бу ерлик тадбиркорлар томонидан айни пайтда узумчиликдан катта даромад олишга бўлган иштиёқ туфайли ҳудудда бошқа тармоқларнинг ҳам ривожланаётганига гувоҳ бўлдик. Биргина мисол, узумларни ташиб бериш хизмати учун кимдир тарнспорт хизматини йўлга қўяётган бўлса, кимдир маҳсулотни сақлаш ва уни саралаш хизматини ташкил этмоқда. Эътиборлиси, ҳар-бир йўналишда қанча-қанча ишсиз аҳолининг доимий иш билан бандлиги таъминланмоқда.
Тассуротларимиз жуда ҳам кўп. Айниқса, Марғилондаги “Ҳунармандлар маркази” фаолияти, бу ерда хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган бежирим ипак матоларни таърифлашга тил ожиз. Хусусан, миллий ҳунармандчилигимизнинг адрас, атлас ва ипак гиламлар учун хомашё тайёрлаш, тўқиш жараёнлари барчамизда катта таассурот қолдирди. Бу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг маоши ҳам ёмон эмас.
Сафаримиз давомида бизга ҳамроҳлик қилган Муҳаммаджон Обидов вақт тиғизлигига қарамасдан Фарғонанинг кўплаб ютуқларининг кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Энг қизиғи, ўзлари биз билан ҳамқадам бўлиб юриб, чарчаб қолмаяпсизларми деб ҳам сўраб қўядилар. Аслида биз у кишини чарчатиб қўяётган эдик. Лекин Муҳаммаджон Обидовда чарчоқ сезилмасди. Бу ғайратлар юртини севган Устоз Муҳаммаджон Обидовга Яратгандан мукофот сифатида берилганига шубҳа йўқ. Илоҳим Муҳаммаджон ака Обидовга кўз тегмасин.
Баҳодир Файзиев,
Бухоро вилояти ДСБ
Матбуот хизмати бошлиғи.