MurojaatProkuratura

ҚАЛБИ ДАРДГА ТЎЛГАН ОНАИЗОР МУРОЖААТИ БОШ ПРОКУРОР ТОМОНИДАН НАЗОРАТГА ОЛИНАДИМИ?

Фуқарога нисбатан кучли руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб, унга қийноқ қўллаган тезкор-тергов органлари ходимларига  қонуний чора кўриладими?

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурори

3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси

Н.Т.Йўлдошевга

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси, 15/10-уй, 
1хонадонда яшовчи ёлғиз она Сулаймонова Дилрабо Хабибуллаевна томонидан 

(+99899-796-06-73)

Ш И К О Я Т

(Фарзандим Э.Эргашевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилишида суд ва тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган қўпол қонун бузилиши ҳолатлари,жиноий ҳаракатсизлик ва қийноқ ҳолатлари юзасидан чора кўрилмаётгани юзасидан)

Ҳурматли Ниғматилла Тўлқинович!

Мен илгари Сизнинг номингизга мурожаат қилиб,фарзандим Эргашев Элдоржонга нисбатан ноқонуний тергов усуллари қўлланилган ҳолда, дастлаб Тошкент вилояти божхона бошқармаси ва кейинчалик Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан айблаш ҳақидаги 270004/2023-117КД-сонли жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, Жиноят-процессуал қонунлари талаблари кўп маротаба ҳамда тизимли бузилгани, фарзандим дастлаб суриштирув, кейинчалик тергов давомида қийноққа солингани ҳамда ундан жисмоний ва руҳий тазъйиқ остида ўзининг айбдорлиги юзасидан кўрсатувлар олингани бўйича хабар берганман.

Фарзандим Э.Эргашевга нисбатан юқорида қайд этилган жиноят иши Тошкент шаҳар судининг судья М.Абидов масъуллигидаги жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида2024 йил 29 май куни кўрилиши бошланган.

Мазкур судлов ҳайъатига ҳимоячи сифатида иштирок этаётган фарзандим Э.Эргашев ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокатлар томонидан тезкор-қидирув фаолияти ҳамда тергов давомида фарзандим нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари қўлланилгани юзасидан на ички ишлар органлари тергов тармоқлари, на биринчи инстанция суди томонидан бирор бир ҳуқуқий асоссиз суд-тиббиёт экспертизаси тайинлаш рад этилгани баён қилинди.

Шунингдек, судга ушбу ҳолатлар бўйича Бош прокуратурага Омбудсман томонидан фото далиллар билан маълумот тақдим қилинганига қарамай юзаки терговга қадар текширув ўтказилгани ва қийноқ қўлланилгани ҳақидаги хабарни холисона текшириш учун ушбу жиноят бўйича дастлабки тергов аслида ЖПК талабларига асосан бошқа тергов органига ўтказилиши лозим бўлсада, бироқ номаълум сабабларга кўра юзаки терговга қадар текширув ўтказиш билан чекланилгани, ЖПКнинг 173-моддаси талаблари асосида фарзандим Э.Эргашевга экспертиза тайинлаш шарт бўлсада, бироқ тайинланмагани ҳақида бир қанча асосли важлар келтирилиб, ишни тўлиқ ҳамда холисона текширилмаган ҳолатларига аниқлик киритишга хизмат қилувчи, яъни фарзандимга нисбатан тезкор тадбир ҳамда тергов давомида етказилган тан жароҳатларининг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш учун суд-тиббий эспертизасини тайинлаш, унга нисбатан қўлланилган қийноқ изларини бевосита биринчи гувоҳи бўлган Омбудсман вакилини гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, тезкор тадбирни ўтказиш давомида қўлланилган усул, воситалар ҳамда тезкор тадбирда қатнашган шахслар доирасига аниқлик киритиш бўйича илтимосномалар киритганига қарамай, судлов ҳайъати бу илтимосномалар бирор бир асоссиз деярли ярмини қаноатлантирмасдан қолдирди

Айнан шу ҳолатлар, яъни жиноят ишини яна ўша эски услубда, гўёки “ҳамма ҳолатларни тергов ва биринчи инстанция суди” ҳал қилиб бўлган қабилида кўра бошлангани мени биринчи суд мажлисидаёқ ташвишга солди ҳамда мен ушбу мурожаатимни яна адолат ҳамда кўмак излаб айнан Сизнинг номингизга юборишга мажбур бўлаяпман. Чунки, агарда апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ҳам тергов ва биринчи инстанция судида йўл қўйилган қўпол қонун бузилиши ҳолатларига, тергов остидаги инсонга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний муомала турлари қўлланганига кўз юмса, буни чуқур ва ҳар томонлама текшириш чораларини кўрмаса, қонун бузилиши содир этган шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, адолатли қарор қабул қилмаса, унда бу ишни юқори судлов инстанцияларида кўришдан қандай мазмун ёки мақсад қолади?! Ахир суд бу ҳар бир инсоннинг, қолаверса менга ўхшаган ҳаётда жуда мураккаб синовлар бошига тушган ёлғиз онанинг адолатга, фарзандига нисбатан адолатли қарорга эришишга бўлган конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқарувчи қўрғон бўлиши керак эмасми?!

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судья М.Абидов масъуллигидаги судлов ҳайъати ўғлим Э.Эргашевга нисбатан тезкор-қидирув тадбирларидан сўнг ва тергов давомида қийноқ қўллангани юзасидан терговга қадар текширув материалларини чақиртириб олиш ва унга нисбатан зудлик билан суд-тиббиёти экспертизасини тайинлаш ҳақидаги илтимосномалар қаноатлантирмасдан қолдирилганидан сўнг мазкур ҳужжатлар адвокатлик сўрови асосида ўғлим Э.Эргашевни ҳимоячилар томонидан мени иштирокимда ўрганиб чиқилди.

Мен мана ҳужжатларни ўрганиб чиққандан сўнг ўғлим Э.Эргашевга нисбатан жиноят иши холисона, қонуний ва барча ҳолатларни очиқ-ойдин аниқлаш нуқати назаридан эмас, балки, кимсаларнингдиртезкор тадбирни юқори натижадорлик билан якунлашдан келиб чиқадиган манфаатларини кўзлаб бир томонлама, яъни фақат айблаш, сунъий далил тўплаш ва жисмоний зўрлик остида иқрорлик олиш орқали олиб борилганига янада амин бўлдим.

Чунки, дастлабки терговда ҳам, биринчи инстанция судида ҳам мен шахсан кўрган ҳамда гувоҳи бўлган ўғлимдаги тан жароҳатлар ошкора аниқланган бўлсада, бу ҳақда адвокатлар ҳозиргача бир неча марталаб суд-тиббий экспертизасини ўтказишни талаб қилиб илтимосномалар киритиб келаётган бўлсада, негадир суд ҳам, тергов органи ҳам тан жароҳатларини бирор бир тарзда тиббий жиҳатдан қайд қилиш чораларини кўрмасдан, гўёки бу ҳолатни кўрмаганга олиб келмоқда. 

Ваҳоланки, тезкор тадбирлар давомида далилларни аксарият қисми сохталаштирилгани, гумон қилинувчи ҳамда кейинчалик айбланувчи мақомидаги фарзандим Э.Эргашевнинг ҳимояга бўлган конституциявий ҳуқуқи қўпол равишда бузилгани, уни айблашга асос бўлган “далиллар” деб олинган О.Жуманиёзовнинг кўрсатувлари ҳам уни қийнаш орқали олингани, у билан боғлиқ аксарият тергов ҳаракатлари (қарорсиз уй-жой кўздан кечирилгани, наркотик моддалари ва рақамли техника воситалари мутахассис иштирокисиз тезкор ходимлар қўли билан гўёки “топилган” дея намойиш қилингани, ушбу моддалар воқеа жойида белгилангантартибда ўлчаб, қадоқланиб,муҳрлаб олинмасдан гўёки олинди дея расмийлаштирилгани ва ҳоказо шубҳали ҳолатлар) божхона тезкор ходимлари томонидан ЖПК талабларини қўпол равишда бузган ҳолда содир этилгани тезкор-қидирув ҳамда тергов органларининг амалда ноқонуний тезкор тадбирини, уни натижасида қўзғатилган жиноят иши бўйича тўпланган далилларни ноқонунийлигини яққол рўёбга чиқариб қўяди.

Тошкент тумани прокуратураси томонидан ўтказилган ўғлим Э.Эргашевга нисбатан 25,273-моддаси 5-қисми билан тергов қилинган жиноят ишида тезкор ходимлар томонидан қийноқ қўлланилгани юзасидан терговга қадар текширувни ва якуни бўйича қабул қилинган жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги ҳужжатларни қуйидаги асосларга кўра ноқонуний ҳамда бекор қилиниб, қайта синчковлик билан холис тергов органи томонидан текширилиши деб ҳисоблайман:

1) Тошкент тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 173-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрь кунги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5268-сон Фармони 5-банди 2-хатбоши қўпол равишда бузилган.

Хусусан, ПФ-5268-сон Фармоннинг 5-банди 2-хатбошида “далилларни йиғиш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган услублар қўлланилгани тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт” деб қатъий белгиланганига қарамай, ушбу талаб дастлаб Тошкент туман прокуратураси томонидан, кейинчалик биринчи инстанцияда ишни кўришда ЖИБ Юнусобод тумани суди томонидан қўпол равишда бузилганини яққол кўриш мумкин. Ҳозирда эса, мазкур талаб Тошкент шаҳар ЖИБ судлов ҳайъати томонидан бу ҳақдаги илтимосномаларни бирор бир ҳуқуқий асоссизочиқдан очиқ рад этиш орқали бузилаяпти.

Кўриниб турибтики, юқоридаги материални кўриб чиқишнинг дастлабки кунлариданоқ Тошкен  тумани прокурорининг ўринбосари, асосли маълумотларга қараганда бир вақтнинг ўзида туман прокурорининг вазифасини вақтинча бажариб турган А.Нўъмонов қийноқ ҳақидаги хабарни ҳар томонлама, тўлиқ, холисона ва синчковлик билан текшириш эмас, балки юзаки равишда, амалдаги барча қонун ҳужжатлари талабларини бузиб тезлик билан материала бўйича қарор қабул қилиш ҳамда ўзидан соқит қилишга уринган.

Унинг бундай уриниши, текширувнинг юзакилиги, ҳатто терговга қадар текширув режасини тузишда А.Нўъмонов ўзига дастлаб хабар муаллифидан тушунтириш батафсил хати олиш, суд-тиббиёт экспертизасини ўтказиш, гумон қилинувчини ушлаб туриш баённомалари ва видео ёзувларни олиб кўздан кечириш каби ҳаракатларини амалгаоширишни белгилаб, кейинчалик бу ҳаракатларнинг бирортасини бажармасдан қарор қабул қилишидаайниқча ифодаланди.

Шунингдек, агарда А.Нўъмонов бу ҳолатга нафақат терговга қадар текширувни ўтказган шахс, балки прокурор сифатида ёндашиб ЖПКнинг                      382-моддасида белгиланган ваколатидан фойдаланиб реал ўрганганида, амалда жиноят ишида шасхий тинтув, ушлаб туриш каби тергов ҳаракатлари кўплаб қўпол қонунбузилишлар, яънимажбурийлиги ЖПКнинг 224-моддасида белгиланган бўлсада, видеотасвирга олинмасдан қўпол равишда бузиш билан ушлангани, зудлик билан ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланмагани, аслида ушлаш муддати ушланган вақтдан ҳисобланиши лозим бўлсада, деярли 12 соат ўтгач Э.Эргашевга тегишли баённомалар расмийлаштирилгани, шу тариқа ўғлим ноқонуний равишда ортиқча муддат ушлангани, ушланган вақтда “топилган” дея эътироф этилган аксарият аше-буюмлар ва рақамли техника воситалари қонунчилик талабларида мажбурий қилиб белгиланганидек мутахассис иштирокисиз олингани, уларни олиб қадоқлаш ва далил сифатида расмийлаштиришга қўйилган талаблар қўпол равишда бузилгани, бу билан аслида ушбу буюмларни айнан О.Жуманиязов ва Э.Эргашевда топилгани катта шубҳаостида қолгани, расмийлаштирилган ҳужжатлардаги барча маълумотлар эса тезкор тадбир видео тасвирларидан кескин фарқ қилишини ҳамда ҳоказо ҳолатларни кўрган бўларди.

Бу ҳолатлар ҳам яна бир бора мени терговга қадар текширув, шундан келиб чиқиб фарзандим Э.Эргашевга нисбатан жиноят иши бўйича далилларга баҳо бериш, уларни текширишга юзаки ёндашув бўлганини тасдиқлайди.

2) Терговга қадар текширув давомида ўғлим Э.Эргашевга тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов давомида айнан қайси шахслар, янада аниқроқ айтилса қайси тезкор-тергов ходимлари томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турлари қўлланилгани ҳолатини аниқлаш учун тезкор тадбирларга алоқадор барча ҳолатлар ҳамда барча шахслар доираси аниқланмаган.

Жумладан, тезкор-қидирув тадбирлари доирасида божхона ходимлари тузган аксарият процессуал ҳужжатларда тадбир, кўпчилик тергов ҳаракатлари ДХХ ходимлари қатнашувида бўлгани, улар билан ҳамкорликда ўтказилгани, жумладан тезкор тадбирлар видео тасвирларида (бу видео тасвирлар терговга қадар текширув ўтказган А.Нўъмонов томонидан кўздан кечирилгани ҳақида ҳужжатлар жилдида баённома мавжуд) эса божхона ходимидан ташқари ўғлим Э.Эргашевни ушлашда видео тасвирга олаётган яна қандайдир номаълум ҳамда ўзини таништирмаган кимсалар кўринган.

Маълумки, ЖПКнинг 225-моддасида ушлаб туриш баённомасини тузишнинг аниқ процессуал шакли белгиланган. Ушбу шаклга амал қилмаслик, қўпол қонун бузилиш ҳисобланади ва Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 август кунги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли Қарори талабларига асосан номақбул далил ҳисобланади. 

Шу ўринда менда ҳам фуқаро, ҳам фарзандимнинг ҳақли ёки ноҳақ равишда айбланганига доир она сифатида ўринли савол туғилади, “нега қийноқ ҳолатини текширишда нуқул божхона ходимларидан “урдингми-урмадингми”, “қийнадингми-қийнамадингми” қабилидаги ҳаттоки олий маълумоти бўлмаган шахс бермайдиган саволларни бериб юзаки тушунтириш хатлари олиш билан чекланилиб,  ДХХ ходимлари шахсига аниқлик киритилмаган, нега улардан тушунтириш хатлари олинмаган ва нега уларнинг бу ишларга алоқадор ёки алоқадор эмаслиги текширилмаган, уларни ҳаракатлари шубҳа остига олинмаган?”. 

Энг авоми инсонга ҳам бирор бир изоҳсиз тушунарлики, қийноқ, жисмоний ва руҳий зўрлик ишлатган шахс, бошқа бировга шафқатсиз муносабатда бўлиб, ноқонуний босим ёки тергов усулларини қўллаган тезкор ходим бўладими, тергов ходими бўладими ҳеч қачон ҳамда ҳеч қандай вазиятлар қийноқ қўллаганини тасдиқлаб юқоридаги каби саволларга жавоб бермайди. Негадир, терговга қадар текширувни ўтказган Тошкент тумани прокурорининг ўринбосари жаноб А.Нўъмонов,ўғлим Э.Эргашевга божхона тезкор ходимларининг тан жароҳати етказиб қийноқ қўллагани ҳолати гўёки ўз тасдиғини топмаганини важ қилиб, асосан шу тезкор ходимлар расмийлаштирган процессуал ҳужжатлар ва улар берган тушунтиришларга кўпроқ ишониб, Омбудсман, Бош прокуратура ва она сифатида буларга ишончсизлик билдирган ҳолда уларни ҳаракатини текширишни сўраб мурожаат қилган бир пайтда, уларнинг ҳаққонийлигини текшириб ўтирмасдан ва тан жароҳатлари бўйича суд-тиббий экспертиза тайинлаб ўзини қийнаб ўтирмасдан, шунчаки жиноят ишидаги ҳужжатлардан нусхалар олиб, ходимлардан тушунтириш хати олган ҳолда шундоққина қарорни қабул қилиб қўя қолган.

Шу ўринда асосли бир савол туғиладики, наҳотки бундай ғайриқонуний қарор қабул қилишда жаноб А.Нўъмонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5268-сон Фармони 3-банди 2-хатбоши  белгиланган “Процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш мумкин эмас”лиги ҳақидаги талаблардан хабари бўлмаган, бундай талаб борлигини билмаган.

Эътиборлиси, бу қарорнинг ноқонунийлиги ҳамда ушбу материал бўйича  амалда бирор бир ҳуқуқий асос бўлмасада, ЖПКнинг 329-моддаси 3-қисми 2-банди талабларига зид равишда бир ойга текширув муддатини узайтирганида, барча мен баён қилган ҳолатларни текшириш имкони бўлган.

3) Ўғлим Э.Эргашевни РШТЁИМ Тошкент вилояти филиали тиббиёт ходимлари томонидан 2024 йил соат 05.46да тиббий гувоҳлантириш  давомида тез ёрдам ходими Жангабаев ва фельдшер Убайдуллаева гувоҳлантириш маълумотномасининг ташхис қисмида “ўткир қорин?” ёзувини киритишиб, бу ҳолат мавҳум ҳамда тушунарсиз шаклда ёзилгани кўринган бўлсада, ушбу ҳолатни ҳам Тошкент тумани прокурорининг ўринбосари жаноб А.Нўъмонов инобатга олмасдан ва текширмасдан юқоридаги қарори гўёки бу ҳолат етарли асос бўла олмаслиги ҳақида хулоса қилган ҳамда суд-тиббиёт экспертизасини тайинламаган.

Бу ҳолатга аниқлик киритиш учун на тиббиёт ходимларидан тушунтириш хати олинган, на бирорта божхона ходимига бу ҳақда савол ҳам берилмаган. 

Келингки, агарда ҳақиқатан ҳам бу ҳолатни ноқонунийлигини англаб ва тушуниб буларда бир кескин чора кўришга иродаси етарли бўлса эди,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 август кунги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сон Фармони 5-банди                     1-хатбоши талабларидан келиб чиқиб, аслида ҳам божхона ходимларида, ҳам тергов ўтказган ички ишлар органлари ходимларида, ҳам шу ҳолат бўйича текширув ўтказган прокуратура ходимида фарзандим Э.Эргашевни ҳибсхонадан ташқаридаги бирор бир тиббий муассасада тиббий гувоҳлантирувдан ўтказарди. 

Ваҳоланки, мана шу тариқа ғайриқонуний ва бировни фарзандини тақдирини хазон қилиш эвазига “юқори натижадорлик” учун ишлаш йўли бу шахсларга афзалроқ туюлди назаримда.

4) Материалда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш шўъбаси орқали 2023 йил 3 ва 4 октябрь кунлари ўғлим Э.Эргашевни бошқармага контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш учун олиб келингани тасвирланган видео тасвирлар олинган ҳамда кўздан кечирилганини тасдиқловчи баённома мавжуд бўлсада, ушбу видео тасвирлар мавжуд эмас.

Шубҳали ҳамда бир вақтни ўзида жуда эътиборни тортадиган мантиқсиз ҳолати шундаки, фарзандим Э.Эргашевни айбланувчи тариқасида сўроқ қилиш ҳақидаги баённомасини ксеронусха қилиб терговга қадар текширув ҳужжатларига шунчаки қўшиб қўйган жаноб прокурор ўринбосари А.Нўъмонов ўғлимнинг айнан унга етказилган тан жароҳатлари, қийноқ ҳамда бошқа шафқатсиз муомала турларини қора ниқобли шахслар, тахминан 8 тача ўзини ходим деб таништирган кимсалар тезкор тадбирда уни ушлаш жараёнида етказганини эътибордан четда қолдирган. 

Прокурор ўринбосари А.Нўъмонов тузган юқоридаги баённомасида Тошкент вилояти божхона бошқармаси маъмурий биносида Э.Эргашевни тезкор ходимлар кузатувида ҳаракатланиши билан боғлиқ видео тасвирларда тезкор ходимларнинг ўзларини хизмат хонасига олиб чиқишда куч ишлатишмагани, жисмоний куч ишлатмагани ва тан жароҳати етказмагани ҳолатлари бўйича ўз фикрини баён қилиб гўёки қийноқ ҳолатлари бўлмагани ҳақида хулоса қилган. Аммо фарзандимни 8 тача ўзини ходим деб таништирган кимсалар ва уни электрошокер билан тадбир вақтида қийнаган қора ниқобли шахслар, тадбирда қатнашган ДХХ ходимлари ким унда? Тадбирда ўзи жами неча одам ва қайси ку ишлатар тузилмалардан қатнашган? Фарзандим Э.Эргашевга тадбир давомида ва ундан кейин етказилган тан жароҳатлари, ундан иқрорлик олиш учун қўлланилган электрошокердан ҳосил бўлган жароҳатлар ва Омбудсман аниқлаган жароҳатлар чи, улар қаердан келиб чиқди? Уни жаноб прокурор ўринбосари А.Нўъмонов ўзларини текширувларида  баҳо бермаса, прокуратура бунга кўз юмса, бунга ким баҳо беради?

Шунчаки, шахсга нисбатан божхона бошқармаси назорат-ўтказиш жойида, маъмурий биносидаги камералар ўрнатилган жойда видео тасвирлардан келиб чиқиб тан жароҳати етказилмади, шунинг учун “қийноқ қўлланмапти” деб хулоса қилиш профессионал лаёқатсизликдан бошқа нарса эмас деб ҳисоблайман ва бу ҳолатни зудлик билан малакали ҳамда саводи юқори ходимлар томонидан қайта текширилиши лозим деб ҳисоблайман.

5) Тошкент тумани прокурори вазифасини вақтинча бажарган А.Нўъмоновнинг ўғли Э.Эргашевга нисбатан божхона органлари ходимлари томонидан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги хабар бўйича ўтказган терговга қадар текширув ҳужжатлари юзасидан  2023 йил 10 ноябрь кунги жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори асосан Тошкент вилояти божхона органлари тақдим қилган далилларга таянган ҳолда қабул қилиниб ғайриқонуний ҳисобланади.

Буни бевосита Тошкент тумани прокурори вазифасини вақтинча бажарган А.Нўъмоновнингхизмат текшируви тайинлаш ҳақидаги 2023 йил 26 октябрь кунги хат мазмунидан, хатда терговга қадар текширувни тан жароҳати етказилиши ва қийноқ қўлланилиши билан боғлиқ масалаларни ойдинлаштириш қизиқтирадиган саволларни қўймай, шунчаки расмиятчилик учун контрабандага қарши курашиш бўлими ходимларининг хизматини ўташ ва ташкил этишга доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда соҳавий буйруқларга амал қилинган-қилинмагани бўйича текширув ўтказиш ҳақидаги сўровидан кўриш мумкин.

Ваҳоланки, Э.Эргашевга нисбатан божхона органлари ходимлари томонидан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги хабар божхона ходимларининг хизматни ўташ тартибини бузганига доир эмас, балки уларнинг мақоми, уларнинг ваколат доираси, вазифаси, тезкор тадбирларни ўтказиш ва ҳамкор хизматларни жалб қилиш тартиби, махсус воситалардан фойдаланиш ҳамда уларни қўллаш тартиби, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини қайд қилиш тартиби ҳамда уларни тергов органлари, прокурор ва судларга тақдим қилиш тартиби, буни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг талабларига доир бўлган. Буни эса, терговга қадар текширувни ўтказувчи жаноб А.Нўъмонов ҳам кўрмаган ва афтидан тушунмаган ҳамда бу ҳолат, табиийки, ходимларини қўллаб қувватлашга ҳаракат қилиб ўз камчиликларини жамоатчиликка ошкор бўлмаслигига интиладиган Тошкент вилояти божхона бошқармаси маъмуриятига қўл келган.

Важимни исботи агарда, бу ҳолат юқорида баён қилганимдек ҳар томонлама, тўлиқ, синчковлик билан ва қонун доирасида текширилганида Ўзбекистон Республикаси ИИВ, ДХХ, Божхона қўмитаси ва Бош прокуратурасининг 2013 йил 6 декабрь кунги Қўшма қарори билан тасдиқланган “Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини суриштирув органи, терговчи ёки прокурорга тақдим қилиш тартиби ҳақида”ги Йўриқнома талаблари барча жабҳаларда қўпол равишда ҳам божхона органлари, ҳам прокуратура органлари ходимлари томонидан бузилгани, ижро этилмагани ошкор бўларди. 

Ҳ У Р М А Т Л И  Н И Ғ М А Т И Л Л А    Т Ў Л Қ И Н О В И Ч !!!

Мен ушбу масалада Президентимизнинг Администрацияси масъуллари ва Олий суд раҳбариятига ҳам мурожаат қилдим ҳамда улар томондан ҳам ушбу ҳолатларни инобатга олиб, ягона боқувчим бўлган ўғлим Э.Эргашевга адолат излаб ишни қонуний кўриб чиқилишини назоратга олишларини сўрадим. Чунки, қонундан ва қонун устуворлиги таъминланишидан бошқа мени бирор бир умидим йўқ.

Қалби дардга тўлган ва фарзанди учун адолатизлаб сарсон бўлган ёлғиз она сифатида менинг мурожаатимни атрофлича кўриб чиқишингизга умид қилиб, ўғлим Э.Эргашевга нисбатан кучли руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб, унга қийноқ ва ғайриинсоний муомала турларини қўллаган тезкор-тергов органлари ходимларига нисбатан Президентимиз таъбири билан айтганда “қонун устуворлиги ҳамда жазо муқаррарлиги”ни таъминлашингизни, бу ҳолатларни инсофсизларча юзаки текширган ходимларни ҳаракатини текшириб, мен юқорида баён қилган Тошкент тумани прокуратурасининг 15/202-23 сонли терговга қадар текширув материалини қайта назорат тартибида ўрганиб чиқишингизни, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилиб, юқоридаги ҳар бир важимни текширилишини таъминлаган ҳолда, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширув ўтказилишини ҳамда қонуний қарор қабул қилинишини таъминлашингизни, адолатга эришишимда менга амалий ёрдам кўрсатишингизни қайта ва қайта сўраб қоламан.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button