BuxoroSud

ҚАРЗ ОЛДИ-БЕРДИ МУНОСАБАТЛАРИДА БАНК ФОИЗИ ТУШУНЧАСИ ВА УНИ СУДДА УНДИРИШ ТАРТИБИ

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳолимизнинг барча қатламига тегишли имтиёзлар асосида турли кредитлар ажратилаётганлиги, умумий мазмунда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш гарови бўлиб хизмат қилмоқда. Банк ёки бошқа кредит ташкилотларидан олинадиган кредит маблағлари албатта маълум фоиз эвазига ажратилади. Тарафлар ўртасида ўзаро келишув асосида расмийлаштирилган кредит шартномаси асосида кредит таъминоти сифатида, гаров, ипотека гарови, кафиллик каби шартномалар тузилиб, улар ажратилган кредит маблағларининг қайтарилиши учун асосий кафолат бўлиб хизмат қилади. Айтиш мумкинки, бу борадаги қонунчилик талаблари барча учун маълум ва тушунарли асосга айланиб бўлди. Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар бўйича  кредит ажратувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари кафолати етарлича ҳуқуқий асосларга эга.

Жисмоний шахслар ўртасида юзага келадиган пул олди-берди муносабатлари ўзаро тузилган қарз шартномаси ёхуд унинг элементларини ўзида акс эттирган тилхат шаклида расмийлаштирилади.Тарафларнинг келишувидан келиб чиқиб, расмийлаштирилган ҳужжатда асосий қарз суммаси ҳамда тўланиши лозим бўлган фоизлар ҳам назарда тутилиши мумкин. Бироқ, аксар ҳолларда фуқаролар муносабатни фақат асосий қарз бўйича ҳужжатлаштириб қўйишади. 

Миллий қонунчилигимиз берилган қарз суммалари эвазига уларнинг турли сабабларга кўра ўз вақтида қайтарилмаётганлиги учун банк фоизи ундиришни ҳам назарда тутади. Албатта бу кредиторнинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, ундан фойдаланиш ихтиёрий. Шу билан биргаликда, бу имтиёз фақатгина пул шаклидаги олди-бердиларга нисбатан тадбиқ этилади. Натура шаклидаги бошқача олди-бердиларга нисбатан бу қоидани қўллаб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасига асосан, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилади.

Кредиторнинг пул маблағларидан қонунсиз фойдаланиш туфайли унга етказилган зарар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан унга тегиши керак бўлган фоизлар суммасидан ошиб кетса, кредитор қарздордан зарарнинг бу суммадан ортиқча бўлган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақли.

​Бундан кўринадики, пул маблағларини қайтармаслик эвазиган улардан фойдаланганлик учун кредиторнинг фоиз ундиришни талаб қилиш ҳуқуқи ўзаро ёзма келишув, шартнома ёки тилхатда қайд этилган ёки қайд этилмаганлигидан қатъий назар қонун билан кафолатланади. Бундай тоифадаги низолар судларда кўриб чиқилаётганда даъво талаби қаноатлантирилган тақдирда, ундирилиши лозим бўлган фоиз ставкасининг миқдори даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкаси асосида ҳисобланади. Масалан, қаноатлантирилган талаб бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган кундаги банк фоизи асосий ставкаси 14%ни ташкил қилса,(изоҳ: ушбу маълумот Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий вебсайти cbu.uz орқали аниқлаштирилади) асосий қарз суммасининг ушбу фоизга қиймати аниқланади ва 365 га бўлинади (изоҳ, йиллик фоиз ставкаси бўлганлиги учун бир кунлик миқдор аниқланади) ҳамда чиққан натижа ҳар бир кечиктирилган кун учун карраланади.

​Юқоридаги мисолни қуйидаги формула асосида ифодалаш мумкин.

 Қарздорлик = Асосий қарз + (Асосий қарз*14%)*кечиктирилган кунлар сони)365 

​Шунингдек, кредитор қарздордан пул маблағларининг вақтида қайтарилмаганлиги учун тегишли тартибда ўзига етказилган зарарни ҳам ундиришни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд. Бунда, зарарнинг ҳисобланган банк фоизидан ортиқ қисми бўйича низо ҳал этилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жисмоний шахсларнинг ўзаро қарз олди-берди муносабатлари ва уларни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий механизмлар мавжуд бўлсада, улар юзасидан тушунтиришлар нафақат аҳоли ўртасида мавжуд ҳуқуқларидан мукаммал фойдаланишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади балки, қонунни қўлловчилар томонидан ҳам қарз, унинг миқдори юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳисоб-китоблар юзасидан аниқ хулоса қилишда таянч восита бўлиб ҳисобланади.

У.Қаландаров

Фуқаролик ишлари бўйича 

Когон туманлараро суди судьяси

А.Ҳайитова

Судьялар Олий мактаби тингловчиси    

2

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button