Айни вақтда кенг омма орасида қарз олди-берди масаласида кўплаб низолар аксарият аҳолининг ушбу соҳада ҳуқуқий билимларини етишмаслиги сабабли ҳам юзага келмоқда. Миллий қонунчилигимизда қарз шартномаси бўйича қарз берувчи қарз олувчига пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олиши белгиланган бўлиб, бундай турдаги шартнома пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган деб ҳисобланиши қайд қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддасига биноан қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Ушбу Кодексининг 257, 737-моддаларига мувофиқ, кредитор мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олган вақтида, қарздорнинг талаби билан унга мажбуриятнинг тўла ёки қисман бажарилишини қабул қилиб олганлиги ҳақида тилхат бериши шарт. Оғзаки битимлар юридик шахслар билан фуқаролар ўртасида бажарилганида товарлар ёки хизматлар ҳақини тўлаган юридик шахс бошқа тарафдан пул тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни ва тўлов асосини олиши керак. Агар қарздор мажбуриятни тасдиқлаш юзасидан кредиторга қарз ҳужжати берган бўлса, кредитор ижрони қабул қилиб олаётган вақтида ушбу ҳужжатни қайтариб бериши, қайтариб беришнинг имкони бўлмаганида эса – буни ўзи бераётган тилхатда кўрсатиши керак. Тилхат ўрнига қайтариб берилаётган қарз ҳужжатига устхат ёзилиши мумкин. Қарз ҳужжатининг қарздорда бўлиши, бошқа бир ҳол исботланмагунча, мажбуриятнинг бекор бўлганлигини тасдиқлайди.
Қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас.
Шуни айтиб ўтиш керакки, қарз олди-бердиси юзасидан низолар судда кўрилаётганда амалдаги ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт. Фуқаролик ишлари бўйича судларда далиллар тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, фуқароларимизнинг қарз олди-бердиси масаласида ҳуқуқий тушунчага эга бўлишлари, асосан икки ўртада ёзма шартнома (тилхат) тузишлари, бу борада ҳолатни тасдиқловчи далилларни сақлашлари келгусида уларнинг ушбу муносабатлар натижасида сарсон бўлмасликлари, пул ёки бошқа моддий қимматликларини бой бермасликлари шунингдек, маънавий азоб-уқуқбат чекмасликлари гаровидир.
Бухоро вилоят суди
фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси И.Б.Турдиев