29 май – Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган кун ҳисобланади. 2017 йил 29 май куни давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, бир қатор вазифалар юклатилган эди.
Ташкил этилгандан буён доимо жамоатчилик марказида бўлиб, муқаддам коммунал ва ижро соҳадаги муаммоларга ечим топиб келган бу идора, эндиликда фақат суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижросини қатъий таъминлаб келмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6118-сон Фармони қабул қилиниб, Мажбурий ижро бюроси тузилмаси ҳамда ваколатлари мақбуллаштирилди.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора – тадбирлар амалга оширилиб, иш жараёнини соддалаштирилган тартибда юритиш ва амалиётда ахборот-технология ресурсларидан фойдаланиш жорий қилинди.
Ижро жараёнини тўлиқ автоматлаштирилган тартибда назорат қилиб боришни таъминловчи “МИБ портал” дастури жорий қилиниб, 60 дан ортиқ ташкилотларнинг ахборот тизимига интеграция қилинди.
Мазкур Фармонга асосан аҳолининг ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб қувватлаш мақсадида, янги тизим жорий қилиниб,давлат фойдасига ундирувлардан пропорционал тартибда тенг равишда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун маблағларйўналтирилиши белгиланди.
Ўтган давр мобайнида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 56,9млрд. сўм, жорий йилнинг ўтган даврида эса 14,5 млрд. сўм маблағлар йўналтирилган.
Ўтган давр мобайнида хизмат вазифаларини виждонан бажариб, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда ижобий натижаларга эришган Бюронинг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари ходимларининг 48 нафари Бош прокурор, 98 нафари Бюро директори томонидан рағбатлантирилган.
Бир сўз билан айтганда, Мажбурий ижро бюроси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини самарали ижро этиб, амалда одил судловни таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.
Ходимларнинг масъулиятли ва шарафли ишларига омадлар тилаймиз.
Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси