Bo'limsiz

Ҳимоя ордери-тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Жамиятимизда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали
ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратиш, шунингдек, Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаб ҳамда
шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўришга хизмат қилувчи “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун асосида зўравонлик, жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий зўравонликлар, иш жойи, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби тушунчаларнинг мазмуни ва моҳияти кўрсатилиб, ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш ҳамда бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олиниши учун муҳим қадам бўлади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди ҳамда уларни олдини олиш борасида ваколатли органлар ёки ташкилотларга мурожаат қилиш билан биргаликда, бевосита судга ҳам мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги хусусида кўрсатилган.
Юқоридаги қонун, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сонли қарори асосида “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида” ги Низом тасдиқланган бўлиб, мазкур низом талабига кўра, тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати; жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар; тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши; давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади.
Мазкур мурожаатлар ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилиб, дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади. Ўз навбатида профилактика инспектори мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқиб, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади; жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва
шарт-шароитларини ўрганади ва жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш
чора-тадбирларини амалга оширади.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжати ҳисобланади ҳамда турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш хизмат қилади.

Сухроб Ҳамроқулов, жиноят ишлари бўйича Урганч шахар судининг судьяси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button