Buxoro

КОРРУПЦИЯ

“Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўриниши билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди. Такрор ва такрор айтаман, бу иллатни йўқ қилмасак, бирорта тармоқ ривожланмайди. Тадбиркор ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келмоқда”,
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Дарҳақиқат Президентимиз таъкидлагандек жамиятимизда коррупцияни олдини олмасак барча соҳада ривожланиш секинлашади. Коррупция ўзи нима? Коррупция – лотинча сўздан олинган бўлиб, corruptio яъни порахўрлик, заҳарлилик, зарар ва парчаланиш маъноси англатади.


Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиб, қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Коррупцияга қуйидаги жиноятлар киради.
пора олиш,
пора бериш
пора олиб-беришда воситачилик қилиш.
Жиноят кодекси (кейинги ўринларда ЖК) 210-моддасига мувофиқ пора олганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агарда пора олиш такроран хавфли рецидивист томонидан содир этилса ёки тамагирлик йўли билан ҳамда бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан тил бириктириб содир этилса – 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш – жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса – 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш – давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишдир (ЖК 211-модда)
Хусусан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (ЎРҚ-419-сон-03.01.2017) қабул қилинган бўлиб ушбу қонунда коррупцияга қарши курашишнинг принциплари сифатида қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланиб берилди.
Мазкур Қонун коррупцияга қарши курашиш давлат дастури, коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича тезкор-қидирув фаолият, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олинишини, аниқланишини ва уларга чек қўйилишини таъминлаш, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир тадбирларни ишлаб чиқди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони (ПФ-5729-сон 27.05.2019) қабул қилинди. Мазкур фармон билан иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чораларни ишлаб чиқилди.
Бинобарин мазкур Фармонга кўра коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:
суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;
идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашишда жиноий қонунчиликдан ташқари, маҳаллий давлат органлари, ёшлар иттифоқи ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, айниқса ёшлар ўртасида маданий, ижтимоий ва ҳуқуқий онгини ошириш керак.

Шавкат Зиядуллаев

Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button