Диққат, “Buxoro yoshlari” газетасидан янги танлов
“КЎНГИЛГА ТАШРИФ”
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик йилларида мамлакатимизда турли соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида эълон қилинган давлат гранти 4- танловида иштирок этиш учун “Buxoro yoshlari” газетаси “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” номли лойиҳаси билан грант маблағларини қўлга киритган. Ушбу лойиҳа доирасида “КЎНГИЛГА ТАШРИФ” деб номланган танлов эълон қилинади.
“Кўнгилга ташриф” танлови жисмоний нуқсони бор ўқувчи-ёшлар ўртасида уч босқичда ўтказилади:
1-босқич: Болалар ўз дунёқарашлари ва ўзларида мавжуд ёки яширин бўлган имконият даражасидаги салоҳиятларидан келиб чиқиб, Мустақиллик ва юртимиз келажагини қандай тасаввур этишлари юзасидан ранг-тасвир, бўёқ ёрдамида расм чизиб, изоҳли тақдим этадилар;
2- босқич: Шеър монолог ўқиб бериш ёки ҳуқуқий саводхонлигини намоён қиладилар;
3- босқич: Санъат (қўшиқ, рақс, мусиқа асбобларини чалиш)га бўлган иқтидорларини кўрсатадилар.
Бир иштирокчи ҳар уч босқичда ҳам ўзини намоён эта олиши керак.
Танлов натижаларига кўра, 3 та (1-, 2-, 3-) ўрин ва 1 та рағбатлантирувчи ўрин тақдирланади.
Танловни Бухоро шаҳридаги 123-сонли кар ва заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатида ўтказиш мўлжалланган.
“Buxoro yoshlari” газетаси таҳририяти