Мен Ж.Х. билан 2007 йилда турмуш қурганман, 2010 йилда янги уй сотиб олиб, шу уйга кўчиб ўтганмиз, ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли ҳозирда алоҳида яшаб келаяпмиз, эндиликда уч нафар фарзандим билан ота уйимга ҳам сиғмай қолдим. Уга қайтиб борсам турмуш ўртоғим уйга киришимга қаршилик қилиб келаяпти. Менинг ушбу ҳолатда уйга кириб, ундан фойдаланиш ҳуқуқим мавжудми?
Сўнгги вақтларда ўзаро келишмовчилик сабабли никоҳдан ажрашаётган тарафларнинг навбатдаги низолари уй-жой низоларидан иборат бўлиб қолмоқда. Айниқса, ота-онасининг уйига аразлаб кетиб қолган ёш келинчаклар ҳам, “чиққан қиз чиғириқдан нари”-дегандек, қайтиб келсалар сиғмай қолишлари табиий ҳолга айланиб улгурди. Бу ҳолатда бегуноҳ фарзандларнинг икки ўртада сарсон-саргардон бўлишлари, уйсиз-жойсиз, ота ёки она меҳрисиз қолишлари ҳақида гапириш эса энг ачинарлисидир.
Шуни айтиш керакки, миллий қонунчилигимизда юқордаги каби ҳолатларнитартибга солишга қаратилган бир қанча нормалар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Оила қонунчилигига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Бунда эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. Умумий мулкка нисбатан эса эр ва хотин тенг ҳуқуқларда эгалик қилишади, фойдаланишади ва уни тасарруф этишади.
Шунингдек, амалдаги “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг
19-моддасига кўра, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.
Фуқаролик қонунчилиги эса, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари — ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой вояга етмаганлар ёки васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи ҳисобланишини мустаҳкамлайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг инсон қадри учун эканлиги, қонунларимиз бевосита инсон манфаатларига хизмат қилиши шунингдек, ушбу қонун нормаларини судлар томонидан адолатлилик тамойилларидан келиб чиқиб қўлланилиши халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини миллий қонунчилигимиздаги ифодаси десак муболаға бўлмайди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Когон туманлараро суди судьяси У.М.Қаландаров