Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида “Яшил макон” умуммиллий дастури асосидаги хайрли тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди.
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз томонидан 2022 йил 18 март куни ўтказилган “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” шиори остида “очиқ мулоқот” тарзидаги тарихий учрашувда ҳамда бу борада ўтказилган видеоселектор йиғилишида ва Бухоро вилоят ҳокимининг 2022 йил 2 апрелдаги тиббиёт ходимларига қилган мурожаатларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини мунтазам амалга ошириб бориш тўғрисидаги топшириқлари юзасидан поликлиниканинг чора-тадбирлари белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий дастури асосидаги хайрли тадбир Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳам ташкил этилиб, 100 дан ортиқ кўнгилли ходимлар фаол иштирок этишди.
Мазкур тадбир давомида Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ва Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг ишчи – ходимлари томонидан 35 туп манзарали ва 21 туп мевали дарахт ниҳоллари ҳамда 1200 туп гул кўчатлари ўтқазилди.
Муборак рамазон ойида ҳудуддаги дарахтларни оқлаш, ишлов бериш, янги қурилган дарахтларга сув қуйиш ҳамда тозалаш – ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 2 машина чиқинди чиқариб юборилди.
Ушбу тадбирдан сўнг поликлиника ер майдони яшил маконга айланиши биз тиббиёт ходимларига, қолаверса муассасага ташриф бурадиган фуқароларга ҳам хуш кайфият улашишига ва кислородга тўйиб нафас олиши натижасида уларнинг саломатлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши шак-шубҳасиз.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳа доирасидаги тадбир кўтаринки руҳда ўтказилиб, ниҳол ўтқазиш ишлари мусиқа тароналари остида кечди. Шунингдек, шу куни ҳашарчиларга таом пишириб улашилди. Тадбир якунида ёши улуғ тиббиёт ходимлари бу каби хайрли ишлар бардавом бўлишини тилаган ҳолда дуо қилишди.