Бухоро шаҳар 6-сон “Кўкалдош” МФЙ, Ёшлик кўчаси, 18-уйда яшовчи фуқаро Назаров Хамид Шахитович томонидан
МУРОЖААТ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги (3-боб.15-модда), ҳамда “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларида белгиланган хуқуқларимдан фойдаланган ҳолда, қуйидаги барча ҳолатларни қонуний ўрганиб чиқиб, менга ўз ҳуқуқларимни тиклашда ва ҳимоя қилишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
2021 йил 24 августда Менга нисбатан даъвогар сифатида Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мулк ҳуқуқи асосида менга тегишли Бухоро шаҳар Ёшлик кўчаси 18-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк объекти ер майдонининг бир қисми ноқонуний тарзда 0,022 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан ўраб олинган ер майдони деб, уни асл холатига қайтариш, ҳамда 70,0 кв. метрдаги айвон биносини жавобгар (яъни, мен) ҳисобимдан мажбурий бузишни талаб килди.
Ушбу даъво талабини батафсил ўрганиб чиқсак, уни 3 та мустақил қисм (даъво)дан иборат эканлигини, яъни:
1) Менга тегишли Бухоро шаҳар Ёшлик кучаси 18-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк объекти ер майдонининг 0,022 гектар ер майдони “ўзбошимчалик” билан ўраб олинганми ёки йўқми, ушбу тушунчани мазкур холатга қўллаш қонуний, адолатлими ёки йўқми?
2) Ўзбошимчалик билан ўраб олинган ер майдонини асл ҳолатига қайтариш;
3) Ўзбошимчалик билан ўраб олинган ер майдонида қурилган айвон биносини жавобгар ҳисобидан мажбурий бузиш талаб қилинганлигини кўрамиз;
Шунинг учун, энди ушбу талабларни бирин кетин ўрганиб, жавоб топсак, хақикатдан даъвогар хақми ёки йўқми? Ёки жавобгар айбсиз айбдор бўляптими? Хақикат ўзи қандай бўлган, қонун нормалари ўзи ким томонидан бузилганлигини аниқлаб оламиз деб ўйлайман.
1-савол: Жавобгар, яъни менга тегишли Бухоро шаҳар Ёшлик кучаси 18-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк объекти ер майдонининг 0,022 гектар ер майдони “ўзбошимчалик” билан ўраб олинганми ёки йўкми, ушбу тушунчани мазкур холатга кўллаш қонуний, адолатлими ёки йўқми?
Олдин “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси” деган тушунчага ҳуқукий таъриф берсак, Ўзбекистон Републикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 183-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 2 – бандига асосан:
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси — қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган (реализация қилинмаган), шу жумладан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилмаган ҳолда фойдаланилган ер участкаси деб белгиланган.
Энди, мени низоли 0.022 га ер майдонидан қандай асосда фойдаланиб келаётганлигимни ўрганиб чиқсак, ушбу саволга тўлиқ жавоб топамиз деб ўйлайман.
Мен, ўзимга тегишли Бухоро шаҳар Ёшлик кучаси 18-уй манзилда жойлашган кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни, қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги 23.10.2020 йил №202001646001118 BH1154148 гувохномага асосан, менинг туғишган укам Назаров Хожи ва менга отадан қолган мерос сифатида, Бухоро шаҳар 4-сонли «А.Навоий» МФЙ Гулшан кўчаси 45-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк объектини ўз улушларимиз доирасида тенг иккига, Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси»нинг 10-моддаси 4 бандида кўрсатилган талабларга асосланган ҳолда, бўлиш натижасида юзага келган.
Шунда, бўлинган объектнинг бир қисми Назаров Хожига (яъни, менинг укам), жойлашган манзили бўйича Бухоро шаҳар 4-сон «А.Навоий» МФЙ, Гулшан кўчаси 45 уй кўрсатилиб, унинг мустақил аризасига асосан Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан кўчмас мулк объектининг «кадастр йиғма жилди» тайёрланиб, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ва давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида 15.12.2020 йил №1706401/R-A1358756 рақамли «Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан КУЧИРМА» тақдим қилиинган.
Ўз навбатида, объектнинг иккинчи қисми жавобгар, менга мерос сифатида ўтиб, менинг ҳам мустақил аризамга асосан Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан кўчмас мулк объектининг «кадастр йиғма жилди» тайёрланиб, кўчмас мулкнинг жойлашган манзили Бухоро шаҳар 6-сон «Кўкалдош» МФЙ, Ёшлик кўчаси 18-уй этиб белгиланган, ҳамда тегишли тартибда давлат рўйхатига олиниб, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида 12.11.2020 йил №1706401/R-A1340840 рақамли «Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан КУЧИРМА» берилган.
Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси» нинг 10-моддасида ер участкаси тушунчасини таъриф этивчи ва хусусиятларини белгиловчи қуйидаги ҳуқуқий нормалар белгиланган:
1) Ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.
2) Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) белгиланади. Ер участкасининг майдони натурада (жойнинг ўзида) чегара белгиланганидан кейин аниқланади.
3) Ер участкаси бўлинадиган ва бўлинмайдиган бўлиши мумкин.
4) Ўзининг асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ва ёнғинга қарши, санитария, экологияга оид, шаҳарсозлик ҳамда бошқа мажбурий нормалар ва қоидаларни бузмаган ҳолда қисмларга бўлиш мумкин бўлган ва бу иш амалга оширилганидан кейин ҳосил бўлган қисмларнинг ҳар бири мустақил ер участкасини ташкил этиши мумкин бўлган ер участкаси бўлинадиган ер участкаси ҳисобланади.
5) Фойдаланиш мақсадига кўра мустақил ер участкаларига бўлиниши мумкин бўлмаган ер участкаси бўлинмайдиган ер участкаси ҳисобланади.
Мазкур объектнинг кадастр ҳужжатларини шакллантириш жараёнида Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали мутахассислари томонидан объект батафсил ўрганилиб, ер иши бўйича барча ўлчовлар амалган оширилган ва ушбу кўрчатгичлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, далолатномалар тузилган. Шу ўринда, низоли 0,022 га ер майдони менга, «Ер кодекси» 10-моддаси 4-бандида кўрсатилган «ёнғинга қарши, санитария, шаҳарсозлик ҳамда бошқа мажбурий нормалар» ни хисобга олган ҳолда, турар-жой объектига кириш-чиқиш йўли сифатида ажратиб берилган. Шунинг учун ҳам объектнинг жойлашган манзили, бошланғич объект кириш-чиқиш томони ва манзили (Бухоро шаҳар 4-сон «А.Навоий» МФЙ, Гулшан кучаси 45-уй) га қарама-қарши томон ва қўшни 6-сон «Кўкалдош» МФЙ, Ёшлик кучаси 18-уй қилиб белгиланган. Бу ҳолат кўчмас мулк объектининг кадастр йиғма жилдида мавжуд «Ер участкасининг кадастр плани» да ҳам яккол ўз аксини топган. (Кўчмас мулк объектининг кадастр ҳужжатлари илова қилинади.)
Бундан ташқари, кадастр йиғма жилди ҳужжатларида бириктирилган «Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали бошлиғи А.Асадов; агентлик филиали мутахассиси М.Багиров, ҳамда мулк эгаси Назаров Хамид» лар томонидан имзоланган, тегишли далолатноманинг 2-хат бошида низоли 0,022 га ер майдони «Ҳуқуқий ҳужжатдан ортиқча бўлган 0,022 га кўчмас мулк объекти кадастр йиғма жилдида солик ҳисоблаш мақсадида кўрсатилган бўлиб, бу мулкнинг ушбу қисмини сотиш, гаровга қўйиш, ҳадя қилиш, мерос олиш ҳуқуқини бермайди» деб кўрсатилган. Ҳақикатдан ҳам мен ўзимнинг Бухоро шаҳар Ёшлик кўчаси 18-уй манзилидаги кўчмас мулк объекти учун, объект рўйхатдан ўтказилган кундан бери 500,0 кв. метр ер майдони учун «Ер солиғи» ҳисоблаб тўлаб келганман ва ҳозирги кунда қарзим хам мавжуд эмас.
Шу ўринда ўз-ўзидан табиий саволлар пайдо бўлади:
а) Агар, низоли 0,022 га ер майдони қонун бўйича бошқа фуқарога тегишли бўлса, унда қандай қилиб махсус ваколатли орган, Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали мутахассислари томонидан мерос ҳуқуқи асосида менга ва укамга қолдирилган кўчмас мулк объекти ўз улушларимиз доирасида иккига бўлиниб, бировнинг ер участкаси ҳудудидан кириш-чиқиш жойи ажратиб берилган?
Агар, низоли ер майдони Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали (яъни, даъвогар) нинг таъкидлаши бўйича бошқа фуқарога тегишли бўлса, унда менга тегишли кўчмас мулкга кириб чиқиш жойи қаерда?
Агар, кўчмас мулк объектига кириш-чиқиш йўли кўзда тутилмаган бўлса, унда мерос сифатида қолдирилган объектни бўлиш жараёнида “Ер кодекси” 10-моддаси 4-кисмининг талаблари қўпол равишда, ушбу ишни амалга оширган ваколатли орган Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали (яъни, давогар) томонидан бузилган ҳисобланмайдими?.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Шаҳарсозлик Кодекси» нинг 9-моддаси 1-бандида: «Ҳар бир фуқаро қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуққа эга» лиги нормаси қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.
б) Барча инстанция Судлари томонидан даъвогарнинг ва учинчи шахс сифатида арз қилувчи Қобилов Джалолнинг талаблари қондирилди, энди мен ўзимга қонуний тегишли Бухоро шаҳар, Ёшлик кўчаси 18-уй манзилида жойлашган турар жойга қаердан ва қандай қилиб кириб чиқаман? (муболаға қилиб айтадиган бўлсам, камида вертолёт сотиб олишим ёки ер ости йўли қазишимга тўғри келади)
в) Агар, ушбу низоли ер майдони “ўзбошимчалик” билан эгаллаб олинган бўлса, нега унда Бухоро шаҳар ДСИ томонидан кўчмас мулкнинг барча майдонига, яъни 500,0 кв.метр ер майдони учун «Ер солиғи» бир хил ставкада ҳисоблаб келинган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429 – модда, 15 қисмида “Ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг тўрт баравари миқдорида белгиланади.”
в) Низоли ер майдонини, мени ер участкамнинг бир қисми деб арз қилаётган Қобилов Джалол, ушбу ер майдони учун «Ер солиги» ҳисоблаб тўлаганми?
Энг ачинарлиси, ушбу кадастр ишларининг барчаси ҳозирда даъвогар бўлиб турган, Республикада “Давлат ер кадастр ишини юритувчи” махсус ваколатли орган Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан, менинг ёзма аризам асосида, қонунда белгиланган тартибда “пулли хизмат” асосида амалган оширилган.
Энди, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси тушунчаси таърифига қайтиб, ушбу норманинг шартларини, менга тегишли кўчмас мулк объектига нисбатан қўллаш қанчалик тўғри бўлишини таҳлил килсак:
1-шарти “қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган”, аммо низоли ер майдони менга мерос сифатида қолган кўчмас мулкни қонунда белгиланган тартибда тенг иккига бўлиш натижасида пайдо бўлган кўчмас мулк объектига кириш-чиқиш йўли сифатида ажратилган.
2-шарти “берилган ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган”, аммо низоли ер майдони ваколатли орган томонидан натурада белгиланиб, кўчмас мулк объекти “кадастр йигма жилди” да ер участкасининг кадастр плани бўлимида аниқ акс эттирилган.
3-шарти “ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилмаган ҳолда фойдаланилган ер участкаси”, менга тегишли Бухоро шаҳар 6-сон «Кўкалдош» МФЙ, Ёшлик кўчаси 18-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар мавжуд, низоли 0.022 га ер майдони ваколатли органлар томонидан, қонунда белгиланган тартибда, шаҳарсозлик нормаларидан келиб чиқиб кўчмас мулк объектига кириш-чиқиш йўли сифатида ажратилган. Шундай экан умумий фойдаланишдаги ерларга ҳужжат талаб қилинмай, улар Давлат ҳисобида туради. Ушбу низоли ер майдони Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали мутахассислари томонидан менга мерос ҳуқуқи асосида тегишли 2.8 сотих ер майдонига ҳужжат қилиб берилганда солиқ ҳисоблаш учун қўшилган бўлса, айб мендами? Мен бу соханинг мутахассиси бўлмасам, бу ишларни тушунмасам. Билганимда ўша пайт кириш чиқиш йўли сифатида ер участкасининг кадастр планида кўрсатиб ўтишларини талаб қилган бўлардим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, мени айблаб, низоли ер майдонига Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан қўйилган биринчи даъво талаби, яъни “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси” шартларига умуман тўғри келмайди деб ҳисоблайман. Балки, бу билан даъвогар ўзининг қачонлардир йўл қўйган хатосини тузатиш учун ёки қандайдир бошқа шахслар манфаатини кўзлаб, судларни чалғитиш мақсадида мазкур ҳолатга шундай ҳуқуқий баҳо бергандир?.
2-савол: Ўзбошимчалик билан ўраб олинган ер майдонини асл ҳолатига қайтариш.
1-инстанция ФИБ Пешку туманлараро судининг 17.11.2021 йилдаги 319-сонли сўров хати ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Бухоро шаҳар филиали, сўров хатида суд томонидан қўйилган 2-савол: «Низолашилаётган ер майдонининг аниқ ўлчамлари, шунингдек мазкур ер майдони ҳуқуқий ҳужжат бўйича кимга тегишли эканлиги» ҳақидаги саволга, шаҳар кадастр палатаси «Низолашилаётган ҳудуд ҳозирги кунда фуқаро Қобилов Джалол Шарифовичга тегишли ва давлат рўйхатидан ўтказилган» деб, ўзинг 2021 йил 29 ноябрдаги 1460-сонли хати билан жавоб қайтарган. (Ҳужжат илова қилинади, ИЛОВА-1)
Бундан ташқари, ФИБ Пешку туманлараро судининг 2021 йил 17 ноябр кунидаги «Мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиш» тўғрисидаги ажрими билан суд ишига жалб қилинган Қобилов Джалол ҳам ўз аризасида, гўёки ушбу ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган деб эътироф этилаётган 0,022 га ер майдони қонунан унга тегишли эканлигини даъво қилди.
Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси»нинг 31-моддасида «Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади».
Ушбу кодекснинг 33-моддаси 1-3 бандларида «1) Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатдир. 3) Ер участкасига бўлган ҳуқуқ ушбу ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинганидан кейин кучга киради» деб белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқий нормалар Ўзбекистон Республикаси «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Лекин, на даъвогар Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали ва на учинчи шахс сифатида арз қилган фуқаро Қобилов Джалоллар томонидан, низоли 0,022 га ер майдони қонунан Қобилов Джалолга тегишли ер участкаси сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлини тасдиқловчи ҳужжат «гувохнома» ёки давлат ер кадастри реестиридан кўчирма тақдим қилинмади.
Ҳаттоки, ваколатли орган Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Бухоро шаҳар филиали томонидан 1-инстанция судига берган 2021 йил 29 ноябрдаги 1460-сонли жавоб хатида (ИЛОВА-1) ушбу ер участкаси Қобилов Джалол номига «27.10.2014 йил давлат рўйхатидан ўтказилган» деб кўрсатилган бўлсада, лекин қайси рақам билан рўйхатга олинганлиги ёзилмаган. Яна, ушбу жавоб хатида “Дастлаб олди сотди шартномага асосан 3513.0 м2 дан иборат (0.35 га) ер майдони тегишли бўлган кейинчалик Қобилов Джалол бир нечта фукароларга қурилиши тугалланмаган уй жойларни сотган. Хозирги кунда низоли ҳудуд Қобилов Джалол номида қолган ва унинг қолдик ер майдони 1787.0 м2 ни ташкил этади. Қобилов Джалол ушбу 3513.0 м2 дан иборат қисмни Ҳимматова Зулайхо Қудратовнанинг 8208.0 м2 қурилиш бошқармаси УЗЛИТИ томонидан белгилаб тасдиқланган чегаралари мавжуд. Ушбу чегаралар нусхаси ва бошқа тегишли ҳужжатлар илова қилинади” деб жавоб берилган.
Шу ўринда, суд иши хужжатларидаги 158-рақамли ҳужжатга (ИЛОВА-2) эътибор берсак, ҳақиқатдан ҳам 3513.0 м2 ер майдони бир нечта фуқароларга сотиб келинганли ва бу ҳолат кўчмас мулк риэлторлик корхоналари томонидан тасдиқланганлигини гувоҳи бўламиз. Ушбу ҳужжатга асосланадиган бўлсак, энг охирги олди-сотди шартномаси 25-сон билан 01.11.2021 йилда 270.0 м2 ер майдони сотилганлиги қайд қилинган. Шундай экан, яна савол туғилади, Қобилов Джалолга тегишли 3513.0 м2 ер майдони ҳозиргача бир неча фуқарога сотилган бўлса, нега ушбу ҳолатлар тегишли тартибда давлат рўйхатига олинмаган ва ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат берилмаган. Ачинарлиси, ушбу ҳолат судлар томонидан ҳам, махсус ваколатли назорат органи Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан ҳам батафсил ўрганилмасдан, эътибордан четда қолдирилди. Аксинча, Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан ҳозирги кунгача қўллаб-қувватлаб келинмокда.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 11-бандида “Кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, чекланганда ёки бекор бўлганда ёхуд кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона давлат хизматлари портали орқали – кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари шарт”лиги қонун ости ҳужжати билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, Қобилов Джалолда ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи мавжуд эмас деб ўйлайман.
Ўз ўрнида Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси» нинг 32-моддасига мурожаат қиладиган бўлсак, унда ер учаскасининг плани тушунчаси ва унинг ҳуқуқий асослари белгилаб қуйилган бўлиб:
1) Ер участкасининг плани — ер участкасининг топографик плани бўлиб, қабул қилинган белгиларга мувофиқ унда муайян ер участкасининг чегараларида вақт жиҳатидан энг сўнгги ер тузилиши лойиҳасига мувофиқ сўнгги бор суратга олинган пайтдаги бутун вазият ва рельеф кўрсатилади.
2) Ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида ва хариталарда дастлабки тарзда белгилаш ажратиб бериш учун ер участкаси танланган вақтда уни бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилади.
3) Ер участкасининг планини ва тавсифини тузиш, жойнинг ўзида унинг чегараларини белгилаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси бўлинмалари томонидан бажарилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.
4) Ер участкасининг тасдиқланган плани ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ажралмас қисми бўлиб қолади. Ер участкалари планларининг асли кадастр ишига доир ҳужжатлар орасида сақланади, нусхалари эса ер участкаси олувчига берилади.
Низоли ишга қонуний бахо бериш учун, юқорида келтирилган «Ер кодекси» нормаларига таянадиган бўлсам, суд жараёнида мен томонимдан қанча талаб қилинмасин, Республикамизда Давлат ер кадастри иши бўйича махсус ваколатли орган Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали (бир вақтнинг ўзида даъвогар) ва фуқаро Қобилов Джалол томонидан низоли ер участкасининг тасдиқланган «Ер участкасининг плани» судга тақдим этилмади. Фақатгина улар томонидан, 06.01.2009 йилда УЗЛИТИ Бухоро филиали томонидан тасдиқланган, Ҳимматова Зулайхога тегишли (яъни, 2014 йил 17 октябрда 220-сонли савдо баённомасига асосан ўз ерининг бир қисмини Қобилов Джалолга сотган шахс) ер участкаси чегаралари акс этган топографик харита суд ишида асос қилиб кўрсатилган (суд иши хужжатларидаги 54-сонли ҳужжат, ИЛОВА-3; ИЛОВА-3.1; ИЛОВА-3.2). Аммо, ушбу харитага асосланадиган бўлсак, низоли 0,022 га ер майдонининг фақатгина тахминан 30% қисми кирган бўлиши мумкинлигини гувоҳи бўламиз. Лекин, ўз ўрнида бу ҳолат ҳам Қобилов Джалолни низоли ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқини тасдиқламайди. Шуларга кўра низоли 0,022 ер майдони ҳакикатдан ҳам меники деб, арз қилаётган Қобилов Джалол ер участкаси эканлиги ўз тасдиғини топмади, лекин судлар томонидан даъво асоссиз қаноатлантирилди.
3-савол: Ўзбошимчалик билан ўраб олинган ер майдонида қурилган айвон биносини жавобгар ҳисобидан мажбурий бузиш талаб қилинган.
Суд ишида, аҳамият берилмай, эътибордан четда қолдирилган яна бир қонун бузилиши ҳолати, бу даъвогар Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали судга даъво аризаси билан мурожаат қилишдан олдин, менга тегишли бўлган уй-жойни ўлчамларини ўлчамасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарорига 1-ИЛОВА «Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида» НИЗОМнинг тегишли нормаларини қўпол равишда бузган ҳолатда судга мурожаат қилган.
Яъни, юқорида келтирилган Низомнинг 34-35 бандларида: Ўзбошимчалик билан қуриш аниқланган тақдирда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан қуриш ҳолати тўғрисида далолатнома тузилиши, ҳамда далолатнома тузилиши билан бир вақтда туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш органларининг мансабдор шахслари томонидан ўзбошимчалик билан қурилаётган қурилишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилиши белгиланган.
Бунга яққол мисол, суд иши хужжатларида мавжуд 03.08.2021 йилда Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали ходими М.Кодиров томонидан, менинг гўёки ўзбошимчалик билан ер майдонини эгаллаб олганлигим ва мен бу ҳакда огохлантирилганлигимдан далолат берувчи тузилган далолатномада имзо чекувчилар қисмида 4-сон «Алишер Навои» МФЙ раиси Ш.Камалова ва мен (Назаров Хамид) кўрсатилган бўлсамда, ҳақиқатда эса, мен ушбу далолатномадан умуман хабарим бўлмаган ва имзо ҳам қўймаганман. Бундан ташқари, 4-сон «Алишер Навои» МФЙ раиси Ш.Камалова билан учрашиб, унга ушбу далолатнома нусхасини кўртасатиб, у ҳақида сўралганда, маҳалла раиси далолатномага ўзи имзо чекганлигини, лекин у имзо қўйган вақтда далолатноманинг энг охирги хат боши бўлмаганлигини таъкидлаб (яъни, далолатноманинг фақат ушбу қисмида мен томонимдан ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер майдони ҳақида баён қилинган), далолатноманинг нусхасига бу ҳакда ўз қўли билан тушунтириш ёзиб, имзоси ва маҳалла мухри билан тасдиқлаб берди. Қолаверса, низоли ер майдони мазкур 4-сон «Алишер Навои» МФЙни ҳудудига кирмаслиги, балки 6-сон “Кўкалдош” МФЙ ҳудудига кириши далолатномани тузган кадастр бўлими масъул ходими томонидан аҳамият берилмаган. (Ҳужжат илова қилинади, ИЛОВА-4)
Ваҳоланки, менга тегишли Бухоро шаҳар Ёшлик кучаси 18-уй манзилда жойлашган кўчмас мулк объекти, ўзининг ҳудудий мансублиги (дислокацияси) бўйича 4-сон «Алишер Навои» МФЙга эмас, балки менга мерос гувохномаси асосида тақсимлаб берилган вақтда 6-сон «Кўкалдош» МФЙ ҳудуди таркибига киритилган. Бу ҳақда кўчмас мулк объекти кадастр ҳужжатлари йиғма жилди бош варақида қайд қилинган, ҳамда Бухоро шаҳар 6-сон «Кўкалдош» МФЙ томонидан берилган далолатнома-маълумотномада ҳам тасдиқланган. (ИЛОВА-5)
Юқорида баён қилинганлардан кўриниб турибдики, 03.08.2021 йилда Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали ходими М.Қодиров томонидан тузилган далолатнома, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва қонун ости ҳужжатларнинг бир қанча нормаларини қўпол равишда бузган ҳолатда расмийлаштирилган бўлиб, ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас, балки жиноят ҳисобланади. Аммо, бу ҳолат ҳам адолатли судлар нигоҳидан четда қолиб келди.
Менга тегишли бўлган уй-жойни ўлчамларини ўлчамасдан, судга мурожаат қилинганлигига яна бир асос, даъвонинг ушбу қисмида даъвогар томонидан жавобгар ҳисобидан мажбурий тартибда бузиш талаб қилган 70,0 кв. метрдаги айвон биносининг ҳақиқатда умумий ер ости майдони 87,24 кв. метр эканлиги 1-инстанция суди иш жараёнида аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро судининг 2021 йил 29 ноябрда хусусий ажрими чиқарилган. (ИЛОВА-6)
1-инстанция ФИБ Пешку туманлараро судининг 08.11.2021 йилдаги 315-сонли сўров хати ижросини таъминлаш максадида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Бухоро шаҳар филиали суд томонидан қўйилган саволларга қуйидагича жавоб қайтариб, яъни:
1-саволга: Низоли ҳудудда Назаров Хамид томонидан ўзбошимчалик билан иморат қурилганми ёки йўқми, мавжуд бўлса унинг аниқ ўлчамлари?
Жавоб: Низоли ҳудудда Назаров Хамид томонидан ўзбошимчалик билан айвон қурилган, унинг майдони 70,0 кв. метрни ташкил этади, 220,0 кв. метр дан иборат ер майдони ҳам ўзбошимчалик билан эгалланган деб;
2-саволга: Мазкур иморатга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгами ёки йўқми? деган саволга
Жавоб: Мазкур иморатга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган, ушбу айвон биноси ўзбошимчалик билан қурилган деб, 2021 йил 11 ноябр куни 1393 сонли жавоб хати йўллаган. (ИЛОВА-7)
Худди шунга ўхшаш, ФИБ Пешку туманлараро судининг 17.11.2021 йилдаги 319-сонли сўров хатига Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Бухоро шаҳар филиали суд томонидан қўйилган 1-саволга, ўзининг олдинги кўрсатмаларни ўзгартириб: «Низоли ҳудудда Назаров Хамид томонидан ўзбошимчалик билан омборхона ва айвон қурилган, унинг майдони 87,24 кв.метр ни ташкил этади, ушбу бинолар 0002-литер омборхона (55,2 м2) ва 0003-литер айвон (57,86 м2)» деб жавоб қайтарган.
Аслини олганда ҳам, ҳақиқатда юқорида таъкидланган бинолар кадастр ҳужжатларида низоли ҳудудда жойлашган ва ушбу бинолар қурилиш ости ер майдони эса тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу ҳолат Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан берилган 12.11.2020 йил №1706401/R-A1340840 рақамли «Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан КУЧИРМА» нинг 3.2. пунктида «Қурилиш ости майдони: 312,03 кв.метр» ичида ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарорига 1-ИЛОВА «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида» ги НИЗОМнинг
37-бандида: «Ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар, шунингдек, қурилиш даврида фойдаланиш учун қурилган вақтинчалик иморатларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди, қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.» эканлиги белгиланган.
Унда, мен томонимдан қурилган омборхона ва айвон қурилиш ости ер майдонлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, қандай асос билан ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб эътироф этилиши мумкин? Агар, бу ҳолат Кадастр агентлиги Бухоро шаҳар филиали томонидан йўл қўйилган хатолик эвазига вужудга келган бўлса (бу ҳолат суд жараёнида исботланди ва суднинг хусусий ажрими мавжуд), унда жавобгар мен эмас, балки кадастр бўлимининг ўзи бўлиши адолатдан эмасми?.
Мен суд жараёнлари даврида мазкур низоли ҳолатга аниқлик киритиш, ҳақиқатни қарор топтириш ва менга амалий ёрдам беришларини сўраб Бухоро шаҳар ҳокимлиги, Бухоро шаҳар прокуратурасига мурожаат қилдим, лекин улардан ҳам на тайинлик жавоб ва на ёрдам олдим. Бухоро шаҳар прокуратурасидан олинган 2021 йил 7 сентябр №3262м-21 рақамли жавоб хатига асосланадиган бўлсам, унда Бухоро шаҳар Архитектура ва қурилиш бўлимининг жавоб хатига таяниб, ушбу низоли 0.022 га ер майдони Ҳимматова Зулайхога тегишли эканлиги баён қилинган. Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Бухоро шаҳар филиалининг берган маълумотида бу ер Қобилов Джалолга тегишли эканлиги кўрсатилди. Хўш энди мен кимга ишонай, қайси Давлат органидан нажот излай, икки ваколатли, ушбу ер ишларида масъул давлат органларининг бераётган маълумотлари бир-бирига тўғри келмаса. Ачинарлиси, “Адолат қўрғони” бўлмиш судлар бу ҳолатларга умуман эътибор бермаса. (Жавоб хатлари илова қилинади)
Юқоридаги барча ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу низоли ишга мантиқан назар солсак, чуқур таҳлил қилсак, жавобгардан ташқари ишнинг қолган барча иштирокчилари орасида ўзаро манфаатлар тўқнашуви, коррупцион ҳолат ёки таниш-билишчилик, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш аломатлари борлиги сезилади.
Халқимизда тўғри айтишади “Камбағални от устида ҳам ит қопади” деб, ёки “Оғзи эгри бўлса ҳам бойни ўғли гапирсин” деган мақоллар сингари Давлат ҳокимияти ваколатли органлари нима деса, у нотўғри бўлса ҳам тўғри деб қабул қилинаверади. Биз оддий фуқаролар эса қўлимизда асосли ҳужжатимиз бўлса ҳам, айбсиз айбдор бўлиб қолаверамиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев неча йиллардан бери Давлат мансабдор шахсларига асосий мақсадимиз “оддий халқимизни рози қилишимиз керак” деган халқпарварлик сиёсатини таъминлашларини талаб қилаётганларини инобатга олсак, бу кетишда оддий халқ рози бўлишига ишониш жуда қийин деб ўйлайман.
Умумий хулоса қилиб айтадиган бўлсам, мен, Назаров Хамид 1-инстанция Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Пешку туманлараро судининг 2021 йил ноябр ойидаги ҳал қилув қарорини, ҳамда ушбу қарорни тўғри деб топиб, ўз кучида қолдирган Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти суди апелляция инстанциясининг 2022 йил 1 март кунидаги, ҳамда Олий суд кассация инстанциясининг 2022 йилнинг 27 апрелдаги қарорларини адолатсиз, қарор чиқаришда процессуал ҳуқуқ нормаларни бузиб, иш ҳужжатлари тўлиқ ва холисона ўрганилмасдан, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан, исботланмасдан ва уларга объектив баҳо берилмасдан, судларнинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқ келмасада, даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилганлиги билан, менинг Конституциявий ва қонуний ҳуқуқларим бузилган деб ҳисоблайман.
Назаров Хамид Шахитович