2022 йил 25 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Зиёева Фарангис Ҳалим қизига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ҳукм ўқилди. Иш тафсилотлари кўра, Ф.Зиёева 2022 йил 16 январь куни соат 17:30да Пешку туман, Ибн-сино маҳалла фуқаролар йиғини Афшона қишлоғида жойлашган ижарадаги яшаш хонадонида турмуш ўртоғи Жонпўлотов Нозим Намоз ўғли билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида ошхона пичоғи билан Н.Жонпўлотовни қорин қисмига бир маротаба уриб, суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унга оғир тан жароҳати етказиб, қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёни ишлатиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган. Судда сўроқ қилинган жабрланувчи Н.Жонпўлотов судланувчи Зиёева Фарангис Ҳалим қизи унинг турмуш ўртоғи эканлигини, уларнинг ўрталарида бўлиб ўтган оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи Ф.Зиёева Пешку тумани, Ибн-Сино МФЙ, Афшона қишлоғида жойлашган уйга ижарага чиқиб алоҳида яшаб келганлигини, 2022 йил 16 январь куни ўзининг уйида укасининг никоҳ тўйидан кейинги маросими бўлганлигини, ушбу маросимда у ҳам иштирок этиб меҳмонлар ва қариндошлар билан бирга ўтириб озгина спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, тахминан соат 16:00да турмуш ўртоғи Ф.Зиёева унга қўнғироқ қилиб оч қолганлигини, овқат олиб келишни айтганлиги сабабли у бир идишга ош ва ширинлик олиб, турмуш ўртоғи Ф.Зиёевани ижарадаги уйига борганлигини, у ерда Ф.Зиёева билан кўришиб, олиб келган овқатини берганлигини, шунда Ф.Зиёева унга “олиб келган овқатинг салқут, емайман” деб айтганидан сўнг улар ўзаро тортишиб қолишганини, Ф.Зиёева опаси Латофатнинг уйига кетишини айтиб кўча томонга чиқиб кетаётган вақтида, унинг қўлидан тортиб уй ичкарисига киритганлигини ва юзидан икки маротаба урганлигини, шунда кетаман деб яна бақир-чақир қилганлигини, бир оздан кейин турмуш ўртоғи Ф.Зиёева бир қўлида кийим-кечаклари ва иккинчи қўлида пичоқ билан чиққанлигини, турмуш ўртоғи Ф.Зиёеванинг уйдан чиқишига қўймасдан ичкарига киришини айтиб қўлидан тортганлигини, шу вақтда турмуш ўртоғи Ф.Зиёева қўлидаги пичоқни унинг қорнига суққанлигини, шунда у нима сабабдан уни пичоқлаганини сўраб қўли билан Ф.Зиёеванинг бўйнидан буғганлигини, кейин қорнига суқилиб қолган пичоқни тортиб олганлигини, пичоқ суқилган жойдан тўхтамасдан қон кетганлиги сабабли ижарадаги уйда турган велосипедни олиб ўзининг уйига борганлигини, кейин укаси Жонпўлотов Насимга телефон қилиб аҳволи оғирлашаётганини айтиб уни чақирганлигини, укаси келганча таниши Аббоснинг автомашинасида Пешку туман тез ёрдам бўлимига борганлигини, у ерда унга тез тиббий ёрдам беришганини, бундан олдин хам турмуш ўртоғи Ф.Зиёева билан ўрталарида оилавий келишмовчиликлар бўлганлигини, 2022 йил 16 январь куни турмуш ўртоғи Ф.Зиёевани уриб тан жароҳати етказган вақтида уларнинг олдида ҳеч ким бўлмаганини, турмуш ўртоғи унга пиқоч суққанидан кейин уларнинг олдига қўшниси келиб қолиб уларни ажратганлигини, ҳозирда судланувчи Ф.Зиёевага нисбатан даъвоси йўқлигини, Ф.Зиёевага қонуний енгиллик берилишини сўраб кўрсатув берди. Суд, судланувчи Ф.Зиёевага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят жабрланувчининг зўрлик ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли содир этилганлигини инобатга олиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида бир нафар 3 ёшли вояга етмаган фарзанди борлигини, ягона боқувчилигини, жабрланувчи (турмуш ўртоғи) Н.Жонпўлотов билан доимий жанжал ва оилавий келишмовчилик сабабли ҳозирда “Ойдин Нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш марказида яшаб келаётганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Турсунбой Тангриев, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси