Афсуски, сўнги вақтларда арзимаган оилавий келишмовчилик сабабли оилалар парокандаликка юз тутиб, ажримлар сони ортмоқда. Айрим оталар эса, фарзандлари олдидаги оталик бурчларини унутиб қўйишмоқда.
Оталик масъулиятини унутиб, алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келаётган оталарга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг 25 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг очиқ суд мажлисида, мазкур суд судьяси М.М.Бобоев раислигида қарздор отага нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари кўриб чиқилди.
Суд жараёнида, қарздор ва ундирувчининг кўрсатувлари тингланиб, ишда мавжуд бўлган далилларга ҳуқуқий баҳо берилди.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 05.12.2012 йилдаги қарорига асосан қарздор отадан ундирувчи она фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди таъминоти учун қарздордаромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлсада, қарздор 30.11.2012 йилдан 01.11.2022 йилга қадар жами 90.977.754 сўм алимент пулларини тўламасдан келган.
Қарздор судда, ўз айбига иқрор бўлиб, ҳеч қаерда ишламаётганлиги учун алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмаганлигини, ҳозирда оилавий шароити оғирлиги сабабли, алимент пулларини тўлаб бера олмаслигини, агар имкон бўлса алимент пулларини бўлиб-бўлиб тўлаб беришини айтиб, унга қонуний енгиллик беришни сўраган.
Ундирувчи судда, фарзандининг отаси алимент пулларини тўламасдан келганлигини, фарзандини бир ўзи жуда қийналиб, тарбиялаётганлигини, қарздор ҳар доим алимент пулларини тўлаб беришини ваъда қилиб, алдаб келишини айтиб, қарздорга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Суд, жараёнида қарздорнинг айби, унинг ўз айбига иқрорлик ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тушунтириш хатлари, маъмурий баённома ва ишда тўпланган бошқа ёзма далиллар билан ўз исботини топди.
Суд, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси санкцияси доирасида қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлашни лозим топди.
Қарздор ота суд залида дарҳол қамоққа олиниб,жазони ўташ учун махсус муассасага жойлаштирилди.
Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси