Шофиркон туманида туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти билан бир неча бор судланган, С.Д фуқароларнинг ишончига осонлик билан кира оларди. Афсуски, у ўзининг бу маҳоратидан фирибгарлик йўлида фойдаланиб, суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди.
Кунлардан бир куни С.Д Бухоро шаҳрида жойлашган савдо дўконларининг бирига кириб, савдо молларидан бир нечтасини олиб, пулини дарҳол келтириб беришини ваъда қилади. Аммо, сотувчи материалларни ҳам С.Д ни бошқа ҳеч қачон кўрмади.
Яна бир ҳолатда эса, С.Д ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-тарож қилиш мақсадида фуқаро Ф.С ни алдаб унинг ишончига кириб, унинг номига кредитга совутгич олишини ва кредит тўловларини ўзи тўлашини айтиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилади.
Судда, судланувчи С.Д нинг қилмиши айбига иқрорлик кўрсатувидан ташқари, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суд судьяси М.М.Бобоев