Бухорода пулига куйган фуқаролар тақдири эътиборсиз қолмоқда
Бухоро шаҳрининг 6-микрорайонида жойлашган Т.Фароғий кўчасида қурилган кўп қаватли уй атрофидаги вазият нафақат қурилиш соҳасидаги тизимли муаммоларни, балки фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоядан узоқда эканини ҳам очиқ-ойдин намоён қилмоқда.
Қурилишга ишонган фуқаролар алданди
2022 йилда “Авлияқулов Тоҳир Бабажонович” номли шахс Бухоро шаҳридаги мазкур уйдан бир нечта фуқароларга тўловлар асосида хонадонлар ваъда қилган. Аммо ваъда қилинган муддатларда қурилиш якунланмади, хонадонлар топширилмади ва энг аламлиси — фуқаролар маблағларини ҳам қайтариб ололмади.
Натижада унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у ҳибсга олинди. Бир қарашда, суд ўз хулосасини чиқарди ва жавобгар жиноий жавобгарликка тортилди. Аммо бу ҳал бўлдими? Йўқ!
Суд қароридан кейин ҳам фуқаролар тақдири очиқ қолмоқда. Уларга на хонадон қайтарилди, на маблағ. Энди эса суд қарори билан бу уй умуман бузилиши мумкин…
Нега бу бино “ўзбошимчалик билан қурилган”?
2024 йил 12 декабрда Бухоро туманлараро фуқаролик суди бинони “ўзбошимчалик билан қурилган” деб топди. Сабаб — 260 кв.м ер майдони ўрнига 380 кв.м майдонда қурилган. Лекин архив ҳужжатларида 2008 йилдаги шаҳар ҳокими қарори билан бу ер 488 кв.м. қилиб кенгайтирилган ва расмийлаштирилгани ёзилган. Бинога давлат рўйхати ўтказилган.
Шундай экан, нима учун энди, қурилиш тугагандан сўнг, бу бино бузилиши керак?
Назорат органлари қаерда эди?
3 йил давомида қурилиш амалга ошган. Лекин ГАСН, Кадастр, Архитектура каби мутасадди ташкилотлар бу ишга кўз юмди. Қачонки фақат қурилиш якунланиб, хонадонлар сотилганидан кейин ҳаракат бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 343-сонли қарорига мувофиқ, давлат назорати органлари доимий мониторинг олиб бориши шарт. Лекин бу ерда бу вазифа бажарилмаган. Натижада эса, ҳеч қандай айби йўқ фуқаролар пулдан ҳам, хонадондан ҳам айрилмоқда.
Қонун ҳужжатга қарайдими ёки инсон тақдирига?
Фуқароларнинг ҳақли саволи шундай:
“Қонунлар фақат қоғоздаги ҳисоб-китобга таянадими? Инсон тақдири-чи?”
Масъул идоралар фақат қурувчини жавобгар қилгани билан иш тугамайди. Агар назорат тўғри амалга оширилганида, бу муаммолар юзага келмасди.
Шунинг учун фуқаролар қуйидагиларни талаб қилмоқда:
1. Суднинг уйни бузиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш;
2. Қурилишни якунлаб, хонадонларни фуқароларга топшириш;
3. Назорат органлари ўз вазифасини бажармагани учун жавобгарликка тортилиши;
22 та хонадон кўчада қолади
Бу муаммодан 22 та оила жабр кўрмоқда. Уларнинг аксари барча маблағини тикиб, энди қуриладиган умид ила яшаган инсонлар. Улар катта даромад кўзламаган, фақат бош паноҳ ва тинч ҳаёт излаган. Энди эса умид ҳам сўнмоқда.
Ҳақиқий адолат қаерда?
Фуқаролар адолат қидирмоқда. Улар Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва вилоят прокурори Улуғбек Хамдамовдан умид қилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек:
“Халқ дарди билан яшаш керак. Халқнинг дардини эшитиш учун менда вакиллар бор — хокимлар, раҳбарлар.”
Шунинг учун халқнинг талаби шундай:
Давлат органлари халқ учун ишласин!
Нафақат қонунни, балки инсон тақдирини ҳам ҳимоя қилсин!
Муаллиф: Диля Раджабовна
Манба: Фуқаролар мурожаатлари асосида тайёрланди