Bo'limsiz

Айб йўқ, аммо қамоқ бор: Навоийдаги шубҳали тергов ортидан хизмат текшируви талаб қилинмоқда

Таҳририятимизга Навоий вилояти, Зарафшон шаҳридан фуқаро Қодирова Офият томонидан жиддий ва ташвишли мурожаат келиб тушди. Унда у турмуш ўртоғи Турсунов Бахтиёр Халиловичга нисбатан олиб борилаётган тергов жараёнлари қонунийлигига шубҳа билдиради.

Мурожаатда қайд этилишича, Навоий вилояти прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ мурожаат муаллифига кўра, ҳозирги кунга қадар Турсунов Бахтиёр томонидан талон-торож қилинганлигига оид аниқ ва ишончли далиллар тақдим этилмаган. Шунга қарамай, у аввал гумон қилинувчи, кейин эса айбланувчи сифатида жалб қилиниб, ҳатто қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бу эса жамоатчиликда қонунийлик масаласи бўйича жиддий саволларни келтириб чиқармоқда:

айб исботланмасдан туриб қамоққа олиш қай даражада асосли?

2026 йил 27 феврал куни тузилган тафтиш далолатномаси эса ушбу иш атрофидаги шубҳаларни янада кучайтирмоқда. Ҳужжатда текширилиши лозим бўлган энг муҳим масала — товар-моддий бойликлар ҳақиқатда корхона эҳтиёжлари учун сарфланганлиги ҳолати — амалда жавобсиз қолдирилган.

Шу билан бирга:

далолатномада камомад эмас, балки фақат “тафовут” қайд этилган;

маҳсулотлар манзилга етиб борган-бормагани тўлиқ ўрганилмаган;

камомад суммалари турлича талқин қилинган;

зарар миқдори аниқланмасдан туриб қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мурожаатда келтирилишича, Турсунов Бахтиёр масъул бўлган даврда қабул қилинган барча хомашёлар ишлаб чиқаришга йўналтирилиб, тайёр маҳсулот сифатида қайта ишланган ва тегишли ташкилотларга етказиб берилган.

Инвентаризация натижаларида эса айрим ҳолатларда ҳатто ортиқча товар-моддий бойликлар аниқлангани, камомад суммаси эса қоплангани қайд этилган.

Шу нуқтада мурожаат муаллифи яна бир кескин саволни ўртага ташлайди:

агар талон-торож ҳолати аниқланмаган бўлса, жиноят иши қандай асосда қўзғатилган?

Шунингдек, мурожаатда тергов жараёнида киритилган илтимосномалар ва шикоятлар етарли даражада кўриб чиқилмагани, жавоблар эса айнан шу ишни юритаётган органнинг ўзига қайта йўналтирилгани таъкидланган.

Бу эса холис ва мустақил кўриб чиқиш масаласини янада долзарб қилади.Энг муҳими, мурожаатда алоҳида таъкидланишича,

мазкур жиноят ишини юритаётган терговчи У.Абдиевнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши талаб қилинмоқда.

Мурожаат муаллифига кўра, тергов жараёнида: ҳимоя томони илтимосномалари эътиборсиз қолдирилган,

процессуал ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган,

айрим ҳолатларда босим ва бирёқлама ёндашув аломатлари кузатилган.

Бу ҳолатлар эса фақат бир жиноят иши эмас, балки бутун тергов жараёнининг қонунийлиги ва холислигига соя солиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Мурожаат сўнгида Қодирова Офият Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош прокурори ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятига мурожаат қилиб, ушбу ишни шахсан назоратга олишни, шунингдек терговчи ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўрайди.

Бу иш — бир оиланинг дарди эмас, балки адолат тизимига бўлган ишонч масаласидир.

Айб бўлса — у исботланиши шарт.

Айб йўқ бўлса — инсон тақдири билан тажриба ўтказилмаслиги керак.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button