ЎЗБЕКИСТОН ФАХРИ: МАМЛАКАТ СОДИҚОВА «ЕВРАЗИЯ–2026» ХАЛҚАРО МУКОФОТИ ФИНАЛИДА ҒОЛИБ БЎЛДИ

73 мамлакатдан келиб тушган 5512 та ариза орасидан муносиб эътирофга сазовор бўлиш — ўзбек аёлларининг халқаро майдондаги салоҳияти ва ташаббускорлигининг яна бир ёрқин намоёни.
Ўзбекистонлик фаол аёллар учун қувончли ва фахрли воқеа! «Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар» бирлашмаси республика раиси Содиқова Мамлакат Умедовна «Евразия–2026» халқаро мукофоти финалида «Мосты дружбы Евразии: международная платформа сотрудничества женщин-предпринимателей и общественных лидеров» лойиҳаси билан ғолибликни қўлга киритди.
Ушбу ютуқ нафақат Мамлакат Содиқованинг кўп йиллик меҳнати ва изланишлари, балки юртимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ҳам муҳим натижасидир.
73 мамлакат, 5512 та ариза ва халқаро эътироф
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилда «Евразия» халқаро мукофоти учун 73 мамлакатдан 5512 та ариза келиб тушган. Лойиҳаларни баҳолаш жараёнига 15 мамлакатдан 165 нафар эксперт жалб этилган, халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига эса 50 нафар мутахассис киритилган.
29 мамлакат вакиллари финал босқичига етиб келган мазкур нуфузли танловда ғолиб бўлиш Мамлакат Содиқова учун катта шараф ва масъулиятдир.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон номидан халқаро майдонда иштирок этиш, мамлакатимиз байроғини баланд кўтариш ва юртимиздаги ташаббускор аёлларнинг салоҳиятини намоён этиш алоҳида аҳамиятга эга.
«Евроосиё дўстлик кўприклари» — ҳамкорлик ва имкониятлар сари
Мамлакат Содиқова томонидан илгари сурилган «Мосты дружбы Евразии» лойиҳаси тадбиркор аёллар, жамоатчилик етакчилари ва ёшларни бир мақсад атрофида бирлаштиришга қаратилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади — Евроосиё мамлакатлари ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш учун янги имкониятлар яратиш ҳамда аёллар тадбиркорлигига кўмаклашишдан иборат.
Бугунги кунда аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларнинг янги ғояларини рўёбга чиқариш ва етакчилик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳамкорликка йўналтирилган бундай ташаббуслар янги мулоқот майдонларини шакллантиришга хизмат қилади.
«Бу ғалаба — Ўзбекистоннинг ҳам ғалабаси»
Мамлакат Содиқова ушбу натижани шахсий ютуқ сифатидагина эмас, балки Ўзбекистоннинг, юртимиздаги фаол ва ташаббускор аёлларнинг ҳамда умумий мақсад йўлида бирлашган ҳамфикрларнинг муваффақияти сифатида баҳолайди.
«Аёллар бирлашса, янги имкониятлар яратилади, ҳамкорлик мустаҳкамланади ва жамият тараққиётига катта ҳисса қўшилади», деган ғоя лойиҳанинг асосий мазмунини ифода этади.
Халқаро миқёсдаги бундай эътироф аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини кенг тарғиб қилиш ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликдаги иштирокини ривожлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Янги марралар сари
Мамлакат Содиқованинг «Евразия–2026» халқаро мукофоти финалидаги ғалабаси юртимиздаги тадбиркор ва ташаббускор аёллар учун ҳам руҳлантирувчи воқеадир.
Зеро, ҳар бир муваффақият ортида изланиш, қатъият, меҳнат ва эзгу мақсад сари интилиш мужассам. Энг муҳими, бундай ютуқлар келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун рағбат беради.
Ўзбекистон байроғини халқаро майдонларда баланд кўтаришга қаратилган эзгу ташаббуслар давомли бўлсин!
«Тезкор янгиликлар уз» электрон нашри таҳририяти Мамлакат Содиқовани ушбу муваффақияти билан табриклайди ва келгуси фаолиятида янги ютуқлар тилайди.



