АҚШ Президенти Жо Байден келаси ҳафта БМТ Бош ассамблеяси минбарида нутқ сўзлайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Президент 21 сентябрь, сешанба куни Нью-Йоркка сафар қилиб, БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилади“,— дейилади Оқ уй хабарида.
Ўтган ҳафта Politico нашри, АҚШ ҳукумати сентябрь ойида халқаро пандемия ва глобал эмлаш саммитини таклиф қилмоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эди. Вашингтон бу учрашувни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида, сентябрь ойининг охирги ҳафтасида ўтказмоқчи.
Politico таъкидлаганидек, Вашингтон ушбу йиғилишда ривожланаётган мамлакатларга COVID-19 вакциналарини етказиб беришни кенгайтириш, дори воситалари ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, касаллик билан боғлиқ тадқиқот ва ишланмаларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳал этилишини режалаштирмоқда.
Washington Post хабарига кўра, бу саммит 22 сентябрга белгиланган.