Bo'limsiz

Айб исботланмаган, аммо қамоқ давом этмоқда

Таҳририятимизга Навоий вилояти, Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Қодирова Офиятдан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Унда турмуш ўртоғи — Турсунов Бахтиёр Халиловичга нисбатан олиб борилаётган жиноят иши ва тергов ҳаракатлари қонунийлиги юзасидан қатор эътирозлар билдирилган.

Мурожаатда айтилишича, Навоий вилояти прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан Турсунов Бахтиёрга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ ҳимоя томони таъкидлашича, ҳозирги кунга қадар талон-торож ҳолати мавжудлигини тасдиқловчи аниқ ва ишончли далиллар тақдим этилмаган. Шунга қарамай, фуқаро аввал гумон қилинувчи, кейин эса айбланувчи сифатида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бу ҳолат эса жамоатчилик орасида қатор саволларни келтириб чиқармоқда:

— Айб тўлиқ исботланмасдан туриб инсонни узоқ муддат қамоқда сақлаш қай даражада қонуний?

— Тергов жараёнида ҳимоя ҳуқуқлари тўлиқ таъминланганми?

— ЖПК талабларига қай даражада амал қилинган?

Мурожаатда келтирилишича, 2026 йил 27 февралда расмийлаштирилган тафтиш далолатномасида ҳам қатор баҳсли нуқталар мавжуд. Хусусан:

— далолатномада камомад эмас, “тафовут” қайд этилгани;

— товар-моддий бойликлар ҳақиқатда ишлаб чиқаришга сарфланган-сарфланмагани тўлиқ ўрганилмагани;

— зарар миқдори бўйича турлича ҳисоб-китоблар келтирилгани;

— айрим ҳолатларда ортиқча товар-моддий бойликлар ҳам аниқлангани қайд этилмоқда.

Ҳимоя томонининг билдиришича, Турсунов Бахтиёр масъул бўлган даврда қабул қилинган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган ва тайёр маҳсулот сифатида тегишли ташкилотларга етказиб берилган.

Шу билан бирга, мурожаатда Жиноят-процессуал кодексининг 53, 245, 372 ва 375-моддалари талаблари бузилган бўлиши мумкинлиги ҳам таъкидланган. Айниқса, ҳимоячига жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиш имконияти берилмагани ҳақида иддаолар билдирилган.

Мурожаат муаллифига кўра, терговчи У.Абдиев ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши лозим. Унинг таъкидлашича:

— ҳимоя томони илтимосномалари етарлича кўриб чиқилмаган;

— процессуал ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган;

— бирёқлама ёндашув аломатлари кузатилган.

Айниқса, ЖПКнинг 245-моддасида белгиланган қамоқда сақлаш муддатлари масаласи ҳам жиддий муҳокамага сабаб бўлмоқда. Ҳимоя томони фикрича, қонунда белгиланган муддатлар тугаган бўлишига қарамай, фуқаронинг қамоқда сақланиши ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.

Таҳририятимиз мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатлар бўйича Навоий вилояти прокуратураси, Бош прокуратура ҳамда мутасадди идоралардан расмий муносабат кутади.

Зеро, гап фақат бир жиноят иши ҳақида эмас. Гап — адолат, қонунийлик ва инсон тақдири ҳақида кетмоқда.

Айб бўлса — у қонун йўли билан исботланиши шарт.

Аммо айб исботланмасдан туриб инсон ҳуқуқлари чекланиши жамиятда қонунийликка бўлган ишончга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Check Also
Close
Back to top button