Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Козимжон Камиловга.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан судланган Қурбонов Дилмурод Элмуродович томонидан видео мурожаат.
КАССАЦИЯ ШИКОЯТИ.
(ЖИБ Қарши шаҳар судининг 23.11.2021 йилдаги ҳукми ва Қашқадарё вилоят
судининг апелляция инстанцияси ажрими устидан)
ЖИБ Қарши шаҳар судининг 2021 йил 23 ноябрдаги ҳукми билан мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, шу модда билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан махрум қилиниб, иш ҳақининг 20%ни давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил муддати аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Менинг апелляция шикоятим асосида Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясида иш қайта кўриб чиқилиб, апелляция инстанциясининг 2022 йил 23 февралдаги ажрими билан ҳукм ўзгартиришсиз, апелляция шикоятим қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 455-моддасига кўра ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт. Мазкур кодекснинг 484-моддасида эса суд терговининг тўлиқ эмаслиги ёки бир ёқлама олиб борилганлиги, ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ва Жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлиши қайд этилган.
Биринчи инстанция суди дастлабки тергов органи йўл қўйган моддий қонунбузилиш ҳолатларини тўлиқ бартараф этмасдан, иш ҳолатларини тўлиқ текширмасдан, барча далилларга холисона баҳо бермасдан, ҳимоянинг важларини тўлиқ текширмасдан, дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловнинг барча эпизодлари бўйича оқлов ҳукми чиқармасдан, 2та эпизод бўйича, яъни “Муборак деҳқон бозори” МЧЖга ажратилган банк кредити эвазига 2017 йил 28 декабрда келтирилган ва келгусида ахолини қиш-баҳор даврида кафолатли таъминлаш учун сотилиши, шу орқали “Муборак дехкон бозори” МЧЖга даромад келтирилиши лозим бўлган 114 тонна858 кг. картошкани 3 ойдан ортиқ муддатда сифатини йўқотиб истеъмолга яроқсиз ҳолга келаётгани ва нобуд бўлаётганини била туриб, белгиланган тартибда ва зарур шароитда сақланишини ёки маҳсулотни туман ҳокимининг 24.10.2017 йилдаги 1433/10-сонли қарорида тавсия қилинган махсус совутгичли сиғимларга жойлаштирилишини ёхуд аксинча нобуд бўлаётган махсулотни қисқа муддат ичида сотилишини таъминлаш каби ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ва шарт бўлган ҳаракатларни қасддан бажармагани оқибатида 196 млн. сўмлик 56.000 кг. картошка чириб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолишига сабабчи булиб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп микдорда зарар етказганликда, ҳамда гўёки мансаб мавкеини суиистеъмол килиб, “Муборак деҳқон бозори” МЧЖ таъсисчиларининг розилиги олинган бўлмасдан, банк томонидан ажратилган 420 млн. сўм кредит маблағларини қайтариш графигида кўрсатилган муддатларда шу кредит хисобига олинган махсулотлар реализациясидан тўлаш чорасиии кўрмасдан, 80 млн. сўм асосий кредит маблағи ҳамда унга хисобланган фоизлардан 9 млн. 972 минг сум карздорлик вужудга келишига йул куйиб, кредит маблағларини гаров таъминоти (“Шохида Холида Транс сервис” МЧЖга тегишли бўлган офис, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси биноси)га қаратмасдан, кредит бўйича юзага келган 89 млн. 972 минг сум қарздорликни суднинг 28.08.2018 йилдаги ижро варакасига асосан бозорнинг кунлик тушуми хисобидан тўлаб, ишчи-хизматчиларни иш ҳақлари ва таъсисчиларнинг 2017-2020 йиллар учун ҳисобланиши лозим бўлган дивиденд ололмаслигига сабабчи бўлиб, жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказганликда асоссиз ва адолатсиз ҳукм чиқарди.
Шуни таъкидлаш жоизки, дастлабки тергов органинг менга қўйилган барча айб эпизодлари асоссиз бўлиб, фақат тахмин ва фаразларга асосланган бўлиб, ушбу айб эпизодларини исботловчи бирор далил тақдим этилмаган ва суд терговида ҳам ўз исботини топмади. Бироқ, апелляция инстанцияси ҳам, менинг важларимни тўлиқ текширмасдан, ўз ажримида менинг важларим асоссиз эканлигини билдирган бўлса-да, айнан қайси асосларга кўра асоссиз эканлигини асослантириб ўтмаган, хатто мен жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлигини таъкидлаган айб эпизоди айнан қайси вақт содир этилгани кўрсатиб ўтмаган.
Айбловнинг “Муборак дехкон бозори” МЧЖга даромад келтирилиши лозим бўлган 141.858 кг. картошкани 3 ойдан ортиқ муддатда сифатини йўқотиб истеъмолга яроқсиз ҳолга келаётгани ва нобуд бўлаётганини била туриб, белгиланган тартибда ва зарур шароитда сақланишини ёки маҳсулотни туман ҳокимининг 24.10.2017 йилдаги 1433/10-сонли қарорида тавсия қилинган махсус совутгичли сиғимларга жойлаштирилишини ёхуд аксинча нобуд бўлаётган махсулотни қисқа муддат ичида сотилишини таъминлаш каби ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ва шарт бўлган ҳаракатларни қасддан бажармагани оқибатида 196 млн. сўмлик 56.000 кг. картошка чириб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолишига сабабчи бўлиб, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп микдорда зарар етказганлик бўйича айбловга келадиган бўлсак, ушбу айблов бўйича жиноят (ЖКнинг 208-моддаси)ни мен гўёки қасддан содир этганман. Ушбу айблов умуман асоссиз ва мантиқсиз қўйилган бўлиб, менинг ўзимга, аниқроғи турмуш ўртоғимга тегишли бўлган МЧЖ балансида бўлган бинони кредитнинг таъминоти сифатида гаровга қўйганлигим фактининг ўзи менинг қасддан кредит маблағларига сотиб олинган картошканинг чириб, яроқсиз ҳолга келиб қолишига олиб келганимни инкор этади. Мантиқан ўйлаб кўрилса, менга кредит маблағлари ҳисобига олинган картошканинг чириб кетиши ва яроқсиз ҳолга келишидан нима наф? Аксинча, мен ўзимнинг шахсий мулки бўлмиш бинонинг гаровда турганини, картошканинг яроқсиз ҳолга келиб, сотилмаслиги ва кредит маблағлари қайтарилмагач, кредитдан ҳосил бўладиган қарздорлик гаров мулкига қаратилишини олдини олиш учун ҳам мен бор имкониятимни ишга солиб, картошканинг имкон қадар юқори нархда сотилишидан манфаатдор бўлганман. “Муборак дехкон бозори” МЧЖ ҳам тадбиркорлик субъекти эканлигини инобатга олсак, унинг фаолияти таваккалчиликка асосланган бўлиб, картошканинг чириб, яроқсиз ҳолга келишига объектив сабаблар мавжуд.
Мен “Муборак дехкон бозори” МЧЖ кўраётган зарарни минималлаштириш мақсадида ҳали ушбу жиноят иши қўзғатилмасидан, хатто ушбу ҳолатлар бўйича аризалар тушишидан анча аввал турмуш ўртоғимга тегишли бўлган “Шохида Холида Транс сервис” МЧЖнинг ҳисобрақамидан “Муборак дехкон бозори” МЧЖ ҳисобрақамига 131 млн. сўм ўтказиб берилган, яъни сотилган картошкалар қайта ўша нарҳда сотиб олинган.
Суд мени ушбу айб эпизоди бўйича ЖКнинг 64-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан озод қилиши эмас, балки оқлаши лозим эди.
Бундан ташқари, суд мен гўёки мансаб мавкеини суиистеъмол килиб, жамият таъсисчиларининг розилиги олинган бўлса-да, банк томонидан ажратилган 420 млн. сўм кредит маблағларини қайтариш графигида кўрсатилган муддатларда шу кредит хисобига олинган махсулотлар реализациясидан тўлаш чорасиии кўрмасдан, 80 млн. сўм асосий кредит маблағи ҳамда унга хисобланган фоизлардан 9 млн. 972 минг сум карздорлик вужудга келишига йул куйиб, кредит маблагларини гаров таъминотига қаратмасдан, бозор фаолиятидан бўлган тушумни кредит қарздорлигини қоплаш бўйича таъсисчилар умумий йигилишини ўтказмасдан ва рухсат олмасдан, кредит бўйича юзага келган 89 млн. 972 минг сум қарздорликни суднинг 28.08.2018 йилдаги ижро варакасига асосан бозорнинг кунлик тушуми хисобидан тўлаб, ишчи-хизматчиларни иш ҳақлари ва таъсисчиларнинг 2017-2020 йиллар учун ҳисобланиши лозим бўлган дивиденд ололмаслигига сабабчи бўлиб, жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказганликда асоссиз айбдор, деб топди.
Ваҳоланки, тергов органи томонидан далил сифатида мен имзолаган тўлов топшириқномаси тақдим этилмаган, чунки, бундай ҳужжатнинг ўзи йўқ. Зеро, кредитдан бўлган 89 млн. 972 минг сўм қарздорлик мен томонидан ўтказиб берилмаган, балки МИБ томонидан банкдаги ҳисобрақамдан ечиб олинган.
Қолаверса, амалдаги қонун ҳужжатларида МЧЖ директорининг кредит олишда, кредитни қайси маблағлардан сўндириш бўйича таъсисчиларнинг розилигини олиши шартлиги тўғрисида норма мавжуд эмас. Шунингдек, “Муборак дехкон бозори” МЧЖ Уставида бундай ҳаракатлар МЧЖ таъсисчилар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилмаган.
Ушбу важларим апелляция судлов ҳайъати томонидан хам эътборсиз қолдирилди ва асоссизлиги асослантирилмади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 23-моддасига мувофиқ айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи фойдасига ҳал қилиниши лозим, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи фойдасига ҳал қилиниши керак.
Давлат айбловчиси ўз музокара сўзида менинг ҳаракатларимни Жиноят кодексининг 207-моддасига қайта квалификация қилишни ва жарима жазоси тайинлашни сўради. Бироқ, кейинчалик музокара сўзини ёзма тақдим этганида (суд ҳукми ўқилгач) музокара сўзига мени 205-моддаси 1-қисми билан ҳам айбдор, деб топишни қўшиб қўйган. Бу ҳолатни прокурорнинг музокара сўзида 205-моддаси бўйича жазо сўралмагани ҳам тасдиқлайди.
Суд ўз ҳукмида мени картошканинг чириб, яроқсиз ҳолга келиши ҳолати бўйича, яъни Жиноят кодексининг 208-моддаси ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига кириши ва жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлигини қайд этил бўлса-да, мени Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топиб, жазо тайинлаган.
Ваҳоланки, суднинг хулосаси асосли ва қонуний бўлган тақдирда ҳам, суд мени Жиноят кодексининг 205-моддаси билан жазо тайинламаслиги керак эди. Зеро, Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради ва бу модда билан ҳам жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган.
Юқориларгиларни инобатга олган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 498-509-13-моддаларига асосланиб, кассация шикоятини менинг иштирокида кўриб чиқиб, менга қўйилган барча айб эпизодлари асоссизлиги туфайли, биринчи иснтанция суди ҳукмини ва апелляция инстанцияси ажримини бекор қилиб, менга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўрайман.