BuxoroSud

АСОСИЙ МАҚСАД СУДЬЯЛАРНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ-717-сонли Қонун 20.09.2021 йилда Президент томонидан имзоланди. «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг таркиби ва уни шакллантириш тартиби ўзгартирилиб, Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланиши, Кенгашнинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши, Кенгашнинг қолган етти нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши, Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўбаси ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланиши белгиланди.

Бундан ташқари, Кенгаш эндиликда, судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиб, уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради, суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқади ва принципиал баҳолайди, судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.

Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг масъулияти оширилиб, Кенгаш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул бўлишлиги белгиланган ҳолда, суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этиши тасдиқланди.

Бундан ташқари, Қонун билан Кенгаш раиси ўринбосари ваколатларига ҳам ўзгартишлар киритилган бўлиб, унга кўра, Кенгаш раиси ўринбосари судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади.

Шунингдек, Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин. Прокуратура органларига киритилган тақдимнома 1 ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор қилинади.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимча натижасида судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси оширилишига, суд тизимида коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмлари янада ривожлантирилишига эришилади.

Гулрух Рахимова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Убайдулло Аллаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button