Бухорода ички ишлар биносида фуқаро вафот этди
Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани 4 – сонли ички ишлар бўлими биносида фуқаро вафот этгани бўйича одамлар орасида хабар тарқалган. “Дарё” мухбири ҳамда @tezkor-yangiliklar.uz мухбири ушбу хабарнинг нечоғли ҳақиқатга яқинлиги юзасидан вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларидан маълумот сўраган. Бироқ батафсил маълумот олишолмагач, Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновга мурожаат қилишган.
Ҳолат юзасидан Ҳаёт Шамсуддинов томонидан берилган маълумотга кўра, 2022 йил 17 январь кечки вақт Бухоро вилояти прокуратурасига Ғиждувон тумани 4 – сонли ички ишлар бўлими биносида фуқаро И.Т.нинг вафот этганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи ва туман ҳокими ҳамда вилоят прокуратураси тергов – тезкор гуруҳи чиққан.
Аниқланишича, 2022 йил 17 январь куни Ғиждувон туман ички ишлар бошқармасига фуқаро Ф.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, унда ҳудудда гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланиб келаётган “Аслиддин” исмли шахсга чора кўришни сўраган.
Ариза асосида ички ишлар тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ариза муаллифи Ф.Қ.га 3 дона “СПИЧКИ” ёзувли гугурт қутиларига жойлаш- тирилган 12,61 грамм “марихуанна” гиёҳвандлик моддасини 1 млн. 350 минг сўмга сотган А.Р. ушланган.
Ашёвий далиллар билан ушланган А.Р. билан ўтказилган суриштирув жараёнида у “марихуанна” гиёҳвандлик моддасини тумандаги “Ғишти” қишлоғида яшовчи И.Т.дан (1960й.т.) сотиб олганлиги ҳақида иқрорлик кўрсатувларини билдирган.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида фуқаро И.Т. тумандаги 4 – сонли ИИБга таклиф этилган.
Ички ишлар бўлимига етиб келган И.Т.нинг соғлиги ёмонлашган ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан зудлик билан тез тиббий ёрдам чақирилган. Бироқ, етиб келган шифокорлар фуқаро И.Т.нинг вафот этганини қайд этган.
Вилоят прокуратурасининг тергов – тезкор гуруҳи томонидан 4 – сонли ИИБ маъмурий биноси, хизмат хоналари ва бино ён атрофи кўздан кечирилиб, ҳолатга алоқадор излар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланмаган.
Бундан ташқари, бинога ўрнатилган кузатув камералари кўздан кечирилди ҳамда уларнинг хотира мосламалари олиб қўйилган.
Шунингдек, И.Т.нинг ўғли Ш.Т. ҳодиса жойига чақирилиб, унинг иштирокида мурда кўздан кечирилган. Мурдани кўздан кечириш жараёнида унинг мурда танасида тан жароҳатлари ёки унинг излари аниқланмаган.
Тиббий экспертиза бирламчи хулосасига асосан фуқаро И.Т.нинг ўлимига юрак қон томирлар тромбози, ўпка яллиғланиши оқибатида келиб чиққан ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.
Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмасининг маълумотига кўра, И.Т. муқаддам юрак хуружи бўйича даволаниб келганлиги ҳамда жарроҳлик амалиёти орқали битта буйраги олиб ташланганлиги аниқланган.
Ҳозирда, фуқаро А.Р.дан гиёҳвандлик моддаси олинганлиги ҳолати юзасидан Ғиждувон туман ИИБ ТБ томонидан унга нисбатан ЖКнинг 273 – моддаси 5 – қисми жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текширув давомида, Ғиждувон туман ИИБ ходимларининг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида хизмат текшируви тайинланган.
Терговга қадар текширув натижаси юзасидан қўшимча равишда маълумот берилади.